Линклар

Грузия пойтахтида кўп минг кишилик норозилик тадбири бўлиб ўтди


Тбилисидаги норозилик намойишидан лавҳа, 2015 йилнинг 21 марти.

Тбилисидаги норозилик намойишидан лавҳа, 2015 йилнинг 21 марти.

21 март куни Тбилисида ўн минглаб норози ҳукумат истеъфосини талаб қилиб, намойишга чиқди. Норозилик тадбири Михаил Саакашвили бошчилигидаги Ягона миллий ҳаракат чақириғи асосида уюштирилган.

Грузиянинг собиқ президенти Саакашвили видеоалоқа орқали марш иштирокчиларига мурожаат қиларкан, “Бизни мамлакатимизни барбод қилаётган ҳукуматдан Грузияни озод қилиш истаги бирлаштирди”, деди.

Ягона миллий ҳаракат вакили бўлмиш депутат Георгий Габашвили бу каби юришлар яқин кунларда мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтишини эълон қилди.

Норозилар иқтидордаги “Грузия орзуси” партиясини асосан иқтисодиётни самарали бошқара олмаётганликда айбладилар. Грузия миллий валютаси бўлган ларининг сўнгги бир йил ичида 30 фоизга қадрсизлангани, инфляция ва ишсизлик даражасининг ошгани кўплаб фуқароларнинг турмуш даражасида салбий ифодасини топган.

Ягона миллий ҳаракат амалдаги расмийларни Михаил Саакашвили тарафдори бўлган сиёсий мухолифларга қарши курашда судлардан фойдалаётганликда ҳам айблаб чиқди. Сўнгги икки йил ичида гўё содир этилган суиистеъмол айблови билан Грузия собиқ расмийларидан ўнлаб одам ҳибсга олинган. Собиқ президент Саакашвилининг ўзи ҳам ҳозир ихтиёрий қувғинда юрибди ва айни дамда Украина президенти Петро Порошенконинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаяпти.

XS
SM
MD
LG