Линклар

Самарқандда шифохона раҳбари миллионларни ўмаргани учун қамалди. Селфимания руҳий хасталик деб баҳоланди. Хонанда Юлдуз Турдиева операция столига ётади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Шошилинч тиббий ёрдам маркази Самарқанд филиали директори миллионларга ўмарган”

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиали директори Юсуфжон Аҳмедов миллионлаб маблағни ўзлаштиришда айбланди (“Ҳуқуқ”, 26 март).

Директор Аҳмедов ҳужжатларни сохталаштириш орқали 200 миллион сўмдан ошиқ маблағни ўмарган. Шунингдек, шифохона таъмири баҳонасида 84 миллион сўмдан ошиқ пулни талон-тарож қилган.

Мазкур филиал жарроҳлик бўлими бошлиғи Комил Жулбеков эса ишга олиш эвазига ҳамда пахтадан қолдириш эвазига 10 дан ошиқ ходимдан 200 минг сўмдан 600 минг сўмгача пора олган.

Маълум қилинишича, шифохона мансабдорлари айбларига яраша жазога тортилган.

“Тошкент асов ёмғирга тайёр эмаслиги маълум бўлди”

Жорий ҳафта бошида ёққан кучли ёмғир оқибатида Тошкент шаҳрининг кўплаб туманларидаги кўча, йўл ва пиёдалар йўлаклари сув остига қолди (“Новий век”, 26 март).

Газетага кўра, Тошкент шаҳар ҳокимияти бу гал ҳам фавқулодда ҳолатга тайёр эмаслигини кўрсатган.

“Буларнинг барчасига сабаб Тошкентнинг ирригация-дренаж тизими эскирганидир. Мазкур тизим баҳор мавсумида кузатиладиган ёғингарчиликларга дош бермайди. Бу биринчи бор юз бераётган ҳолат эмас. Ўтган йили кучли ёмғир оқибатида юзага келган сув тошқини шаҳар транспортини фалажлантиргани, айрим туманларда эса электр ва алоқа узилиб қолгани кўпчиликнинг ёдида. Биз наҳотки бугун ҳам юз йил аввалгидек табиат олдида ожиз бўлсак?” дея ёзади газета.

“Ўзбекистонлик психолог селфиманияни руҳий хасталик деб атади”

Бугун овқатланиш нарёқда турсин, ҳожатхона, ётоқхона ёки ваннадаги ҳолатини ўзи суратга олиб, бошқаларга улашиш хасталиги – селфимания урфга киряпти (“Оила даврасида”, 26 март).

Бу эса “руҳий муаммо” деб баҳоланган. “Cелфи олишга муккасидан кетиш – бу ўз-ўзига маҳлиёлик, худбинликка берилишдан бошқа нарса эмас. Нарцисс ҳақидаги афсона эсингиздами, кун бўйи сувдаги ўз аксига маҳлиё бўлиб ўтирган Нарцисс охир-оқибат сувга тушиб чўкиб кетади”, деган психолог Азиза Худоёрова.

Одатда хатоларини тан олгиси келмаган, бирор иши юришмаган ё аламзада кишилар шу йўл билан ўзини овутишга, бошқаларга ҳам ишлари жойида эканини кўрсатишга уринади, деб ҳисоблайди газета.

Айни пайтда, газета селфиманияни қонун йўли билан тақиқлаб бўлмаслиги, “бундай бемазагарчилик”ни тафаккурни юксалтириш орқали тузатиш мумкинлигини таъкидлайди.

“Наманганда эркакларни хорижга сотган икки аёл қўлга олинди”

Наманган вилояти Чуст туманида 10 га яқин эркакни хорижга сотиб юборган икки дугона қўлга олинди (“Диёнат”, 26 март).

Исми ошкор этилмаган одамфуруш аёллар Наманганнинг турли ҳудудларида яшовчи 10 га яқин эркакни мўмай даромад ваъда қилиб Қоплонбек пости орқали Ўзбекистондан Қозоғистонга олиб ўтган ва қўшни давлат фуқаролари қўлига топширган. Бунинг эвазига улар қозоғистонлик “қулдор”лардан одам бошига пул олган.

Одамфурушлик қурбони бўлган эркаклар эса меҳнат ҳақисиз, оғир шароитда ишлатилган.

Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Чуст тумани суди икки дугонани Жиноят кодексининг 135-моддасида кўзда тутилган қонунбузарликни содир этишда айбдор деб топган ва уларга “қилмишига яраша жазо тайинлаган”.

“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиева операция столига ётади”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиева овози билан боғлиқ муаммолар юзага келгани сабабли жарроҳлик столига ётади (“Даракчи”, 26 март).

Хонанданинг ўзи мунтазам шифокор назоратида экани, аммо ижодий ишлар ва концертлар сабабли операцияни май ойига қолдирганини айтган.

“Бироқ шифокорлар операция қанча кечиктирилса, овоз шунча зўриқишини таъкидлашяпти”, деб ёзади шоу бизнес нашри. Хонанда Юлдуз Турдиева мақомнинг моҳир ижрочиси сифатида тилга тушган ва халқаро танловларда ғолиб чиққан.

“Ўзбекистонлик 40 ёшли гимнастикачи олтин медални қўл киритиб, спорт оламини ҳайратга солди”

Спорт гимнастикаси бўйича 1992 йилги Барселона олимпиадаси чемпиони, 2008 йилга Пекин олимпиадаси совриндори Оксана Чусовитина 40 ёшида халқаро турнир ғолиб бўлиб спорт оламини ҳайратга солди (“Ўзбекистон овози”, 26 март).

Чусовитина Германиянинг Котбус шаҳрида ўтказилган Meister World Challenge Cup 2015 турнирида таяниб сакраш машқлари бўйича олтин медалга қўлга киритган.

О.Чусовитина қаторасига олтита (1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012) ёзги олимпия ўйинларида қатнашган ягона аёл спортчи саналади. Бухоролик гимнастикачи 2006-2012 йиллари халқаро мусобақаларда Германия терма жамоаси таркибида қатнашган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG