Линклар

Глобал кибер хавфсизликни тадқиқ қилиб борувчи Group-IB ширкати 2014 йилда 600 та русча сайт "Исломий давлат"га алоқадор ёки тарафдор ҳакерлар томонидан ҳужумга учраганини қайд этди. Кибер ҳужумга учраган ташкилотлар орасида банк, қурилиш ширкатлари, давлат идоралари ва ҳатто, мактаблар сайти бор. Бундан ташқари, радикал ҳакерлар Франциядаги 300 та ташкилот расмий саҳифасига ҳам ҳужум қилган.

25 март куни эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, ИДга тарафдор ҳакерлар гуруҳи орасида кучлироғи ўзини "КиберХалифалик" деб номлаган гуруҳдир.

Бундан ташқари, ўзини "Team System Dz", "Глобал исломий халифалик" ва "FallaGa Team" деб атаган ҳакерлар гуруҳи борлиги ҳамда уларнинг сафида ИД ғояларини қувватловчи 40 га яқин одам борлиги айтилмоқда.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган Group-IB ширкатининг Москвадаги таҳлилчиси Илья Сачковга кўра, ИДга тарафдор ҳакерлар шу кунга қадар жуда жўн технология билан дунёдаги турли давлат идоралари ва катта ширкатлар сайтлари қулфини бузмоқда.

Тадқиқотчи, шу кунга қадар "ГлобалХалифалик" гуруҳи каби кибер жиноятчилар ҳужумига учраган Россия ёки Франциядаги ташкилотлар бундай ҳужумларга жиддий эътибор қаратиши лозим.

Сачков қўлга киритган маълумотларга кўра, шу кунда "Исломий давлат"га тарафдор ёки алоқадор кибер гуруҳлар интернет ҳужумларининг янги технологиялари устида изчил иш олиб бормоқдалар. Шунингдек, у ИДга тарафдор ҳакер гуруҳлар сафи кенгайиб бораётганини ҳам айтмоқда:

"Исломий давлат" ҳакерлар қисқа муддат ичида кичкина ва заиф ҳужумлардан жиддий ҳужумларга ўтиши, бу ҳужумлар муҳим инфратузилмалар ҳамда саноат ташкилотларига қарши қаратилишидан хавотир бор", деб таъкидлади Сачков.

Group-IB тадқиқотчилари, айни пайтда дунё бўйлаб қўрқувни оширишни кўзлаган ИД ҳакерлари исталган давлатнинг виртуал инфратузилмалари ва хусусан, йирик халқаро молиявий ташкилотлар тизимига ҳужум қилиши мумкинлигидан хавотир қилмоқда.

Россиядаги давлат ташкилотлар расмий сайтларига ҳужум қилган ИДга тарафдор ҳакерларнинг шу давлат ҳудудида экани ёки ташқарисида эканига оид аниқ маълумот йўқ. Илья Сачков радикал ҳакерлар орасида Россия фуқаролари бор ёки йўқлигини ҳам аниқлаш зарурлигидан Россия ҳуқуқ-тартибот идораларини огоҳлантирганини айтмоқда.

Зеро, шу кунга қадар олинган маълумотларга кўра, ИД ҳакерлари ҳужумига нишон бўлган давлат биргина Россия эмас.

"CyberCaliphate" гуруҳи масъулиятини зиммасига олган қатор кибер ҳужумлар Ғарбдаги қатор интернет нашрлари ва ахборот воситаларининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига ҳам ҳужум қилди.

Жумладан, шу йил январь ойида АҚШ армияси Марказий қўмондонлигининг Twitter ва YouTube тармоғидаги саҳифаларини бузиб кирди ва Америка армияси генераллари шахсиятига доир, деб кўрилган маълумотларни жойлаштириб ташлади.

Февраль ойида эса "CyberCaliphate" гуруҳи нуфузли Newsweek журналининг Twitter тармоғидаги саҳифасини бузиб кириб, бош саҳифасига қора байроқ ҳамда юзига ниқоб тутган жангари суратини жойлади. Шунингдек, АҚШнинг биринчи хоними Мишел Обамага "Қонли Валентин куни" тилагини қолдирди.

Шу ҳафта аввалида ўзини "Islamic State Hacking Division" деб номлаган гуруҳ Ид томонидан нишонга олинган АҚШ ҳарбийлари сафидаги 100 ходимнинг номи ҳамда манзили кўрсатилган рўйхатни эълон қилди. Айни гуруҳ бу маълумотларни АҚШ даги давлат идоралари ахборот ресурсларига ҳужум қилиш орқали олганини иддао қилди.

Аммо қатор нуфузли нашрлар, жумладан, The Daily Beast нашри бу маълумотларни Google қидирув тизими орқали олиш мумкинлиги, рўйхатда келтирилган манзилларда хато борлиги, ҳатто, номи келтирилган ҳарбийлардан бири ишдан бўшаб кетганини ёзиб, иддаони инкор қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG