Линклар

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида ёшларнинг ичкилик ичиб Нексия автомобилларида пойга ўйнаши оқибатида содир бўлган фалокатда икки йигит ўлди. Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида эса ЗИЛ ва Нексия автомобилларининг тўқнашиб кетиши натижасида беш киши ҳаётдан кўз юмди.

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманининг Шаҳанд қишлоғи яқинида 14 март куни юз берган автоҳалокат натижасида икки ёш йигит ҳалок бўлди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган тўрақўрғонлик манбанинг айтишича, аварияга ёшларнинг алкоголли ичимлик ичиб рулга ўтириши сабаб бўлган:

“Ёшлар ўша куни чойхонада ошхўрлик қилишган. Ичкилик ичилган. Кейин кечқурун уйга қайтишда уч-тўртта мошинада пойга-пойга ўйнашган. Иккита Нексия автомобили бир-бирига урилиб кетиб, шудгор томон учиб кетган. Бир ёш йигит ўша пайтнинг ўзида ҳалок бўлган, бошқа мошинадагиси эса эртаси куни касалхонада жон берган. Ароқ ичиб рулга ўтиришнинг оқибати шундай бўлган”, деди тўрақўрғонлик манба.

Тўрақўрғон тумани ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозими шундай воқеа содир бўлганини тасдиқлади:

“Ходимларимиз воқеа жойини бориб кўрди. Мошиналар бирин-кетин шудгорга бориб ағанаган. Бундай авариядан соғ қолишнинг ўзи даргумон. Хавфсизлик камарлари ҳам тақилмаган экан. Ҳозир пойга-пойга ўйини жуда ёмон тус олаяпти. Айниқса келин-куёв тўйларида ёшларнинг пойга-пойга ўйнаши ўзларига ҳам, бошқа транспорт воситаларига ҳам катта хавф туғдирмоқда”, деди мулозим.

Намангандаги бу воқеадан уч кун ўтиб, Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида Нексия автомобилининг Зил машинасига урилиб портлаб кетиши натижасида тўрт киши ҳалок бўлди.

Бу ҳақда Озодликнинг Хўжайлидаги манбаси хабар берди:

“Хўжайлидан Нукусга қараб кетишда Камолой деган чойхона бор. Воқеа ана шу чойхона яқинидаги йўлда 18 март куни кундузи тушга яқин содир бўлди. 717 рақамли Нексия автомобилида таксичилик қиладиган йигит учта йўловчиси билан қаршидан келаётган ЗИЛ автомобилига лобма-лоб бориб урилган. Тўқнашув шунчалик ҳам қаттиқ бўлганки, Нексия ЗИЛнинг тагига кириб кетиб, унинг метан газ баллонларини портлатиб юборган. Кучли ёнғин келиб чиққан. ЗИЛ ҳайдовчиси ҳам, Нексиядаги тўрт одам ҳам воқеа жойида ҳалок бўлган. Нексиядагилар 24-25 ёшли йигитлар экан”, деди манба.

Хўжайли туманида яшайдиган бошқа бир манба ҳам бу автоҳалокат натижасида беш киши ўлганини айтди.

Бироқ, Хўжайли тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда қурбонлар беш нафар эмас, балки икки нафар эканини айтди:

“Иккала машинанинг ҳайдовчилари қурбон бўлди. Иккала машина ҳам газ ёнилғисида ишлаган. Портлаш кучли бўлгани учун ҳеч ким машинадан тушолмаган. Ички ишлар бу иш юзасидан тергов олиб бораяпти. Биринчи хулоса шуки, Нексия қарама-қарши йўлга чиқиб кетган”, деди ички ишлар мулозими.

15 март куни Россиянинг Брянск вилоятида содир бўлган автоҳалокатда 15 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири нобуд бўлган эди.

Йўл-транспорт ҳодисаси ўзбек муҳожирларини олиб кетаётган Mercedes-Benz Sprinter микроавтобуси қарши йўлга чиқиб, Renault русумли юк машинаси билан тўқнашиши натижасида юзага келган эди.

XS
SM
MD
LG