Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:45

Қирғиз "кўмир қироли" "Исломий давлат"га қўшилиш истагини билдирди


Нурлан Мотуевнинг Facebookдаги саҳифаси
Нурлан Мотуевнинг Facebookдаги саҳифаси

Таниқли қирғиз сиёсатчиси Нурлан Мотуев журналистларга “Исломий давлат” гуруҳини қўллаб-қувватлаши ва Сурияга жанг қилишга бориш истагида эканини айтди.

Қирғизистонда “Кўмир қироли” номи билан танилган сиёсатчи Нурлан Мотуевнинг мазкур баёноти Қирғизистонда шов-шув уйғотди.

Нурлан Мотуев Қирғизистонда ғайриоддий чиқишлари билан танилган.

2005 йилда у асос солган “Жўмарт” ҳаракати аъзолари Қаракеча қишлоғидаги кўмир конини босиб олиши ортидан Нурлан Мотуевга “Кўмир қироли” тахаллуси берилган эди.

- Мен Сурияга борган бўлардим, аммо жиҳодий қарашларим учун ГКНБ (Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик Комитети) менга қарши иш очди. Афтидан улар Қирғизистондан чиқиб кетишимга изн бермайди, мени ҳибсга олишлари мумкин, деди Мотуев 24 март куни журналистлар билан учрашуви чоғида.

Унинг даъво қилишича, ўзига қарши жиноий иш очилган эса-да, ГКНБ “ҳеч нарса демаяпти."

- Улар мени сўроқ қилиб, қўйиб юбораяпти, – дея илова қилди Нурлан Мотуев.

ГКНБ матбуот хизмати Мотуевга қарши жиноий иш очилганини тасдиқлагани ҳам, инкор этгани ҳам йўқ.

Vesti.kg веб саҳифасига кўра, Мотуев, Қирғизистонда исломий инқилоб қилишга тайёр эканини ҳам айтган.

Мотуев аввалроқ қирғиз халқини шариат қонунлари асосида яшашга чақирган эди.

Gazeta.kg саҳифасига кўра, ўзини “Қирғизистондаги ҳақиқий мусулмонлар амири” деб атаган Мотуев Қирғизистонда Оллоҳ қонунларини жорий этишга чақирган.

- 2005 йилги инқилобдан 10 йил, 2010 йилги апрель инқилобидан 5 йил ўтди. Ўшандан буён Қирғизистон халқи ҳаётида ҳеч нарса ўзгаргани йўқ, на иқтисодий на сиёсий ва на ижтимоий соҳада. Аксинча, ҳаёт янада ёмонлашди. Электр энергияси, иссиқлик, озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-чевалар нархи қимматлади, деди Мотуев.

Мотуевнинг “Исломий давлат” ҳақидаги баёнотлари қирғиз матбуотида кенг ёритилган бўлса ҳам, улардан ҳаммаям таажжублангани йўқ.

Бишкекдаги “Дин, қонун ва сиёсат” тадқиқот маркази раҳбари Қодир Маликовнинг огоҳлантиришича, Мотуев шарҳлари Сурияга бориб, “Исломий давлат” сафларига қўшилишни истаган ёшлар шуурига ҳал қилувчи таъсир ўтказиши мумкин.

-Мотуев баёнотлари хавфлидир. Унинг гапларини жиддий қабул қилганлар ҳам чиқиб қолиши мумкин¸ дейди диний масалаларда таҳлилчи Маликов.

Унга кўра, Мотуевнинг “Исломий давлат” гуруҳи ҳақида билдирган фикрлари "Яқин Шарққа боришга тайёр бўлган инсонларнинг Ислом ҳақидаги нотўғри тушунчаларини янада кучайтириб юборади."

Сурияда жанг қилаётган қирғизистонликларнинг аниқ рақами маълум эмас, аммо расмий ҳиисоб-китобларга кўра, 250 нафарга яқин Қирғизистон фуқароси “Исломий Давлат” сафларига қўшилган.

Уларнинг 80 фоиздан кўпроғи¸ қирғиз расмийлари таъкидича¸ этник ўзбеклардир.

XS
SM
MD
LG