Линклар

logo-print

Тожик фоҳишалари ҳижобдан ҳимоя воситаси сифатида фойдаланмоқда


 Ҳижобга яширинган тожик фоҳишаси

Ҳижобга яширинган тожик фоҳишаси

Тожикистонлик Рафоат ҳам бошқа фоҳишалар қаторида ўзини ҳимоя қилиш йўлини изларди. Шунинг учун у калта юбкалар, тор кийимлар, қалин пардоздан воз кечиб, ҳижоб ўрашни бошлади.

Фоҳишалик қилишни беш йил олдин бошлаган 24 ёшли Рафоат ўзини “кўчадаги тинимсиз ҳақоратлардан ва сўкишлардан сақлаш учун” ҳимоя сифатида ҳижоб кийишни бошлаганини айтди.

Рафоатнинг иши жуда хавфли. У кўпинча мижозларини Душанбенинг яхши ёритилмаган кўчаларида кутади.

“Эркаклар мини-юбка кийиб олган фоҳишаларни ҳақорат қилиш учун машиналарини тўхтатишади. Уларни сўкишади ва қўрқитишади”, дейди фақат исмини ошкор қилган Рафоат.

Билинар-билинмас пардоз, узун иштон, паст оёқ кийим ва сочини яшириб турувчи ҳижоб Рафоатни хатардан қанчадир даражада ҳимоя қилади. Бундай иш тутишнинг яна битта фойдали томони бор: Рафоатнинг айтишича, шу йўсинда кийинган фоҳишалар милиция эътиборини тортмайди.

Тожикистонда фоҳишалик оғир жиноят эмас. Мамлакат қонунчилигида фоҳишалик учун 150 долларгача жарима солиш кўзда тутилган, холос. Аммо милиция қўлига тушиб қолиш анча муаммо туғдиради.

Исмини ошкор қилишни истамаган Ички ишлар вазирлигининг юқори лавозимли ходими Озодлик билан суҳбатда, ҳижоб рейдлар давомида сексуал хизмат кўрсатувчиларни аниқлашни ўта мушкуллаштиришини тан олди. Унинг айтишича, ҳижоб кийиб юрувчи фоҳишалар сони кейинги пайтларда ошган бўлса-да, уларнинг умумий сони унча кўп эмас. Улар одатда ҳижоб киймаган фоҳишалар мижоз кутадиган кўчаларга бормайдилар. Аксинча, ўзларини “такси ёки бировни кутаёгандек қилиб кўрсатишади”.

10 март куни тожик умуммиллий телевидениесида берилган махсус дастурда Ички ишлар вазирлиги ходимлари Душанбеда ўтказилган рейдлар давомида ҳижоб ўраган камида ўн фоҳиша қўлга олинганини билдиришди.

Рейдлардан бир оз аввал Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон тожик аёлларига чет мамлакатлар салбий таъсир кўрсатаётганидан хавотирда эканини айтганди. “Ҳижоб кийиб олиб бизга ёт бўлган маданиятга кўр-кўрона тақлид қилиш аёллар учун юқори маданий ва маърифий стандарт бўла олмайди”, деган эди Тожикистон президенти.

Раҳмон ва бошқа тожик расмийлари ҳижобни кўпдан бери танқид қилиб келади. Расмийлар унинг ўрнига аёлларни тожик урф-одатларига амал қилишга чақиришади. Ҳозирги кунда мактаблар, олийгоҳлар ва давлат идораларида ҳижоб кийиш ман қилинган.

Нафақат ҳижоб ўраган фоҳишалар, балки уларга бевосита ёки билвосита алоқаси борлиги айтилаётган шахслар ҳам айбланмоқда. Юқорида айтиб ўтилган махсус теледастурда фоҳишалар ҳижобларни Ҳаж зиёратидан кейин қўшиқчиликни бирданига ташлаган Малика Саидова дўконидан олаётганлари иддао қилинади. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларига собиқ қўшиқчи “Теледастурдан кейин расмийлар дўконимни текширишди, аммо муаммоли ҳеч нарса топишмади. Кейин мижозларимнинг пешонасига фоҳиша эканлигини ёзиб қўйилмаган”, деди.

Тожик расмийлари мамлакатда фоҳишаликнинг ўсиб бораётгани ҳақида хавотирда эканликларини бир неча марта билдиришган. Кўпчилик фоҳишаликнинг асосий сабаби мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол деб ҳисоблайди.

Ички ишлар вазирлиги 2014 йил Душанбеда 400 фоҳиша рўйхатга олингани ва 275 исловотхона аниқланганини билдирди. 2013 йилда эса 189 фоҳишахона аниқланган эди.

Милиция рейдлари кўпинча исловотхоналар ҳамда фоҳишалар мижозларини кутадиган ерларда ўтказилади. Бундай рейдларнинг асосий мақсади одам савдоси қурбони бўлганлар ва фоҳишаликка мажбурланганлар ҳамда вояга етмаган фоҳишаларни аниқлашдир.

Тожикистонда фоҳишалик порахўрлик билан ҳам боғлиқ. Баъзи милиция ходимлари пул эвазига фоҳишаларни ўз ҳимоясига олгани айтилади. Рафоатнинг айтишича, уни камида беш марта милиция ушлаган. Аммо милиция ходимлари орасидаги “дўстлари” унинг қўйиб юборилишига кўмаклашган.

Милиция билан бундай “ҳамкорлик” ҳижоб туфайли ўзгаргани йўқ. Рафоатнинг айтишича, ҳижоб фоҳишаларга эътибордан четроқда юришда ёрдам беради. Баъзан эркаклар тўхтаб, чин кўнгилдан бирор ерга элтиб қўйишни таклиф қилади. Шунинг учун Рафоат бўлажак мижоз ёки шунчаки ёрдам беришни истаётган тақводор мусулмон билан суҳбатлашаётганини тезда аниқлашга уринади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG