Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:05

Жиззахда банк муомаладан чиқарган 500 сўмлик харидор қўлига тушди


Жиззах вилояти Зарбдор тумани мол бозорида қўйини сотган чўпон қўлига муомаладан чиқариш учун тамға босилган 2 дона 500 сўмлик пул тушди. Бир боғлам пул ичидан чиққан банкнотларга "Қишлоқ қурилиш банки"нинг Янгиер тумани филиали муҳри урилган. Банк мулозимлари бу ҳолатга масъул ходимлар жазоланишини ваъда қилди.

Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги мол бозорида қўйини сотган чўпон муомаладан чиқарилгани ҳақида тамға урилган икки дона 500 сўмлик пул 50 минг сўмлик боғлам ичидан чиққани айтмоқда:

"Мен қўйни сотдим, 50 минг сўмлик пачкани, очиғи, санаб ўтирмадим, майда пул, дедим-да. Кейин уйга келиб, очсам, ичида печатланган 2 та 500 сўмлик чиқди. Эскириб кетган экан ўзиям. Энди ҳайронман, нима қилиш мумкин бу пулларни?!" деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда исмини ошкор қилмаётганимиз жиззахлик чўпон.

У, гарчи бугунги Ўзбекистон шароитида қадри чақа пулга тенглашиб қолган бўлса-да, жами миқдори 1000 сўм бўлган эски пулни янгисига алмаштириш имкони билан ҳам қизиқди:

"Печать босилган пулни банкка олиб борсам, қаердан олдинг, деб бошни қотиришмасмикин?" дея савол ташлади Озодлик билан суҳбатда жиззахлик тингловчи.

Озодликка йўлланган суратда муомаладан чиқарилган пулнинг эскиргани ва унга "Қишлоқ қурилиш банки"нинг Сирдарё вилояти Янгиер тумани филиали бўлмида тамға босилгани акс этган.

Айни банкнинг Янгиер тумани филиали билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Аммо, банкнинг юқори бўғиндаги бўлимларидан бири билан Озодлик мухбири боғланишга муваффақ бўлди.

Исми ошкор этилмаётганимиз банк мулозими Озодликка йўлланган суратдаги мухр ва ундаги банк реквизитларига оид маълумотларни тасдиқлади.

Унга кўра, муомалага ярамай қолган пулларга, одатда, банк кассирлари тамға уради:

"Эскирган, йиртилган ва шунга ўхшаган пулларга кассада печать урилганидан кейин бу пул тўғри Марказий Банкка топширилади ва у ердан бизга муомалага яроқлик пул қайтарилади. Энди Янгиерда печать урилган пул қандай қилиб, муомалага чиқарилганини суриштириб, аниқлаймиз", деди Озодлик мухбири микрофонсиз суҳбатда исмини ошкор қилмаётганимиз мулозим.

Мулозимнинг айтишича, муомалага яроқсизлиги ҳақида тамға босилган пул бирликлари махсус тартиб асосида Республика Марказий банкига йўлланади. Ана шу қатъий тартиб орқали бу ҳолатга масъул одамларни аниқлаш кўп вақт олмайди.

"Масъул одамни топиб, тезкор чора кўрамиз. Печатланган пул қўлига тушган фуқаро у пулни бизга тақдим қилиши керак. "Қишлоқ қурилиш банки" тажрибасида бунақаси биринчи марта бўлиши. Аввал ҳеч кўрмаганман", деди исмини ошкор қилмаётганимиз мулозим.

Бундан бироз муқаддам ҳам Озодликка айрим вилоятларда муомаладан чиқарилган 500 ва 1000 сўмлик банкнотлар одамлар қўлига тушгани ҳақида норасмий маълумотлар келган эди.

Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, муомаладан чиқарилгани ҳақида муҳр урилган пул бирликларининг савдога чиқариш жиноят сифатида малакаланади. Айни пайтда, бундай банкнотлар қўлига тушиб қолган фуқаролардан уни зудликда ўзлари яшаб турган манзилдаги банкларга топшириш сўралади.

Бундан ташқари, мавжуд қонунчиликка биноан, фуқаролар эскирган, йиртилган ва бошқа кўриниш зиён етгани боис, муомалага ярамай қолган пул бирликларини ҳам банкларда алмаштириб олиш сўралади.

XS
SM
MD
LG