Линклар

logo-print

Москва Қрим журналистларига тазйиқ ўтказмоқда


Россия таркибига қайтарилган Қрим маркази Симферополда аннексиянинг бир йиллигига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда.

Россия таркибига қайтарилган Қрим маркази Симферополда аннексиянинг бир йиллигига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда.

Бундан бир йил аввал Қримни аннексия қилиб олган Россия назоратидаги ярим оролнинг бугунги ҳукумати мустақил журналистларга босим ўтказишда давом этмоқда.


Ўтган ҳафта Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари (ФХХ) Симферополда Суриштирув журналистикаси маркази учун ишлаётган икки журналистнинг уйини тинтув қилишди.

Суриштирув журналистикаси маркази Россия Қримни аннексия қилганидан кейин Киевга кўчиб ўтишга мажбур бўлган эди.


Нью Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси тинтувларга “репрессив чоралар” деб баҳо бериб, Қрим ҳақида хабар бераётган журналистлар ўтган йил давомида таҳқирлангани, ҳужумларга учрагани ва қўлга олинганини¸ баъзи ҳолларда эса улар
мулкининг мусодара қилинганини билдирди.

Куни-кеча тазйиққа учраган журналистлардан бири Наталья Кокорина 13 март куни ФХХ ота-онаси уйини тинтув қилганини айтади.

Озодлик радиоси билан суҳбатда Кокорина:

- Эрталаб бир киши милициядан эканини айтиб қўнғироқ қилди. У мен рўйхатда турган ва ота-онам яшаб келаётган квартира муҳрланганини айтди. Ота-онамнинг телефонларини ўчирилган эди, деди.

Оз ўтмай Кокоринани қўлга олишди ва олти соатдан кўпроқ сўроқ қўлиб, кейин қўйиб юборишди.

Суриштирув журналистикаси маркази асосчиси Дмитро Гнап Facebook саҳифасида:


“Наташа Қрим жамиятидаги кўплаган муаммолар, жумладан порахўрлик, ўғри амалдорлар ва Россия истилоси ҳақида жуда кўп тадқиқий ишларнинг муаллифидир”, деб ёзди.

Наташа қўлга олинган айни куни ФХХ ходимлари бошқа бир журналист Анна Андриевская ота-онасининг уйини ҳам тинтув қилишди. Андриевскаянинг айтишича, у ота-онаси квартирасида ўн йилдан бери яшамайди ва охирги ўн ой ичида Қримда бўлмаган.

Андриевскаянинг Facebook саҳифасида ёзишича, ФХХ ходимлари отасига қизига қарши жиноий иш қўзғатилгани, бунинг ягона сабаби Андриевскаянинг Қримда Россия ҳукмронлигини тугатишга чақиргани ҳақидаги иддаолар сабаб бўлганини айтишган.

Андриевскаяга кўра, отасининг компьютерини ва флеш карталарини мусодара қилишган.

Андриевская Россия Қримни аннексия қилганидан кейин яна бир оз муддат “Аргументы недели – Крым” газетасида ишлаган. Аммо газета янги ҳукуматни ёки Россияни танқид қилишни ман қилганидан кейин, нашрни тарк этган. Ҳозирда у Озодлик радиоси украин хизмати учун ишлаяпти.


Қримдаги Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари матбуот котиби тинтувлар ҳақида бирор нима дейишдан бош тортди. Ички ишлар вазирлиги маҳаллий матбуот котиби Дмитрий Полонский журналистларнинг қўлга олингани ҳақида ҳеч нима эшитмаганини айтди.


Кокорина адвокати Жамил Темишев Озодлик радиоси билан суҳбатда ўз мижозининг Суриштирув журналистикаси маркази чоп этган ҳисоботлар сабаб сўроққа тутилганини айтди.


- Ҳозир ҳамма тафсилотларни бера олмайман. Ҳали аниқ айблов қўйилгани йўқ. Ҳозирча Наталья учун бирор хавф бор, деб ўйламайман¸ деди Темишев.


Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Матбуот эркинлиги бўйича намояндаси Дунья Миятович 13 март куни “Қримда мустақил журналистларнинг қўрқитилишини” қоралаб баёнот берди.

Миятович Қримда журналистларнинг “репрессия” қилинишини
“фундаментал инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилиши” деб баҳолади.


Қрим татарлари Мажлиси раиси Рефат Чубаров Озодлик радиосига Қримдаги “репрессия”нинг кучаётганини айтди.


“Қрим жамиятининг барча қатламларини – журналистлар, қрим татарлари, тадбиркорларни репрессия қилиш орқали қўрқув муҳити сақланмоқда”, деди Чубаров:

- Kиевда турганларимиз Қримдаги одамларни, уларнинг оила аъзоларини, журналистларни ҳимоя қилиш учун нима қилишимиз кераклиги ҳақида ўйлашимиз керак. Бизда фақат битта йўл бор – бу нарсани мумкин қадар кўпроқ ёритишимиз керак ва халқаро журналистика ҳамда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи ташкилотларга мурожаат қилишимиз керак, деди жумладан Чубаров.


Freedon House халқаро ташкилоти шу ой бошида эълон қилган ҳисоботида Қримдаги бугунги ҳукуматни “ярим оролни маълумот геттосига айлантириш”да айблади.

Ҳисоботда айтилишича, ҳозир матбуотда Қрим ярим оролининг Россия таркибида эканлигига эътироз билдириш жиноят бўлиб, шу ишга қўл урганлар беш йилгача озодликдам маҳрум қилинишлари мумкин.


Қрим ҳудудида деярли барча украин телеканаллари ёпилган. Аммо баъзи кўнгилочар каналларни кабель телевидениеси орқали кўриш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG