Линклар

Ўзбек телерадиоканаллари Гулнора сўзи бор қўшиқларни эфирга қўймаяпти


Хонанда Дилмурод Мусаев

Хонанда Дилмурод Мусаев

Ўзбекистонлик ëш қўшиқчи Дилмурод Мусаев ижро қилган “Гулнора” деган қўшиқ клипи мамлакат телеканалларида бир неча марта намойиш қилинганидан кейин эфирдан олиб қўйилди. Сал ўтмай айни клип “Гулëра” номи билан қайта тақдим қилинди.

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ Дилмурод Мусаев ижро этган қўшиқдаги Гулнора калимаси томошабинларда нотўғри тасаввур уйғотгани боис¸ клип эфирдан олиб ташланган.

Гулëрага айланган Гулнора

Мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаровнинг ижтимоий тармоқларда ëзишига кўра¸ Дилмурод Мусаев ижро этган қўшиқнинг эфирдан олиниши Ўзбекистонда Гулнора Каримова номининг матбуотда ëритилишига тақиқ қўйилгани билан боғлиқ.

Ўзбекистон Электрон ОАВ миллий ассоциациясидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ Дилмурод Мусаевга қўшиқдаги Гулнора калимасини олиб ташлаш таклиф қилинган.

Озодликка маълум бўлишича¸ қўшиқчи Дилмурод Мусаев бу таклифни қабул қилиб¸ қўшиқдаги Гулнора номини Гулëрага ўзгартирган.

Дилмурод Мусаев ижросидаги бу қўшиқнинг клипидаги тасвирлар устига янгидан Гулëра деган овоз ëзиб¸ эфирга чиқарилган.

Дилмурод Мусаев билан боғлиқ воқеа мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров назарида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг сиëсий-ижтимоий¸ маданий-маънавий ҳаëтдан ҳайдалишибилан боғлиқ сиëсий тақиқ мевасидир.

Гулнорани сўраганлар лицензиядан мосуво бўладими ?

Айни пайтда ўзбекистонлик яна бир ҳофиз Шоҳжаҳон Жўраев ижро этган “Омонмисан Гулнора” қўшиғи ҳам эфирга берилмайдиган қўшиқлар рўйхатига киритилган.

Озодлик суҳбатлашган ўзбек расмийларининг айтишича¸ бу қўшиққа яшил чироқ ëқилмагани ва Дилмурод Мусаев қўшиғидаги сўзлар ўзгартирилгани Гулнора Каримова шахсияти билан алоқадор эмас:

- Қўшиқ муаллифининг лицензияси бекор қилингани боис эфирга изн йўқ¸ Бунинг орқасида ҳеч қандай сиëсий сабаб йўқ¸ деди Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигидаги Озодлик манбаси.

Манбага кўра¸ гап Шоҳжаҳон Жўраев тарафидан 2014 йилда тўйда ижро қилинган ва шу кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган “Омонмисан Гулнора” қўшиғи ҳақида кетмоқда:

- Билсангиз, ўзбекистонлик қўшиқчи Шоҳжаҳон Жўраевга қўшиқ айтиш ва концерт ташкил қилиш ҳуқуқини берадиган лицензия “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасининг махсус қарори билан 2015 йилнинг 17 мартидан бошлаб бекор қилинди. Ўзбекистон ОАВларида лицензияси йўқ ашулачиларнинг қўшиғи берилмайди. Бу ҳолат фақат “Омонмисан Гулнора” қўшиғига эмас¸ балки лицензиядам маҳрум қилинган артистнинг барча қўшиқларига оид¸ деди Озодлик манбаси.

Санъаткорлар Гулнорасиз қўшиқларга ўтди

Озодлик манбасининг таъкидича¸ Дилмурод Мусаевнинг “Гулнора” калимасини “Гулëра” қилиб ўзгартиргани ортида ҳам сиëсий сабаб йўқ:

- Мусаев эса ўз ихтиëрига кўра¸ ижодий нуқтаи назардан келиб чиқиб қўшиқ матнини ўзгартирди. Бунақа ҳолат тез-тез учраб туради. Санъаткор қўшиқни сайқаллаш мобайнида матнни ўзгартириши мумкин¸ деб таъкидлади суҳбатдош.

Унинг айтишича¸ Ўзбекистондаги радио ва телеканалар “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидан изн олган ашулачиларнинг қўшиқларинигина эфирга қўйишлари керак:

- Биз Ўзбекистонда лицензиясиз ишлаётган юздан ошиқ хонанда ва мусиқачини аниқлаб мамлакатдаги ОАВларга кўрсатма юбордик. Бу кўрсатмада лицензияси бўлмаган ашулачиларнинг қўшиқларини эфирга қўймаслик ва бу қўшиқчиларни дастурга чақирмаслик уқтирилган¸ дейди мулозим.

Шоҳжаҳон Жўраев ижросидаги “Омонмисан Гулнора” қўшиғи 2014 йили Тошкентдаги тўйлардан бирида янграган эди.

Ана шу тўйдан ëзиб олинган қўшиқ Ўзбекистондаги кўнгилочар сайтлар тарафидан тарқатиб юборилди.

Хушнуд Дарвеш шеърига Темур Раҳмон тарафидан аранжировка қилинган ва ҳали расман тақдим қилинмаган бу қўшиқда “ўкинчлар кўксини ëққан ва иши орқага кетган Гулнора омонми” деган савол сўралади ва уни яна бир бора кўриш истаги янграйди.

Ҳижрон вужудим чақар

Ўкинчлар кўксим ëқар

Кўзимдан ëмғир ëғиб

Сани эслаб...

Омонмисан Гулнора?

Кўргим келар бир бора

Юрак бағрим минг пора

кўргим келар бир бора

Гулнора¸ Гулнора.

Бу қўшиқнинг Гулнора Каримова кўздан пана бўлган пайтда ижро қилиниши жамоатчиликда савол уйғотди.

Тингловчиларнинг “ Қўшиқ қаҳрамони Гулнора Каримовами?" дея ижтимоий тармоқларда берган саволи эса жавобсиз қолди.

Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигидаги манба Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова номи зикр қилинга ëки Каримованинг ўзи ижро қилган қўшиқларни ТВ ва радиоларда ижро қилинишига таъқиқ борми¸ деган саволимизга аниқ жавоб бера олмади.

Ўтган йили Ўзбекистон “Ёшлар” радиоканали директори президент қизи ижросидаги қўшиқни эфирга бергани учун лавозимидан олинган эди.

Гулнора Каримова ижросидаги “Келажакнинг овозимиз” номли қўшиқ эфирга кетишининг эртасигаёқ радиоканал раҳбари Хуршид Далиев ишдан олиниб, ўрнига Султонпошшо Ёқубова тайинланган эди.

Гулнора Каримовага қўшиқ бағишлаган Ўзбекистон Халқ артисти Юлдуз Усмоновага ҳам шу кунларда катта саҳнага чиқиш норасмий тарзда тақиқлаб қўйилган.

Бундан ташқари Гулнора Каримовага доир лойиҳаларда иштирок этган Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов Муқимий номидаги театр раҳбарлигидан бўшатилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG