Линклар

Москвадаги “Сова” ахборот-таҳлил маркази 24 март куни эълон қилган ҳисоботида Украина шарқидан келаётган рус миллатчилари ва “ватанпарварлари” мигрантларга қарши амалиётлардан “Ғарб ва АҚШ сиёсати ҳимоячиларию” “бешинчи колонна” номи билан аталаётган либерал-демократик ҳаракат вакилларига қарши курашга бирлашишини тахмин қилди. “Россияда ташвиқот-тарғибот қилинаётган авторитаризм ва милитаризм ғоялари рус миллатчилигининг янги кўринишини юзага келтирмоқда”, дея огоҳлантирмоқда ҳисобот муаллифлари.

“Миллатчилар Россиянинг катта муаммосига айланади”

Украина жануб-шарқидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этиб қайтган минглаб рус миллатчиси Россия жамияти учун “катта потенциал муаммога” айланиши мумкин.

Шундай хулосага келган “Сова” ахборот-таҳлил маркази мутахассислари 24 март куни Москвада 2014 йилда Россиядаги ксенофобия ва радикал миллатчилик борасида ҳисоботини тақдим этди.

Бу ҳисоботнинг асосий хулосаларидан бирига кўра¸ эндиликда Украина шарқидаги урушда ҳарбий-жанговар малакасини ошириб келган минглаб рус тақирбошию миллатчиси ўзининг “фаолияти”ни “иш ўринларини олиб қўяётган” мигрантларга қарши курашдан “Россия душманлари”га йўналтириши мумкин.

"Сова" маркази директори А. Верховский

"Сова" маркази директори А. Верховский

Айни пайтда “СОВА” маркази директори Александр Верховский бундан миллатчилар эндиликда барча меҳнат муҳожирлари билан опоқ-чапоқ бўлиб кетади¸ дея хулоса чиқариш ҳам нотўғри эканини таъкидлади:

- Уларнинг асосий қисми ЛНР ва ДНР тарафида урушишга борган, аммо бир неча ўнтаси қарама-қарши томонда ҳам курашмоқда. Бундан чиқди, бу ерда, Россияда, улар безорилик қилмаяпти. Аммо бу вақтинчалик вазият, чунки улар қайтиб келади. Энди урушда қатнашган, жанговар руҳда бўлган миллатчилар қайтиб келади. У ерда улар ўз сафларига янги аъзоларни ёллаб келади, албатта. Ва биз Россияни сиёсий радикаллашув кутаётганини тахмин қилаяпмиз, дейди Александр Верховский.

Ижтимоий тадқиқот хулосаларига кўра, 2014 йилда Россияда 102 та этник нафрат асосидаги миллатчилик ҳужумлари қайдга олинган, 2013 йилда бу кўрсаткич 163 ҳужумни ташкил этган. Бу ҳужумлар натижасида асосан Марказий Осиёдан бўлган 12 нафар меҳнат муҳожири ўлдирилган, 23 нафари ярадор бўлган ва калтакланган (2013 йилда – 14 киши ўлдирилган, 61 киши жароҳат олган).

Ҳуқуқ ҳимоячилари Донбассга кетганларнинг асосий қисмини энг фаол ультрамиллатчилар ташкил этиши тўғрисида маълумотга эга эканини маълум қилмоқда.

“Можаро якунланиши ортидан ёки ҳатто ундан олдинроқ миллатчиларнинг асосий қисми нафақат янги жанговар малака ошириб Россияга қайтиб келади, балки сиёсий фаолиятга қўшилади. Бу фаоллик эса фақат радикал, жумладан миллатчилик руҳида эканига шубҳа йўқ”, дейилади ҳисоботда.

Рус миллатчилари нишонларни янгиламоқда

Шу тариқа, СОВА экспертлари Россида вужудга келаётган янги рус миллатчилиги сўнгги йил давомида жамиятнинг меъдасига теккан “мигрантлардан тозалаш” ғоясидан Украина можароси масаласидаги “Россия душманларига” кўчгани кузатилаётганини таъкидламоқда. Бундай ўзгаришга, мутахассисларга кўра, Украина масаласида рус жамиятининг икки қарама-қарши томонга ажралиб кетиши олиб келган.

Ҳисобот муаллифлари Россияда сўнгги пайтларда яратилган ўзгача фикрловчиларни кўра олмаслик муҳити миллатчилар ташкилотлари гуллаб-яшнаши учун шароит яратмоқда. Путин ва Кремль олиб бораётган сиёсатга қарши бўлганларни таъқиб этиш сиёсатига тадқиқотда “сиёсий зўравонлик” номи берилди.

“Россия расмий сиёсати ва пропагандасининг катта эскичилик, авторитаризм ҳамда милитаризм томон бурилиши миллатчилик ғояларининг жамиятга сингдирилиши учун қулай озиқлантирувчи муҳит яратади”, дея таъкидлайди ҳисобот муаллифлари.

Халқаро Рус консерватив форуми

Халқаро Рус консерватив форуми

Ультрамиллатчиларнинг криминал фаоллиги “бешинчи колонна” номи берилган мухолифат фаоллари ва жамият аъзоларига қарши қаратилгани кузатилди. Борис Немцовнинг ўлдирилиши, қўшиқчи Андрей Макаревичнинг таъқиб этилиши, “Антимайдан” ва НОД ҳаракатларининг пайдо бўлиши, “Тинчлик марши” иштирокчиларига қарши акцияларшулар жумласидан эканини таъкидлади СОВА таҳлилчилари.

Кузатувчилар 22 март куни Россиянинг шимолий пойтахти Санкт-Петербургда ўтказилган “Рус консерватив форуми” да Россия ва Европада фаолият юритаётган миллатчи ва ультра ўнг ҳаракатлари йиғилгани Россияда миллатчилик ҳаракатининг янги кўриниши тикланаётганидан дарак¸ дея баҳолади.

Петербургда ҳукумат рухсати билан йиғилган ва ўзини “Россия дўстлари” деб атаган 1500 миллатчи ва неонацист Владимир Путин сафдоши бўлган Дмитрий Рогозиннинг “Родина” партияси томонидан Россияга таклиф этилгани жамоатчиликда катта баҳсларни келтириб чиқарди.

Шу ўринда, Россияда яшаб меҳнат қилаётган ўзбек муҳожирлари сўнгги бир неча йилда миллатчилик кайфияти оддий россияликлар орасида сезиларли ошганини гапирмоқда.

Екатеринбургда ҳайдовчилик қилаётган Аҳрор Екатеринбургда миллатчи ва тақирбошлар акциялари ҳозир камайиб қолган бўлсада, маҳаллий аҳолининг мигрантларга бўлган муносабати ўзгарганини айтади:

- Екатеринбургда миллатчилик кайфиятлари бор эди. Шу ердаги озарбайжонлар кафелари ёқишиб, моралний эзиш бўлган, ўзим гувоҳ бўлганман. Екатеринбургда ҳозир бўлиб турадию, Москва ва Петербургдагидек эмас. Илгари, аксинча, мигрантларга муносабат яхши эди. Одамларнинг муносабати салбий томонга ўзгарган. Бирор кафега кирсангиз илгари нормальний муносабат қиларди.Ҳозир бирор ташкилотга ишингиз тушадиган бўлса нормальний муомала қилмайди, деди ўзбекистонлик Аҳрорбек.

XS
SM
MD
LG