Линклар

Ўшда Сурияга йўл олган тожикистонликлар қўлга олинди


Сўнгги ойларда Ўш аэропорти орқали Туркия ва сўнгра Сурияга йўл олмоқчи бўлганлар сони ортди

Сўнгги ойларда Ўш аэропорти орқали Туркия ва сўнгра Сурияга йўл олмоқчи бўлганлар сони ортди

Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси тарқатган хабарга кўра, хавфсизлик ходимлари шу ҳафта бошида Ўш шаҳрида тожикистонлик уч кишини оила аъзолари билан қўлга олган.

Ушланган шахслар суҳбат жараёнида Истанбул орқали Сурияга сафар қилиш ва “Исломий давлат” экстремистик қўшилиш ниятида бўлганликларини эътироф этганлар.

Миллий хавфсизлик расмийлари таъкидича, Тожикистон фуқароларини бир номаълум шахс интернет орқали Сурияга таклиф қилган.

Ушланган шахслар сўроқ қилингач, Тожикистон расмийлари қўлига тошпирилган.

Бу охирги бир йил ичида жанггоҳларга чиқиб кетаётган тожикистонликларнинг Қирғизистонда ушланиши бўйича учинчи ҳолатдир.

Ўтган йил сентябрь ойида исфаралик Насиба Фаттоева ва унинг икки фарзанди тожик-қирғиз чегарасидан ўтказилмаган эди.

Кейинчалик унинг Сурияда “Исломий давлат” жанггарилари сафида жанг қилаётган эрининг олдига кетмоқчи бўлгани аниқланган.

Айни ойда Тожикистоннинг Спитамен туманидан бўлган 45 ёшли Комил Раҳматов қирғизистонлик милиция ходимлари томонидан Ўш халқаро аэропортида тутилган эди.

Сўғд вилоят ИИБ вакилининг Озодликка маълум қилишича, Комил Раҳматов Туркия орқали Фаластинга кетиб, у ерда жиҳодда иштирок этиш ниятини яширмаган.

Марказий Осиё давлат расмийларининг маълум қилишича, Сурия ва Ироқда "Исломий давлат" гуруҳи сафларида юзлаб марказий осиёлик жанг қилмоқда.

Уларнинг аксарини ўзбеклар ташкил этади.

XS
SM
MD
LG