Линклар

Халқ киритилмаган Наврўз байрамида Сардоба ҳокими ўйнаб берди


Сардобаликлар Наврўз концертини ана шундай панжара ортидан томоша қилишди

Сардобаликлар Наврўз концертини ана шундай панжара ортидан томоша қилишди

18 март куни Сирдарё вилояти Сардоба тумани ҳокимлиги Наврўз байрамини нишонлаб, катта тантана бўлиб ўтган марказий стадионга кирувчиларни чеклаб қўйди. Узоқ қишлоқлардан келган сардобаликлар концертни ва шўх мусиқага мазза қилиб рақсга тушган туман ҳокимини панжарали дарвозалар ортидан мўралаб томоша қилишга мажбур бўлдилар.

Сардобадаги байрам тадбири туман марказидаги футбол стадионида ўтказилди. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган сардобалик манбанинг айтишича, милиция ходимлари халқни стадионга киритмаган:

“Туман ҳокими байрамни ўзи учун уюштирди, десак ҳам бўлади. Қанча одам киролмай қайтиб кетди. Стадион тўлган бўлса ҳам майли дердик, лекин жуда кўп жой бўш қолди. Туман ҳокими Бахтиёр Маманов ўзини президентга қиёслаб одамлар турган дарвоза тепасидаги айвонда роса ўйнади. Менимча бу байрам халқники эди, халқ кириши керак эди. Лекин мелисалар қўймади. Мелисалар одамларни ҳақорат қилиб ҳайдади. Қишлоқдан келган одамлар умидсиз бўлиб уйларига қайтиб кетдилар”, деди сардобалик манба.

Милиция ходимлари дарвозаларни ёпиб қўйишди.

Милиция ходимлари дарвозаларни ёпиб қўйишди.

Сардоба туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчининг айтишича, туман ҳокимининг бу ҳаракати кўпчиликни ғазабини келтирган:

“Одамларга энг алам қилган жойи шундаки, ҳоким бово гўё калака қилгандай ташқарида турган одамларга қараб ўйнади. Тошкентдан келган санъаткор Гули Асалхўжаеванинг шўх қўшиқларига роса битини тўкди. Мен бизда ичимлик суви йўқлигини, 20 йилдан буён ариқ сувини ичаётганимизни, газнинг йўқлигини, электрнинг ўчиб-ёнишларини айтмаяпман. Мен, ҳеч бўлмаса халқнинг байрамига халқни киритишларини сўраяпман, холос. Майли ҳоким ҳам ўйнасин, президент ҳам ўйнасин, лекин ўзини халқдан ажратмай, халқ билан ўйнасин”, деди ўқитувчи.

Озодлик бу воқеага муносабат олиш мақсадида Сардоба тумани ҳокимлиги билан боғланди. Ўзини бош мутахассис Жалил Аширов деб таништирган мулозим одамларнинг стадионга киритилиши чекланганини инкор қилди:

- Полний киритди ҳаммани. Ҳеч кимни чеклаб қўйишгани йўқ. Билмадим бу хабарлар қаердан борди сизларга,- деди ҳокимлик мулозими.

Ўзбекистонда Наврўз байрамини 21 мартгача вилоят ва туманларда ўтказиш ҳақида юқоридан кўрсатма берилгани айтилади.

Ҳар йилги анъанага кўра, Тошкентда Наврўз байрами 21 март куни Алишер Навоий номидаги очиқ саройда президент Ислом Каримов иштирокида нишонланади.

Бу тантанага ҳам фақат таклиф қилинган шахслар, кучли текширувдан ўтказилгандан сўнг киритилади. Ислом Каримов иштирок этган ҳар қандай учрашув ёки тантанага киришдан олдин мобил телефонлар олиб қўйилади.

Президент омма кўз олдида ҳар йили бир марта Наврўз байрамида рақсга тушади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG