Линклар

Ўзбекистонда жорий йил 1 апрелдан бошлаб коммунал хизматлар учун нархлар оширилиши кутилмаяпти. Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларида тарқатилган бу хабарни расмийлар ҳам қисман тасдиқлади. Расмийларга кўра, президентлик сайлови якунлангунига қадар нархларни оширмаслик борасида кўрсатма берилган.

Тошкентдаги “Газета.uz” нашрининг билдиришича, Ўзбекистондаги барча коммунал хизмат кўрсатиш идоралари 1 апрелдан қоммунал хизматлар инархи оширилмаслиги тўғрисидаги хабарларни тасдиқлаган. Мутассади шахслар, айни пайтда анъанавий тарзда нарх оширилиши қачон кутилаётгани ҳақида ҳам маълумотга эга эмасликларини айтганлар.

Ўзбекистонда ҳар йили 1 апрель ва 1 октябрда коммунал хизматлар нархининг кўтарилиши анъанага айланган эди.

Коммунал хизмат кўрсатиш шаҳобчалари нархлар оширилиши тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали аҳолини 15 кун олдин хабардор қилишлари шарт. Бироқ ҳозирча матбуотда бундай эълон берилган эмас.

Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатлашган “Ўзкоммунхизмат” ширкати расмийси Наталья Вишневская коммунал хизматлар учун нархларни Молия вазирлиги белгилаб, ҳукумат тасдиқлаб беришини таъкидлаган ҳолда, ҳозирча юқори ташкилотлардан бу борада кўрсатма олинмаганини айтди:

-Нарх оширилиши юзасидан оммавий ахборот воситаларида 15 кун аввал хабар берилиши керак. Лекин ҳозирча бу ҳақда хабар берилмади. Аммо ҳозирча нархлар оширилсин ёки нархлар оширилмасин, деган гапни ҳам эшитганим йўқ. Ҳозир олдинда сайловлар каби муҳим воқелар бўлиши кутилмоқда. Балки нархларнинг оширилмаётгани мана шу воқеа билан боғлиқ бўлиши мумкин, - деди расмий.

Аммо Озодлик мухбирига исмини айтмаслик ва овозини ёзиб олмаслик шарти билан гапирган Тошкентдаги амалдорлардан бири Ўзбекистонда президентлик сайлови ўтказилгунига қадар нархларни оширмаслик тўғрисида қатъий буйруқ бор эканини айтган.

Амалдорнинг айтишича, "бу буйруқ коммунал хизматлар нархига таалуқли эмас ва шунинг учун ҳам 1 апрелдан бошлаб коммунал хизматлар ҳамда бензин нархининг кўтарилишини кутиш мумкин".

Аммо “Ўзкоммунхизмат” ширкати расмийси Наталья Вишневская бу таҳминни рад этди:

-Ҳар бир вилоят органи мустақил равишда тарифларни белгилаш ҳуқуқига эга. Лекин нархнинг қачон ва қай тарзда оширилишини фақат Молия вазирлиги ва ҳукумат белгилаб бера олади. Агар нарх 1 апрелдан оширилгани режалаштирилганида эди, унда шу кунгача бу ҳақда аҳоли огоҳлантириб бўлинар эди, - деди Наталья Вишневская.

Ўзбекистонда сўнгги марта 2014 йил 1 октябрдан бошлаб газ ва электр қуввати нархи қарийиб 10 фоизга, совуқ сув, иссиқ сув ва истиш хизмати 7,2 фоизга қимматлтилган эди.. Агар 2014 йил 1 апрелдаги нарх оширилишини ҳисобга олсак, ўтган йилда газ нархининг ўзи деряли 19 фоизга қимматлаганини кузатиш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG