Линклар

Греция ҳукумати халқаро молиявий ёрдамни олиш учун мамлакатда ўтказилиши режаланган иқтисодий ислоҳотлар бўйича аниқ режани яқин кунлар ичида Европа Иттифоқига тақдим қилади.

Бу ҳақда Брюсселда Греция Бош вазири Алексис Ципрас билан Европа Иттифоқи ўртасида ўтган уч соатлик музокаралар натижасида маълум қилинди.

Ўтган ойда Евро ҳудуди молия вазирлари Грецияга моддий ёрдам дастурини тўрт ойга узайтириш борасида муросага эришди. Бу кейинги тўрт ой мобайнида Греция бюджети Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилишини англатади. Греция ҳукумати Европа Иттифоқидан молиявий ёрдам дастурини 6 ойга узайтиришни талаб қилаётган эди.

Европа Иттифоқи бунинг эвазига Афина расмийларидан структуравий ислоҳотлар ўтказиш ваъдасини олди. Грек ҳукумати Европадаги ҳамкорларига ислоҳотлар бўйича режаларини тақдим этиши керак.

Грецияда қарз бўҳрони 2010 йил баҳорида бошланган эди. Ўшанда Греция ҳукумати Европа Иттифоқидаги ҳамкорларидан дефолтнинг олдини олиш учун молиявий кўмак беришни илтимос қилган эди.

2012 йилнинг декабрида евро ҳудуди молия вазирлари Грецияга 34 миллиард евро қарз бериш ҳақида қарор чиқарган.

XS
SM
MD
LG