Линклар

logo-print

Кеча Тошкентнинг Энг Асосий Шоҳкўчасига туташувчи йўлда юк судраб кетаётган эшак йиқилиб, комага тушди. Марказий ветеринария касалхонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган эшак устида интенсив муолажа ҳаракатлари ўтказилмоқда. Эшак дўхтирларининг дастлабки тахминича, 25 га кирган эшакнинг комага тушиши юрак ҳуружи оқибати бўлиши мумкин.

Бу хабарни воқеа юз берган сонияда Озодликка етказган манба Швейцария банкидай мутлақо ишончлидир.

Тегишли фотосуратлар билан далилланган бу хабар - Озодликнинг эксклюзив хабари.

Уни бошқа биронта ҳам ахборот воситасидан, ҳатто Ўзбекистон халқ ҳаракати сайтидан изламанг.

Озодлик манбаси ўзи жўнатган суратларга қуйидаги матнни илова қилган:

“18 март куни Тошкентнинг Энг Асосий Шоҳкўчасига туташувчи кўчада (кўчалар номини хавфсизлик мақсадида келтира олмайман) доимий мижозларга юк олиб кетаётган эшак тўсатдан йиқилиб, турмай қўйди. На тепкига, на қамчига реакция қилди - ётаверди.

Воқеа юз бериши биланоқ одамлар орасида миш-миш тарқалди: эшак тўнтариш қурбони бўлган бўлиши мумкин.

Лекин воқеани ўз кўзим билан кўрганим учун бутун масъулиятни икки елкамга олиб айтаманки, ҳеч қандай тўнтариш бўлгани йўқ: автомашина ғилдираклари устига ўрнатилган ва оғир юк ортилган ўта оғир темир кажава тўнтарилмади. Буни юборганим суратлардан ҳам кўришингиз мумкин.

Эшак йиқилган жой стратегик аҳамиятли бўлгани учунми, ҳар қалай воқеа жойига Ички ишлар вазирлиги мулозими етиб келди¸ милиция ходимларига хос фавқулодда раҳм-шафқат намунасини намойиш қилиб, эшакнинг томирини ушлаб кўрди.

Эшакнинг тирик эканлиги билгач, Ички ишлар вазирлиги мулозими “Тез ветеринар ёрдам” чақирди.

Зудлик билан етиб келган эшак дўхтир эшакка шошилинч ветёрдам кўрсатгач, унинг лунжини йириб, тишларини кўрди.

“25 га кирибди, сақлаб қолсак, яна 10 йил яшаши мумкин, чунки ҳар қандай эшак фаол эшаклик даврида 25 йилдан 35 йилгача яшайди”, деди.

Шошилинч ветёрдам кўрсатилгач, эшакдан тўқими ечиб олинди, ўзи аравадан ечиб олинди ва Марказий ветеринария касалхонасига жўнатиш учун вию-вию машинага ортилди.

Эшакни сақлаб қолиш учун шошаётган эшак дўхтирдан эшакка нима бўлганини сўрашга ҳам улгурдим: “юрак хуружи содир бўлган бўлиши мумкин”, деди эшак дўхтир вию-вию машинага ўтирар экан.

Маълум бўлишича, эшакнинг эгаси бир эмас, икки киши экан. Шуниси қизиқки, улар эшакдан кўра, юкларининг ярим йўлда қолиб кетганидан кўпроқ азият чекаётганлари сезилиб турди.

Бу ҳолат Саъдий Шерозийнинг қуйидаги байтини ёдимга солди:

Гарчи эшак мудом бетамиз эрур,

Юк кўтарган чоғда у азиз эрур.

- Агар эшак ўлиб қолса нима қиласизлар, унинг ўрнини босадиган хўтиги борми, деб сўрадим эшак соҳибларидан ва мана бу жавобни олдим:

“Йўқ, 25 йилдан бери юкимизни ташиб келаётгани учун у ўлмайди, деб ўйлаган эканмиз. Битта хўтиги борийди, бебошлиги учун барибир эшак бўлмайди деб, чет давлатга, бир зоопаркка сотворгандик, ҳунар кўрастиб юрибди, энди нима қилишга бошимиз қотиб турибди”.

Эшак эгаларининг эшак ва арава ўрнига замонавий моторли улов олишга қурби етмаслиги уларнинг суратидан ҳам кўриниб тургандир. Менимча, улар бу эшаги ўлиб қолса, ўрнига яна эшак сотиб олади, деб ўйладим.

Илтимос, хатимни эълон қилсанглар, исмимни айтманглар”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG