Линклар

logo-print

Россия Федерал миграция хизмати 20 март куни расмий сайти орқали 2014 йилда берилган ишга рухсатномалар – патентлар муддати узайтиришга рухсат берилганини хабар қилди. Эндиликда Москва шаҳри ва Москва вилоятида ишга рухсатнома олган муҳожирлар патентлари берилган вақтидан бир йил давомида амал қилади. Эски патентни қайта ишга тушириш учун 2015 йилда тўланмаган ҳар бир ойи учун хорижлик 4 минг рублдан пул киритиши белгиланди. Тўловлар учун ФМС сайтида махсус онлайн хизмат ишга туширилди.

Россия Федерал миграция хизмати эски йилда берилган патентлар муддати 2015 йилда ҳам амал қилишга рухсат берилганини маълум қилди.

Янгилик тўғрисида Озодликка Москва шаҳри бўйича Федерал миграция бошқармаси расмийси Татьяна Стретович сўзлаб берди:

- Россия Федерациясида 2014 йилда берилган патентлар жорий йилда солиқ тўланган муддатга қадар амал қилади. Патент мухлатини узайтириш учун ФМСнинг маҳаллий идорасига мурожаат қилиш шарт эмас. Бундан чиқди, 2014 йилнинг декабрида олинган патентлар 2015 йилнинг декабригача, яъни 12 ой амал қилади. Фақат, мигрант жорий йил ўтган ойларига тўламаган бўлса, 4 минг рублдан тўловни амалга ошириши зарур. Масалан, хориж фуқароси 2014 йилнинг 15 декабрида олган патент муддатини 1 ойга, яъни 2015 йилнинг 15 январигача тўлаб узайтирган бўлса, уни яна ишга тушириш учун ўтган феврал, март ва апрель ойларига Москва шаҳри ва вилояти учун 12 минг рубл миқдорида аванс тўловини амалга ошириши талаб қилинади. Шу тариқа у ўз патентини яна 8 ойга узайтириши мумкин,- деди Москва шаҳар ФМС бошқармаси ахборот бўлими бошлиғи Татьяна Стретович.

20 март куни идора расмий сайтида чиқарилган хабарга кўра, янги қоида 2015 йилнинг 16 мартида Россия ФМС раҳбари Константин Ромодановскийнинг №КР-1/4-56 рақамли буйруғи асосида жорий қилинди.

Суҳбатдош меҳнат муҳожирларининг Россия Федерациясидаги вақтинчалик яшаш муҳлати ҳам патент муддати билан бирга автоматик тарзда узайтирилишини маълум қилди.

Россия Федерал миграция хизматининг бош бошқармасида Озодлик сўровига патент солиғи Россия Федерал солиқ хизмати расмий сайтида тўланиши мумкинлигини билдиришди:

https://service.nalog.ru/prepay.do

Ўзини Ольга деб таништирган идора ходими янги патентларга ҳужжат топширган шахслар янгисини ишлатиши мумкинлигини ҳам айтиб, бу ўзгартиш ўз патентларини вақтида олишга улгурмаётган муҳожирларга қулайлик яратиш учун қилинганини маълум қилди.

- Эски патенти борлар янгисини ҳам олаверади – унда эскиси амал қилишни тўхтатади. 4 минг рублли тўлов ўтган ойларга ҳам бажарилиши лозим. Персонал солиқ тўловини Россия Солиқ хизмати (ФНС) расмий сайтида амалга ошириш мумкин. Бизнинг сайтимиз орқали ҳам бу хизматга ўтиш мумкин,- деди ФМС ходимаси.

Шунингдек, муҳожирлар тўловларни одатий бўлган эскича усуллар ёрдамида – банк ва терминаллар орқали ҳам амалга ошириш мумкинлиги айтилди.

Бундан олдинроқ Россия президенти Владимир Путин “Хориж фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги 56-ФЗ Қонунига навбатдаги ўзгартишларни киритиш тўғрисидаги Россия парламенти қарорини тасдиқлади.

Россияда меҳнат қилаётган кўплаб муҳожирлар ва миграция соҳасидаги мутахассислар қаршилигига қарамасдан Россия ҳукумати 2014 йилда берилган патентлар 2015 йилнинг 1 мартидан ўз кучини йўқотиши тўғрисида қарор қабул қилган эди.

ФМС расмий маълумотларига кўра, 2014 йилда биргина Москвада муҳожирларга 800 мингдан зиёд патент берилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG