Линклар

OCCRP: Гулнора Каримова халқаро телеком компаниялардан бир миллиард доллардан зиёд пулни соғиб олган


Гулнора Каримова ўз шартларига кўнмаган компания раҳбарларига Ўзбекистон давлат идоралари ёрдамида уларни ёптиртириб ташлаш билан таҳдид қилган.

Гулнора Каримова ўз шартларига кўнмаган компания раҳбарларига Ўзбекистон давлат идоралари ёрдамида уларни ёптиртириб ташлаш билан таҳдид қилган.

"Тошкентда уй қамоғида қолаётган президент қизи Гулнора Каримова Ўзбекистонда фаолият юритган ва юритаётган халқаро уяли алоқа компаниялари ва телекомуникация ширкатларидан камида бир миллиард АҚШ долларидан зиёд пулни соғиб олган"

Бу пулнинг катта миқдори етакчи Ғарб компанияларидан Каримованинг қўғирчоқлари бўлган одамлар воситасида шубҳали тўловлар тариқасида олингани иддао қилинмоқда.

Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ этиш маркази (OCCRP) бу борадаги журналистик суриштирув натижасини 21 март куни Норвегиянинг Тонсберг шаҳрига йиғилган мамлакатнинг юзлаб етакчи журналистларига тақдим этди.

Суриштирув доирасида қўлга киритилган ҳужжатлар Гулнора Каримова ўз ҳамтовоқларини ишга солиб Россиянинг МТС, UCell номи остида фаолият юритаётган Швециянинг TeliaSonera, Beeline номи остида фаолият юритаётган Vimpelcom ҳамда Mirkony Investment group ltd ва Eastwell group каби камида 6 компаниядан қай тарзда бир миллиард доллардан ошиқ пулни қўлга киритганига тасдиқ бўлиши мумкин.

3 йиллик меҳнат маҳсули - 10 саҳифалик ҳисобот OCCRP нинг етакчи тадқиқотчиси Миранда Патруцич(Miranda Patrucic) ҳамда Европадаги ўндан зиёд журналист томонидан тайёрланган.

Ушбу суриштирув жараёнида Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ этиш маркази Каримовага қарши иддаоларини тасдиқловчи минглаб саҳифалардан иборат ҳужжатларни синчковлик билан ўрганган.

Эгилмаганлар синдирилган

Далил сифатида таянилган ҳужжатлар компаниялар молиявий ҳисоботлари, турли офшор реестрлари ва банк ҳисоблари маълумотлари, сиздирилган молиявий ҳужжатлар ва ёзишмалар, гувоҳлар тақдим этган кўрсатмалардан таркиб топган.

“Скандинавия ва Россия уяли алоқа компаниялари Ўзбекистонда фаолият юритиш учун Гулнора Каримовага пора беришга мажбур бўлгани ҳақида анчадан буён даво қилинади. Биз қўлга киритган ҳужжатлар Гулнора ўйланимиздан кўра очкўзроқ бўлганини ва у қурган коррупцион схемалар анча чуқуррор илдиз отганини кўрсатади” - дейди Миранда Патруцич.

Ҳисоботга кўра, Гулнора Каримовага қарашли экани иддао қилинаётган банк ҳисобларига юзлаб миллион долларлик шубҳали тўловлар хориж мобил уяли алоқа компаниялардан Ўзбекистондаги 3G лицензияларини қўлга кититиш, уларнинг тўсиқсиз фаолиятига ҳомийлик қилиш, Ўзбекистонда оптик толали кабелларни ётқизиш ҳамда WiMAX ва WiFi тармоқларини барпо этиш учун амалга оширилган.

“Гулнора Каримова ўз шартларига кўнмаган компания раҳбарларига Ўзбекистон давлат идоралари ёрдамида уларни ёптиртириб ташлаш билан таҳдид қилган. У муросасиз қатъийлик билан компаниялардан текинга улуш талаб қилиб олган. Сердаромад телеком ширкатлардаги унинг одатий улуши 26 фоизни ташкил этарди”, дейилади ҳисоботда. Шу ўринда биргина мисол тариқасида COSCOM мобил ширкатининг Ўзбекистон бозорини Каримова босими остида тарк этгани тилга олинади.

Музқоянинг учи

Миранда Патруцич ўз ҳисоботида илк бор Каримованинг 2001 йилдан бошлаб биргина телеком бизнесидан олган барча даромадларини сарҳисоб қилишга уринган. Келаси ойлар давомида ушбу марказ Гулнора Каримова назоратида бўлган Ўзбекистондаги бошқа сердаромад компаниялардан олган улушини ҳам жамоатчиликка ошкор қилади.

Айни пайтда Швейцарияда Гулнора Каримова назоратида бўлгани иддао қилинаётган Takiland ltd компаниясининг 800 миллион АҚШ доллари музлатиб қўйилганча қолмоқда. 30 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ эса Швецияда ҳибс этилган.

Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ этиш маркази ўз ҳисоботи орқали Гулнора Каримованинг юзлаб миллион доллар пуллари ўнлаб банк ҳисоблари ва сармоявий жамғармаларда (hedge fund) ҳали тегилмай қолаётганига терговчилар эътиборини жалб қилмоқчи.

2012 йилдан бери Европанинг ўндан ошиқ давлатида катта миқдордаги коррупция ва пул ювиш тахмини билан очилган жиноий ишларнинг асосий фигурантларидан бирига айланган Ислом Каримовнинг тўнғичи Гулнора Каримованинг бизнес фаолияти Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан ҳам тафтиш этилмоқда.

Ўзбек прокуратураси 2014 йил кузида эълон қилган сўнгги баëнотга кўра¸ Каримова уй қамоғига олинган¸ унинг асосий бизнес шериклари эса¸ узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Аммо 29 март кунги президентлик сайловида чорак асрга чўзилган ҳукмронлигини яна 5 йилга чўздирадиган Ислом Каримовнинг ўз қизи олиб борган "бизнес" дан азалдан беҳабар бўлганига шубҳа билан қаралади. Ўзинг олтин даврида Гулнора ўзининг агрессив PR мошинаси воситасида ҳокимиятга интилгани ҳам отасининг назаридан четда қолмаган кўринади. Уй қамоғига олиниб овози ўчирилгунга қадар Гулнора Каримова ўзини режим мухолифи сифатида тақдим этишган уриниб кўрди.

(Ҳисоботнинг тўлиқ ўзбекча матни 23 март куни эксклюзив тарзда Озодлик радиоси сайтида эълон қилинади)

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG