Линклар

logo-print

Germanwings учқичининг ҳалокатга учраш сабаблари ўрганилмоқда


Учқич қолдиқлари тушган жарлик.

Учқич қолдиқлари тушган жарлик.

Чоршанба куни Германия¸ Франция ва Испания раҳбарлари 24 март куни Альп тоғларида ҳалокатга учраган немис учоғи қолдиқлари топилган жойни зиëрат қилди.

Германия¸ Франция ва Испания раҳбарлари ҳалокат жойида.

Германия¸ Франция ва Испания раҳбарлари ҳалокат жойида.

Бортидаги 150 нафар йўловчи ва экипаж аъзоларининг барчаси нобуд бўлган учқич қулашига техник носозлик баробарида террор ҳужуми ҳам сабаб бўлган бўлиши тахмин қилинмоқда.

Чоршанба кунги баëнотида Germanwings ширкати бош директори учқичда бўлганлардан бирортаси тирик қолмаганини маълум қилди.

Ҳалокат жойига биринчилардан бўлиб етиб борган Франция Ички ишлар вазири:

- Биз учқичнинг террорчилик ҳужумига учраган бўлишини эҳтимолдан соқит қилмаймиз. Аммо айни дақиқаларда бу энг кучли эҳтимол сифатида кўрилмаëтир. Бу саволга тергов жараëнида жавоб топилиши керак¸ дея баëнот берди.

Қутқарувчиларнинг учқич қолдиқларини йиғиб олиши ҳам жуда оғир ва секин кечмоқда.

Қутқарувчиларнинг учқич қолдиқларини йиғиб олиши ҳам жуда оғир ва секин кечмоқда.

Альп тоғларининг одам оëғи кўп ҳам етмаган 3000 метрлик чўққилари орасига сочилиб кетган учқич қолдиқларини йиғиш ва аниқлаш ишлари мураккаб жуғрофий жойлашув ва об-ҳаво шароити боис қийин кечмоқда. Булутларга бурканган қорли¸ шамолли мазкур ҳудудда ишлаëтганлар ҳозирча 150 нафар қурбон жасадларидан бирортасини йиғиштириб олишга муваффақ бўлмади.

Учқич бортида ўзаро алмашинув дастури бўйича Барселонадан қайтаëтган 16 нафар германиялик мактаб ўқувчиси ҳам бўлгани хабари ортидан бу мактаб ва у жойлашган шаҳарчада чоршанба куни мотам тутилмоқда.

Ўқувчилари қулаган учқичда бўлган Германия мактабида чоршанба куни мотам эълон қилинди.

Ўқувчилари қулаган учқичда бўлган Германия мактабида чоршанба куни мотам эълон қилинди.

Айни пайтда¸ учқич ҳавога кўтарилган Барселона¸ шунингдек Германия ва Франция шаҳарларида 25 март куни қурбонлар хотирасига сукут сақланди.

Учқич эгаси бўлган Germanwings ширкати раҳбари ҳалокат ортидан ширкатнинг қатор рейслари учувчиларнинг руҳий ҳолатидан келиб чиқиб бекор этилганини билдирди::

- Germanwings экипаж аъзоларидан айримлари кеча ва бугун уча олмасликларини билдирдилар. Биз уларнинг руҳий ва ҳиссий аҳволини тушунамиз. Чунки ширкатимиз учувчи ва экипаж аъзолари бир оиладек¸ бир-бирларини яхши танийдилар. Бу ҳалокат ҳаммамиз учун улкан мусибат бўлди¸ деди жаноб Винкелман.

Ҳозирча 11 минг метрдаги учиш коридорига чиқиши билан қулаб тушган учқич ҳалокатига айнан нима сабаб бўлганига оид тайинли ахборот йўқ.

Авиация мутахассислари¸ ҳалокатнинг қатор сабабларга кўра ҳайрат уйғотганини қайд этмоқдалар. Хусусан¸ ҳалокат олдидан капитаннинг ердаги диспетчерларга муаммо юзага чиққани ҳақида сигнал бермагани¸ ҳалокатнинг кўтарилиш ëки қўниш каби таҳликали пайтда эмас¸ айнан 11 минг метрлик бехавотир баландликда рўй бергани ва учқичнинг бу баландликдан атиги 8 минут ичида ерга қулагани мутахассисларни ўйлантириб қўйди.

Ҳалокатга учраган учқичнинг қора қутисига жиддий шикаст етгани тергов хулосасини мураккаблаштирмоқда.

Ҳалокатга учраган учқичнинг қора қутисига жиддий шикаст етгани тергов хулосасини мураккаблаштирмоқда.

Учқич кабинасидаги ҳар қандай овозни автоматик тарзда ëзиб борувчи қора қутига жиддий шикаст етгани¸ уни ўрганиб¸ ҳалокат сабаби ҳақида аниқ хулоса чиқариш жараëнини кечиктирмоқда:

- Биз Airbus, Lufthansa Technik, қолаверса Франция¸ Германия расмий идоралари¸ Lufthansa ва Germanwings биргаликда дунëда мавжуд энг тараққий қилган техник воситаларга эгамиз ва шу боис тергов-текширув жараëнининг имкон қадар тез тугатилишига эриша оламиз¸ деди ҳалокатга учраган учқич эгаси бўлганширкат раҳбари Винкелман.

Ҳалокат сабаблари орасида учқич моторининг ишламай қолгани ëки электр тизимининг кутилмаган тезликда ишдан чиқиши каби ҳолатлар тахмин қилинмоқда.

Қора қутини ўрганаëтган мутахассисларнинг ўз дастлабки хулосасини жамоатчиликка чоршанба куни кечроқ эълон қилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG