Линклар

logo-print

Тожикистон Ямандаги фуқароларини олиб чиқишда Россиядан ёрдам сўради


Тожикистон расмийлари Россия ҳукуматидан Ямандаги юзга яқин тожикистонлик тиббиёт ходими ва уларнинг оила аъзоларини эвакуация қилишда ёрдам сўраб, мурожаат этди. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг 27 март куни билдиришича, ҳозирда мамлакатнинг Қатардаги элчихонаси “Ямандаги тожик фуқароларини Россия расмийлари ва ширкатлари ёрдамида ватанига олиб келгунга қадар уларни хавфсизроқ жойга кўчиришга ҳаракат қилмоқда”.

Вазирликнинг маълум қилишича, Яманда ишлаётган тожик врачлари ва ҳамширалари у ерга Россия ширкатлари билан тузилган шартномалар асосида кетишган. Яманда Ҳутий шиалари пойтахт Санаани ишғол қилиши ортидан зўравонликлар бошланганидан бери Тожикистон ҳукумати ўз фуқаролари бу мамлакатни тарк этишга чақириб келади.

Яманда Ўзбекистондан ҳам уч мингдан ошиқ тибиёт ходими борлиги айтилади. Лекин Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Озодликнинг Ямандаги ўзбекистонликлар тақдирига оид сўровига бу борада “изоҳ ва маълумот” йўқлигини билдирди.

Саудия Арабистони етакчилигидаги коалиция Яманни бомбардимон қилиши ортидан кўплаб хорижий давлатлар ўз фуқароларини бу мамлакатдан эвакуация қила бошлади.

XS
SM
MD
LG