Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:48

Озодбекнинг дисклари ишчиларга мажбуран сотилди


Озодбек Назарбековнинг текин концерти дискларда завод ишчиларига пулланяпти
Озодбек Назарбековнинг текин концерти дискларда завод ишчиларига пулланяпти

Жиззах Аккумулятор заводининг ишчиларига декабрь ойида бепул концерт берган Озодбек Назарбековнинг ўша концерт ёзилган диски завод ишчиларига мажбуран сотилди. Завод ишчиларига кўра, бу дискларнинг ҳар бири ўн минг сўмдан ўтказилган. Завод маъмурияти дисклар сотилаётганини инкор қилмоқда.

Ўзбекистонда таниқли санъаткор Озодбек Назарбеков ўтган йилнинг 23 декабрида Жиззах аккумулятор заводининг ишчиларига бепул концерт қўйиб берган эди.

Лекин орадан икки ой ўтмай, текин концерт томоша қилган ишчиларга ўша концерт ёзилган видео дисклар мажбурий сотила бошлади.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган завод ишчиларидан бирининг айтишича, текин концерт кўрдим, деб хурсанд бўлган ишчиларнинг Озодбекдан ҳафсаласи пир бўлган:

“Ўтган йилнинг 23-декабрь куни Жиззах Аккумулятор заводида янги йил концерт дастури бўлиб ўтди. Ҳамма завод ҳодимлари хурсанд бўлди, сабаби кимсан Озодбек Назарбеков текинга концерт берди, деб. Лекин ушбу хурсандчилик кўпга чўзилмади. Концертнинг чилласи чиқиши, яъни 40 кун ўтиши билан одамлар концерт нега текинга берилганини англаб етди”, деб ёзди завод ишчиси.

Унинг айтишича, ўша кунги концерт ёзилган видео дисклар завод ишчиларига мажбурий сотилган:

“Концертдан сўнг “Дельфин Студио” студиясида концерт монтаж қилиниб дискларга кўчирилган. Энди ишчиларга бу дисклар мажбурий ўтказилди. Ҳар бир дискнинг баҳоси ўн минг сўм экан. Пул бериш мажбурий, олиш эса ихтиёрий. Шундай заҳарли завод ишчиларига Озодбой хайр қилиб текин концерт берди, деб ўйлаган эдик. Йўқ, текин эмас экан, концерт қарзга берилган экан. Мана энди ундириб олишяпти”, дейилади завод ишчиси Озодликка юборган мактубда.

Исми сир қолишини сўраган заводнинг бошқа бир ишчиси, Озодлик билан телефон суҳбатида дисклар мажбуран сотилганини тасдиқлади:

“Профсоюз ташкил қилди бу нарсани. “Концертини кўрдик дискини нима қиламиз” десак ҳам, “ўн минг сўмга ўлиб қолмайсан, оласан” деб мажбурлашди. Нима ҳам дердик, олдик”, деди завод ишчиси.

Ўзини Жиззах аккумулятор заводининг касаба уюшмаси раиси Шуҳрат Холбўтаевич деб таништирган мулозим Озодлик билан суҳбатда концерт дисклари мажбуран сотилаётганини инкор қилди:

- Тўғри Озодбек Назарбеков келиб янги йилга текин концерт қўйиб берди. Бу бизнинг корпоратив тадбиримиз эди. Лекин ўша концерт диски ишчиларга мажбуран сотиляпти, деган гап нотўғри. Бунақаси бўлмаган, дейди завод касаба уюшмаси раиси Шуҳрат Холбўтаевич.

Озодлик бу воқеага муносабат олиш мақсадида, Озодбек Назарбековнинг маъмури билан боғланди. Аммо маъмур Озодлик билан гаплашишни истамади.

Бундан аввал ҳам Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг ижодий фаолияти билан боғлиқ бир қанча жанжал юзага келган.

Ўтган йилнинг 14 июль куни Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг Термиздаги “Алпомиш” ўйингоҳида белгиланган ва аввалдан роса реклама қилинган концерти бўлмаган ва бу мухлислар ғалаëнига сабаб бўлган эди.

2013 йилнинг бошида Озодбек Назарбековнинг “тингловчилар жонли ижро билан фонограмманинг фарқига боришмайди” деб баёнот бергани мухлисларнинг кўнглига оғир ботиб, хонанданинг бу гаплари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган эди.

XS
SM
MD
LG