Линклар

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Имомалининг Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари этиб тайинланиши, кузатувчилар фикрича, унинг президентлик томон қўйилаётган навбатдаги қадамидир.

Президентлик курсиси сари йўл

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Республика Божхона қўмитаси раиси бўлиб ишлаётган 27 ёшли ўғли Рустам Имомалини янги вазифага - Молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш давлат агентлигига раҳбар этиб тайинлади.

Бир қанча хорижий оммавий ахборот воситалари Рустам Имомалининг бу вазифага тайинланишини президентлик курсиси сари қўйилган янги қадам сифатида шарҳламоқда.

Тожикистондаги коррупция Имомали Раҳмон ҳукуматининг заиф нуқталаридан бири эканлигига урғу берган eurasianet.org Интернет нашрининг ёзишича, коррупция Тожикистон иқтисодини ич-ичидан кемирмоқда. Мақола муалллифи Девид Триллинг фикрича, Рустам Имомалининг бу вазифага келиши билан коррупцияга қарши курашдаги вазият ўзгариши мумкин:

“Кўпчилик президент уни ўз ўрнига тайёрлаяпти деган ишончда. Бирор-бир мухолифатга тоқати йўқ режимда Рустам Имомали автобиографиясининг асосий мазмуни унинг президент авлоди эканлигидадир”, деб ёзади Девид Триллинг.

Аммо Россиядаги “Независимая газета” нашри бу воқеага муносабатини ошкора тарзда “Тожикистон президенти ўғлини валиаҳдликка тайёрламоқда”, деб билдирди.

27 ёшли генерал-майор

27 ёшли Рустам Имомалининг исми илк бор 2007 йили Душанбеда “Истиқлол” футбол жамоаси ташкил этилганида тилга тушган эди. Хабарларга қараганда, бу жамоани президентнинг ўғли таъсис этган ва ўзи ҳужумчи бўлиб ўйнаган.

Рустам Имомали 21 ёшлигида Тожикистон ёшлар ташкилотининг раиси, 23 ёшида эса Тожикистон Футбол федерациясининг раиси бўлган.

У 2012 йилда Тожикистон божхона хизматининг контрабандага қарши кураш бўлими раҳбари ва бир йилдан сўнг, яъни 26 ёшида шу хизмат раисининг ўринбосари лавозимига генерал-майор унвонини олиб тайинланган эди.

2013 йилда, Имомали Раҳмон навбатдаги сайловда ғолиб чиққанидан сўнг унинг тўнғич ўғли 26 ёшли Рустам Тожикистон Божхона хизматининг раиси этиб тайинланган эди.

Орадан икки йил ҳам ўтмай президент ота тўнғич ўғлини Молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш давлат Агентлигига раҳбар этиб тайинлади.

Рустам айни пайтда президентнинг 7 қизи ва 2 ўғли орасида энг баланд мақомга эришган фарзанд ҳисобланади.

Россиядаги “Независимая газета”нинг ёзишича, ҳозирча Рустамнинг президент бўлишига унинг ёши монелик қилиши мумкин. Чунки Тожикистон Конституциясида "Президент бўладиган шахснинг ёши 35дан кам бўлмаслиги керак", деб ёзилган.

Аммо президентлик курсисида қолиш учун 1992 йилдан буён Асосий Қонунга бир неча бор ўзгартиш киритган Имомали Раҳмон учун бу муаммони “ҳал қилиш”, газетага кўра, қийин иш эмас.

“Эхо Москви” радиоси сайти Рустам Имомалининг янги мансабига шарҳ берар экан, “маҳаллий сиёсатчиларнинг ишончига кўра, Тожикистон раҳбари 27 яшар ўғлини валиаҳдликка тайёрлаяпти”, деб ёзади.

Матбуотда, шунингдек, Рустамнинг янги вазифасига тайинланиши оқибатида ижобий ўзгаришлар бўлишига умид билдирилган фикрлар ҳам янграмоқда. Рустам президентнинг ўғли бўлганлиги учун ҳам ҳар қандай порахўр мансабдорнинг танобини тортиб қўйишга қудрати етиши айтилади.

Таҳлилчилар фикрича, шу пайтгача коррупцияга қарши кураш агентлиги “кичик балиқчалар” ови билан машғул бўлиб, катта “наҳанг”ларнинг кирдикорларини фош қилишга журъати етмас эди. Чунки бу мансабдорларнинг аксарияти президент оиласи билан яқин алоқалари бор шахслар эканлиги айтилади.

Рустам Имомали эса, энди андиша қилмай давлат хазинасига кўз олайтирган ҳар бир порахўр амалдорни аямай қамоққа тиқиши ва бу билан жамиятда ўз имижини ошириш имконига эга бўлиши мумкин.

Президентнинг тўнғич қизи Озода Раҳмон эса Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари вазифасида ишлайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG