Линклар

Тошкент мажбурий меҳнат вазиятини ўрганган таҳлилчини мамлакатдан ҳайдаб юборди


Э

Э

Ўзбекистон расмийлари Жаҳон Банки эълон қилган тендерда қатнашаëтган тадқиқотчини ҳибсга олиб, мамлакатдан куч билан чиқариб юборди.

Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат муаммосини тадқиқ қилаётган Доктор Андре Мрост 19 март куни маҳаллий ҳуқуқ фаоллари билан суҳбатлашаётган пайтда қўлга олиниб, аввал милиция бўлимига олиб борилди, у ердан эса, аэропортга келтирилди ва мамлакатга қайта кириши ман этилишига доир муҳр паспортига босилиб, депортация қилинди.

Жаҳон Банки томонидан эълон қилинган тендерда иштирок этаётган меҳнат ҳуқуқлари бўйича халқаро экспертнинг ҳибсга олиниб, Ўзбекистондан чиқариб юборилиши ҳақида орадан беш кун ўтиб маълум бўлди. Бу ҳақда 24 март куни Cotton Campaign ҳаракати тарқатган баёнотда айтилишича, 19 март куни Ўзбекистон ҳукумати Россия фуқароси бўлган Доктор Андре Мростни ҳибсга олган ва мамлакатдан куч билан чиқариб юборган.

Андре Мростнинг ўзи Озодликка берган интервьюсида бўлган воқеани гапириб берди.

- Бу Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган Эзгулик номли жамоатчилик ташкилоти билан учрашувларнинг иккинчи куни эди. Учрашувларни ўтказишда қийинчиликлар пайдо бўлди, чунки ташкилотнинг вилоятлардаги вакилларининг Тошкентга келиши қийин бўлди, боиси Ўзбекистонда президент сайлови арафасида йўлларда текшир-текшир кўпайган. Хуллас, Эзгулик идорасида уч соат кутганимиздан кейин вилоятлардан фаоллар келишди ва эндигина улар билан Халқаро меҳнат ташкилоти, Ўзбекистон қабул қилган конвенциялар ҳақида биласизларми, деб сўраб турганимда томоша бошланди. Хонага қора кийимдаги учта ёш йигит кириб келди. Биттаси ўзини адлия вазирлиги ходими, деб таништирди, иккинчиси эсимда йўқ, яна бири меҳнат вазирлиги ходими эканини айтди. Улар билан яна уч полициячи ҳам бор эди, дейди меҳнат ҳуқуқлари бўйича мутахассис.

Унинг айтишича шундан кейин уни Шайхонтоҳур милиция бўлимига олиб кетишган. Бунда “Эзгулик” вакиллари Доктор Мротс билан бирга боришни талаб этган.

- Мени хонада сўроққа тутишаётган пайтда, корридорда шовқин сурон бўлиб кетди. Маълум бўлишича, “Эзгулик” ташкилоти раҳбари Васила Иноятова мени олиб кетган одамларни суратга олган экан, улар унинг қўлидан куч билан фотоаппаратни тортиб олибди. Демак, уларнинг ҳаракати ноқонуний бўлган, бўлмаса, яширишнинг нима кераги бор? Милиция бўлимида мендан ўзбек тилида ёзилган бир ҳужжатни имзолашимни талаб қилишди, шундан кейин икки киши кузатувида аэропортга олиб кетишди, улардан камида биттаси миллий хавфсизлик хизмати ходими бўлганига шубҳам йўқ. Паспортимга депортация қилинганим тўғрисидаги муҳрни босиб, мамлакатда чиқариб юборишди, дейди халқаро эксперт.

Озодликнинг бу ҳодиса юзасидан адлия вазирлиги ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигида изоҳ олиш уринишлари натижасиз бўлди.

Жаҳон Банки Ўзбекистон ҳукуматига мамлакат қишлоқ хўжалигини такомиллаштириш учун тақдим этиши кутилаётган кредит шартларидан бири ўлароқ, мамлакатда меҳнат конвенциясига қанчалик амал қилинаётгани мониторингини ўтказишни талаб қилган. Меҳнат ҳуқуқлари бўйича халқаро консультант Доктор Мрост мониторинг лойиҳасини амалга ошириш бўйича Жаҳон Банки томонидан эълон қилинган тендерда иштирок этаётган Британиянинг Just Solutions Network фирмаси вакилидир.

Озодлик Жаҳон Банкининг Тошкентдаги ваколатхонасига ҳам бу ҳодиса хусусида изоҳ сўраб мурожаат қилди. Телефонга жавоб берган ваколатхона вакили бу борада ҳозирча изоҳ берилмаслигини билдирди.

Доктор Мростнинг айтишича, ўтган ҳафта рўй берган воқеадан Жаҳон Банки хабардор қилинган ва бу Ўзбекистонга бериладиган кредит шартларининг кескинлашувига олиб келиши мумкин.

- Менимча, улар катта аҳмоқлик қилишди. Чунки уларнинг бу провокацияси Ўзбекистонда ишлаш тажрибасига эга, маҳаллий хусусиятлар, ўзбек жамиятида ўзини тутишни биладиган консультантлар гуруҳ келишига нуқта қўйишди. Ҳозир бу ҳодисадан Жаҳон Банки ва унинг асосий ҳиссадори АҚШ вакиллари хабардор қилинди. Натижада энди Ўзбекистонга кучлироқ мониторинг гуруҳи келади. Бундан ташқари яна бир эҳтимол бор, ўйлаб кўринг, ага улар халқаро меҳнат конвенцияси ҳақидаги суҳбатларни жиноят деб биладиган бўлса, халқаро ташкилотлар мониторинг гуруҳи хавфсизлиги ҳақида ўйлаб қолишлари табиий. Шунинг учун бу ҳолатда мониторингни техник воситалар, жумладан сунъий йўлдош ёрдамида амалга оширишга қарор қилиниши мумкин,- дейди Андре Мрост.

Ўзбекистон пахта йиғим терим мавсумида фуқаролар оммавий тарзда давлат томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилинадиган саноқли мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG