Линклар

General Motors Россиядаги фаолиятини тўхтатмоқда


General Motors дунёнинг учинчи йирик автомобил ишлаб чиқариш ширкати ҳисобланади

General Motors дунёнинг учинчи йирик автомобил ишлаб чиқариш ширкати ҳисобланади

Россия президентининг сўзчиси, Дмитрий Песков, Россия ҳукумати General Motors ширкатининг шу йил охирига қадар Санкт-Петербургдаги заводини ёпиш қароридан “хавотирда” эканини айтди.

Аммо General Motors ширкатининг чиқиб кетиши Россия иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатмаслигини таъкидлаган Дмитрий Песков "бир ширкат кетса, унинг ўрни дарҳол бошқаси билан тўлдирилади," деди.

Аввалроқ Ford ва Nissan ширкатлари ҳам Россияда автомобил ишлаб чиқариш кўлами қисқаргани ҳақида эълон қилганди.

“Глобал стратегия”

18 март куни АҚШнинг General Motors Санкт-Петербургдаги заводида автомобил ишлаб чиқаришни тўхтатаётганини эълон қилди.

Дунёнинг учинчи йирик автомобил ишлаб чиқаш ширкати шунингдек Россияда Chevrolet сотувини бутунлай тўхтатишга мажбур бўлаётганини билдирди.

Бундан ташқари ширкат Оpel русумли автомобиллар савдоси ҳам кескин қисқаришини маълум қилди.

Аммо General Motors Россияда Cadillacs, Corvette ва Camaro спорт машиналари сотувини давом эттириш ниятида.

Ширкат раҳбарияти ўз қарорини Россия бўйлаб GM автомобиллари савдосининг сезиларли даражада озайгани билан изоҳламоқда.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, 2014 йилда Россияда General Motors автомобилларини ишлаб чиқариш 10% фоизга қисқарди.

Россияда Opel сотуви феврал ойида ўтган йилнинг айни муддатига қиёсан 86% камайган эса, Chevrolet сотуви 74% қисқарди.

General Motors маълум қилишича, ширкат Санкт-Петербургда жойлашган заводи фаолиятини жорий йил ўрталарига бориб тўхтатади.

Натижада, 2007 йилда ишга тушган заводда камида мингта иш ўрни қисқариши кутилмоқда.

GM президенти Дэн Амман Россияда бозоридаги ўзгаришни ширкат глобал стратегиясининг бир қисми ўлароқ баҳолади.

"Ушбу қарор узоқ муддатда ўта мавҳум бўлган бозорга йирик сармоялар киритишнинг олдини олади," – деб айтди Дэн Амман.

Таҳлилчиларга кўра, Россиядан чиқиб кетиш General Motors ширкатига 600 миллион долларга тушиши мумкин.

Асакадаги завод бўшлиқни тўлдира оладими?

General Motors автомобилларининг улуши Ўзбекистон авто бозорида 90 фоиздан кўпроқни ташкил этади.

Бу дунё бўйлаб General Motors автомобиллари сотиладиган барча бозорлари ичида энг юқори кўрсаткичдир.

Бироқ ўтган икки ой ичида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган General Motors автомобилларининг Россияда сотуви 57% қисқарди.

Бу Россияга Ғарб томонидан киритилган жазо чоралари сабаб Россия бозорларида янги автомобилларга бўлган талабнинг кескин қисқаргани билан изоҳланмоқда.

Аммо General Motors Асакадаги автомобил заводига сармоя киритишни озайтиргани йўқ.

Ўзбекистондаги автомобил бозорини яқиндан кузатувчи таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистонда ширкатга “ягона монополист” мақоми берилган.

Бунинг натижасида General Motors ўз маҳсулотини ўзи истаган нарх ва шароитда сотади.

Иқтисодий таҳлилчилар ишонишича, зарурат туғилса, General Motors Россияга автомобил етказиб беришда айнан Ўзбекистондаги заводига таяниши мумкин.

Бироқ General Motors бўлғуси сотув стратегияси ғарб давлатларининг Россияга нисбатан жазо чораларини қанча давом эттиришига ва рубл инфляцияси даражасига боғлиқ бўлади, дея хулоса билдиради таҳлилчилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG