Линклар

logo-print

Россияда ўз ватандошини ўлдирган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири умрбод қамоққа ҳукм қилинди. Қорақалпоғистонда туғилган уч эгизакка Ислом, Абдуғани ва Карим исмлари берилди. Наманганда контрабандага ҳомийлик қилган божхона нозири 8,6 йилга қамалди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Юракка кардиостимулятор қўйиш 6 миллионгача тушади”

Ўзбекистонда юракка кардиостимулятор қўйиш бўйича жарроҳлик амалиёти 1,5 миллион сўмдан 6 миллион сўмгача тушади (“Оила даврасида”, 19 март).

Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази раҳбари Равшанбек Қурбоновнинг айтишича, кардиостимуляторларда мужассамлашган функциялар сонига кўра мосламанинг таннархи ошади.

“Оғир хасталиклар оқибатида юрак фаолияти кескин сусайиши ва асосий кундалик эҳтиёжларни таъминлай олмаслиги сабабли беморларга кардиостимуляторларни ўрнатиш тавсия этилади. Фан-техника ривожи туфайли сўнгги авлодга мансуб стимуляторлар биринчи авлод мосламаларига нисбатан анча мукаммал, қулай, кўп функцияли ва хавфсиз. Лекин энг замонавий кардиостимулятор ҳам организмнинг юрак фаолиятига қаратилган барча табиий эҳтиёжини тўлақонли таъминлай олмаслиги аниқ”, деган профессор Қурбонов.

“Россияда ўз ватандошини ўлдирган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири умрбод қамоққа ҳукм қилинди”

Россиянинг Волгоград вилоятида юртдошини ўлдириб, ўрмонга дафн қилган жиззахлик Сирожиддин Назаровнинг жинояти орадан бир неча йил ўтиб очилди (“Ҳуқуқ”, 19 март).

Қотиллик 2008 йилнинг 15 августида рўй берган. Россияга ишлаш учун борган Сирожиддин Назаров ўрмондаги улфатчилик пайти маҳалладоши Холмирза Эргашев билан жанжаллашиб қолади. Спиртли ичимлик таъсирида ўзини бошқаролмай қолган Назаров Эргашевни кетмон билан уриб ўлдиради, кейин ўша кетмон билан қабр қазиб жасадни кўмиб юборади.

Шу билан ёпиқлик қозон ёпиқлиғича қолади. Мазкур воқеадан бир неча йил ўтиб Назаров Тошкент вилояти Зангиота туманида бошқа бир қотилликда гумонланиб қўлга олинади ва тергов пайти Россиядаги жинояти ҳам фош этилади.

Маълум қилинишича, суд С.Назаровга умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган.

“Наврўз арафаси туғилган уч эгизакка Ислом, Абдуғани ва Карим исмлари берилди”

Наврўз арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани “Қизилқум” овулида Шомурод Ҳожиев ва Рита Сержанбаевалар оиласида бирваракайига уч ўғил фарзанд туғилди.

Бу ҳақда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши матбуоти хизматига таяниб маҳаллий нашрлар хабар берди.

Чақалоқларга Ислом, Абдуғани ва Карим деб исм қўйилган. Элликқалъа тумани ҳокимлиги ушбу оилага бир бош соғин сигир, учта болалар аравачаси ва кийим-кечак совға қилган.

“Наманганда контрабандага ҳомийлик қилган божхона нозири 8,6 йилга қамалди”

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг ҳукми билан Косонсой божхона пости инспектори Фаррух Боймирзаев 8,6 йилга озодликдан маҳрум қилинди (“Диёнат”, 19 март).

Наманганлик бир неча фуқаро Қирғизистондан Ўзбекистонга яширин равишда 282 дона телевизор олиб ўтишга ҳаракат қилган. Фуқаролар ноқонуний товарни божхона нозири Ф.Боймирзаевга пора бериб олиб ўтишни мақсад қилган. Аммо божхона постидаги ҳарбий хизматчи Ф.Убаев божхоначи Боймирзаев қонунбузарларга ёрдам бераётганини сезиб қолган.

Ноқонуний маҳсулот олиб киришда айбланган фуқароларга ҳам озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жиноят воситаси деб топилган 282 дона телевизор, “Мерседес Бенц” юк ва “Кобалт” енгил автомашиналари давлат фойдасига мусодара қилинган.

“Тошкент мактабларида интернет ва компютер ўйинлари назорати кучайтирилмоқда”

Тошкент шаҳридаги ўрта таълим мактабларида ўқувчиларнинг интернет ва компютердан фойдаланиши бўйича назорат кучайтирилмоқда (“Новий век”, 19 март).

Бу ҳақда Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси раҳбари ўринбосари Авазбек Мамажонов маълум қилади. Қайд этилишича, компютер ўйинлари ва интернетдаги айрим сайтлар болалар руҳияти ва тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда, уларда зўравонлик ва тушкунликни кучайтирмоқда.

Яқинда Тошкент шаҳар ҳокими буйруғига кўра, интернет кафеларнинг 21:00 дан кейин ишлаши, ўқувчиларнинг дарс пайтида интернет кафеларга кириши ман қилинганди.

Халқ таълими мутасаддисининг маълум қилишича, ўқувчиларнинг таълим муассасаларида телефондан фойдаланиши юзасидан назорат ҳам сусайтирилгани йўқ.

“Озодбек Назарбеков: Пулим ҳаддан зиёд кўп бўлишини хоҳламайман”

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков пули ҳаддан зиёд кўп бўлишини истамаслигини маълум қилди (“Даракчи”, 19 март).

“Пул қанча кўпайгани сари муаммо ва ташвишлар ҳам шунча катталашади”, деган Ўзбекистондаги энг бозори чаққон хонанда.

Айни пайтда, у созандаларининг қариндошлари, қўни-қўшни, маҳалла-кўйнинг тўйларида текин хизмат қилишини айтган.

Ҳамма нарсадан зерикиш ҳолатлари бўлиб туришини тан олган Назарбеков бундай деган: “Одамзод шунақа-да, йўқчиликдан ҳам, тўқчиликдан ҳам, шон-шуҳратдан ҳам – ҳамма-ҳаммасидан зерикиши мумкин, шундай пайтда мусиқа ҳам эшитмайман. Ҳеч ким билан гаплашмайман”.

“Жиззахда болалар ҳаққини еган боғча мудираси қўлга олинди”

Жиззах вилояти Зарбдор туманида 8-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси катта миқдорда маблағ ўзлаштиришда айбланиб қўлга олинди.

“Ҳуқуқ” газетаси хабарига қараганда, исми ошкор этилмаган мудира қўл остидаги ходимлар билан тил бириктириб боғча болаларининг ҳаққини ўмарган.

Бундан ташқари, ходимларнинг иш ҳақидан ҳам ушлаб қолган. Болалар ҳаққини туя қилган боғча мудираси кўплаб ҳужжатларни сохталаштиргани хабар қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG