Линклар

logo-print

LIVE BLOG: Каримов сайланди - чироқлар ўчирилди (сайлов тафсилотлари)


29 март куни Ўзбекистонда бўлган сайловга оид мухбирлар ва мобил мухбирлардан йиғилган хабарлар, муштарийлардан келган фото-видео мактубларни Озодлик LIVE BLOGда жамлади. Марҳамат, сиз ҳам сайловга оид кузатув ва хабарларингизни WhatsApp, Viber, Telegram: + 420 724 971 539, ozodlikmail@gmail.com, Ozodskype, Ozodovoz Ozodlikonline скайп манзиллари орқали муштарийларимиз билан ўртоқлашишингиз мумкин!
Сайловнинг эртаси яна қоронғуликка чўкди....
Маҳаллий вақт билан кечки соат 7 да Озодликка мурожаат қилган хивалик Матëқуб¸ овоз бериш участкалари расман ëпилишидан бир соат олдин шаҳар аҳолисига свет ва газ узатиш яна тўхтатилганини хабар қилди.
Одамлар шу сайловдан кейин свет ва газ муаммосини ҳал қилар¸ деган умидда овоз берди. Овозлар ҳали саналмай туриб свет ва газсиз қолдик ва ўзимизни алданган ҳис қилаяпмиз. Свет ва газ ўчганидан¸ ҳар қалай Каримовнинг ўзи қолдиëв¸ деб ўтирибмиз¸ дейди хивалик ëш йигит.
Илтимос¸ WhatsApp орқали бизга сайловда ким расман ғолиб чиққанини билдириб қўйинглар¸ телевизор¸ радио светсиз ишламайди¸ биз хабарсиз қолмайлик¸ деб қўшиб қўйди бу суҳбатдош...

Сайлов тугамасидан, Каримовнинг ғолиб экани айтилди
Муқаддам Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси бўлиб ишлаган Шерзод Қудратхўжаевга тегишли экани ишониладиган Facebook саҳифасида сайлов тугамай туриб, Ислом Каримов ғолиб бўлганига ишорат берилган иддао эълон қилинди.

Айни пайтда Ўзбекистон Миллий унивеситети доценти бўлган бу мулозим бир вақтлар Ўзбекистон Бош вазири матбуот котиби, Ўзбекистон президенти девони катта маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

Савол: Ижтимоий фикр экзит-пол ўтказмадимикан?

Twitter фойдаланувчиларидан бири сайловга оид муҳокамаларда шу саволни ҳам кўтарди. Ундан ҳам фаол яна бир фойдаланувчи жавобни кўп куттирмади:

Истанбулдаги Ўзбекистон консулхонаси сайловчиларни ош билан сийлади

Қарийб икки йилдан бери Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбулда ишлаëтган тошкентлик 27 яшар Жавоҳир¸ 29 март куни бошқа ўзбекистонлик танишлари билан овоз бериш учун Ўзбекистон консуллигига борган.

"Ташриф буюрувчи сайловчилар учун қулай шарт-шароит яратилган. Хушмуомалалик ва юксак ҳурмат билан Бош консулимиз Жаҳонгир ака кутиб олдилар. Биз ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси конституциявий ҳуқуқимиздан фойдаланган ҳолда сайловда иштирок этиб¸ амалдаги президент Ислом Абдуғаниевич Каримовга ўз овозимизни бердик"¸ деб хабар йўллади Истанбулдан Жавоҳир.

Муҳожирлар лашкари Каримов ëки Кетмонов орасида қолди...

"Суягим Россиядаги меҳнатда қотди. Эсимни таниганимдан бери Каримовдан бошқасини танимайман. Каримовнинг қолиши бир томондан яхши¸ тинчлик бўлади. Бошқа томондан¸ бизга ўхшаган 4 миллиондан одам Россияда саргардон бўлиб юрибди. Лекин Каримовдан бошқа кимга овоз бериш мумкин¸ ахир ҳеч кимни билмасак¸ танимасак?"¸ дейди коллежни битирар-битирмас Россияга ишга кетган 25 яшар Нодир.

Кетмонов бўлгандан кейин кетмон кўтарганларни яхши тушунар¸ деб ишондик...

Биз сайловда қатнашмадик¸ биз учун расмийларнинг ўзлари овоз бериб қўя қолишини биламиз. Лекин расмий номзодлар орасидан шу Кетмонов яхшига ўхшади. "Ҳар қалай¸ меҳнаткаш халқимни тушунама¸ уларга шароит қилиб бераман"¸ деди¸ шунга ишондик энди¸ дейди Россияда муҳожиратда юрганлардан яна бири Фурқат.

Миржалол Японияда овоз берди

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий термаси Японияда туриб сайловда иштирок этди.

Ижтимоий тармоқларда миллий терма жамоа мураббийси Миржалол Қосимовнинг Ўзбекистонннинг Токиодаги элчихонасида овоз бераётгани акс этган сурат тарқалди.

Айни пайтда, Озодликка турли давлатлардан ёзаётган муштарийлар аксар элчихоналар президент сайлаш истагида бўлган сайловчиларга тонгги соат 6 дан эшигини очганини хабар қилмоқда.

Европадаги элчихоналар ҳам саҳарлаб эшигини очди

Буюк Британиядаги Ўзбекистон элчихонаси Президентга овоз беришни истовчилар учун саҳар соат 6:00дан эшигини очди:

Сайлов натижаси тушунарли, ундан кейин нима бўлади?

Москвадаги "Карнеги" маркази Ўзбекистонда президенлик сайлови ва унинг эҳтимолий ғолиби Ислом Каримов бошқаруви ҳақида катта таҳлилий мақолани чоп этди.

Марказ таҳлилчиси Пол Стронски: "Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг якшанба кунги сайловда ғалаба қозонишига шубҳа жуда оз - зеро, бу ўзбекистонликлар реал танлов ҳуқуқидан маҳрум этилган сайловдир", деб ёзди.

Бу сайлов натижаси аввалдан маълумлигини тахмин қилган таҳлилчи, Марказий Осиё минтақасидаги асосий фигурант ҳисобланган Ислом Каримов президентликда қоларкан, "асосий саволлар энди келади" деб хулоса қилади.
Мақолада Ўзбекистон ҳукуматини эгаллаб олган сиёсий элита, мамлакат иқтисоди, ташқи савдо ва сиёсатга оид вазият атрофлича муҳокама қилинган.

HRW сайланиши муқаррар Президентга мурожаат қилди:

HRW ташкилотининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Стив Свердлов "Америка овози" телевидениесига берган интервьюсида Ўзбекистон президентлигига навбатдаги сайловда ғалаба қозониш эҳтимоли юқори кўрилган амалдаги президент Ислом Каримовни инсон ҳуқуқлари аҳволини ўнглашга чақирди.

Интервьюсида фаол Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган сиёсий маҳбуслар номини санади ва халқаро жамоатчиликдан Ўзбекистон раҳбарияти билан музокараларда инсон ҳуқуқлари масаласини жиддий равишда кўтаришни талаб қилди.

Твиттерчидан савол: Стокҳольм синдроми?

Сайловчиларнинг жуда фаол бўлгани, ҳатто баъзилар саҳар соат 6 да бориб, Президентига овоз бериб келгани ҳақида бир неча твит қолдирган фойдаланувчи қизиқ бир савол ташлади:

"Стокҳольм синдроми" - психологияда қўлланиладиган бу термин 1973 йилда Стокҳольмда амалга оширилган бир жиноятдан сўнг фанга киритилган. Ўшанда банкни эгаллаган жиноятчилар қўлида гаровда қолган бегуноҳ одамлар жиноятчи қолиб, полициядан қўрққан ва жиноятчига хайрихоҳ бўлган эди.

Ижтимоий тармоқда ЎзА шаънига мақтов+танқид:

Twitter тармоғидаги фаол фодйланувчилар ЎзА агентлигининг президент сайловчи кунида отдатдагидан а-а-анча фаол бўлганига эътибор қаратди:

Бу твитга жавоб қолдирганлардан бири агентликнинг 2014 йил декабрь ойида ўтган парламент сайловида ҳам кутилмаганда фаоллашганини эсга олди.

Аммо, бошқа бир фойдаланувчи жиддий савол ташлади:

Тоғ Сулаймоннинг ёнига келди:

Қарши шаҳрида сайлов участкаларининг ходимлари варақа қутисини велосипед ва мотоциклга юклаб, сайловга чиқмаган "обрўли кишилар"нинг уйига овоз сўраб боргани айтилди.

Бунга гувоҳ бўлганини айтган қаршилик тингловчи исм-фамилиясини сир сақлаш шарти билан Озодликка интервью берди:

Твит-топишмоқ:

Блоггерлардан бири Twitter тармоғида шундай хабар қолдирди:

Сайлов куни Ўзбекистонда ҳаво совуди

Ўзбекистон Гидрометеорология маркази 29 март куни мамлакатда ҳаво ҳарорати кундузи +8 даража илиқ, кечаси -3 даража совуқ бўлиши хабар қилган.

Тошкентдаги твиттерчилар кундузи қор учқунлагани ҳақида твит қолдирди:

Ҳеч кимни сайламаган сайловчи ташаббуси:

Самарқанднинг Иштихон туманидан Озодликка боғланган сайловчи бюллетендаги ҳамма номзодлар овозини ўчириб чиққанини айтди ва бунга исбот ўлароқ қуйидаги расмни йўллади:

"5 кишилик оила номидан ўзим Кетмоновга овоз бердим"

Озодликка исми сир қолиши ва овозини ёзиб олмаслик шарти билан интервью берган фарғоналик сайловчи оиласида овоз бериш ёшига етган 5 киши учун бир ўзи овоз бергани ва Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Ҳотамжон Кетмоновга овоз берганини айтди:

- Сайлов жудаям яхши ўтаяпти. Бир ўзим оиламиз номидан 5 кишига овоз бериб келдим. Мен Кетмоновга овоз бердим. Кетмоновнинг имкониятлари яхшироқ, аммо ота постда қолса керак, - деди исмини ошкор этмасликни сўраган фарғоналик сайловчи.

Номзод Каримов шаънига қисқа ва лўнда твит: I did it

Рейтерс мухбири Томас Гроу сайлов ҳақида:

Москвада ерлашган мухбир Ўзбекистондаги президентлик сайловини фаол кузатди ва атиги 4 соат ичида сайлов бўлиб ўтгани ҳақида ЎзМСК берган баёнот ҳақида рус матбуотидаги хабарларни фолловерлари билан ўртоқлашди:

"Биз Россиядамиз, ўрнимизга дадам овоз бераяпти"

Россиядан Озодликка мактуб йўллаган қашқадарёлик ака-ука муштарийлар улар учун Ўзбекистондаги оила-аъзолари овоз берганини ёзди:

"Assalomu aleykum Alisher aka, Uzbekistonda xaqeqat yuq barisi yolgon yashiq oldi qochdi gaplar, Bugun Qashqadaryo viloyat Yakkabog tuman Kattaboy Ashurov jamoa xujaligi 11- orta umum talim maktabi Esat qishlogida saylov buladi. Men va akam nomidan Dadamni uzlari saylovda ovoz beradi, sababi biz aka ukalar Rossiyadamizda, saylov oldi qishloqda svet uchmayotganmish, qishda axoli svet nimaliginixam eslaridan chiqarib quyishadi, chunki 2 kunda 2 soat svet beradi", деб ёзди бу муштарий.

"Каримов кетса, уруш бўлади, деб қўрқишади"

Айни пайтда сайлов натижалари ҳақида мулоҳазаларини ҳам билдирган муштарий халқ амалдаги президент Ислом Каримов кетса, уруш бўлади, деб қўрқади, деган хулосасини билдирди:

"Biz Qashqadaryoliklar taxminimiz, Prizedent I. A. Karemov oldindan tayorlab yurgan uzini odamini taxtga quyadi yoki qizlaridan birini taxtga quyadi. Meni fikrim Uzbekistonda saylov odil-xaqqoniy emas, chunki xalq boshqa deputatga ovoz beradi, prizedentlikka xich kim tanimagan deputat utiradi, sababi I.A. Karimovning qul ostidagilari uzlari saylovda ovoz beradida.
Ertaga I.A.Karemov ajali yetib ulsa Uzbekistonda taxt talashish urushi buladi, Ukrainadanxam yomon axvolga tushamiz deb, Oddiy - axoli shundan qurqayapti. Uzbekiston axolisi ayrim joylar axolisi qurqoq, bir-biriga buysunmaydigan, xaqini talab qilishni bilmaydiga, odamlar afsuski kuproq".

"Сайловчиларни куй-қўшиқлар билан қарши олишяпти"

Озодликка мактуб йўллаган муштарий 29 март куни соат 10:30 да сайлов участкасига боргани, сайловчиларни собиқ иттифоқ давридаги каби куй-қўшиқлар садочи остида кутиб олишаётганига гувоҳ бўлгани ҳақида ёзди:

Андижон шаҳридаги сайлов участкаларида ҳам байрамона кайфият

Андижон шаҳридаги сайлов участкаларида ҳам байрамона кайфият

"Avvalambor Assalomu alaykum. Men Samarqanddan ozodlik mushtariysiman... Bugun 10.30 larda saylovda ishtirok etdim. Samarqand viloyati(qishloqdagi) saylov uchastkalaridan birida. Kollejda bo'lib o'tayotgan saylov uchastkasida kasb hunar kolleji tashqarisida baland ovozda katta kalonkalarda kuy-qo'shiq sadolari ostida saylovchilar kutib olinmoqda. Qishloqlarda endi bizda bir oiladan bir kishi butun oila azolari nomidan borib hammaga ovoz berib keladi. Prezident saylovida men faqat saylovchi sifatida ishtirok etdim".

"Бизда сайлов қонунбузарликлар билан ўтади"

Исмини ошкор этмаслигимизни сўраган айни муштарий 2014 йилнинг декабрь ойида ўтган парламент сайловида кузатувчи бўлиб иштирок этгани ва ўтган сайловда қатор қонунбузарликларга гувоҳ бўлгани ҳақида ҳам ёзди:

"Lekin 2014 yil dekabr oyida o'tgan deputatlar saylovida Samarqand shahridagi saylov uchastkalaridan birida kuzatuvchi sifatida Adolat sotsial demokratik partiyasidan ishtirok etdim. Shunda saylovning naqadar bizda qonunbuzarlik asosida o'tishiga guvoh buldim. Bu menga juda qattiq tasir qildi. Shu saylovda men kuzatuvchi sifatida saylov uchastkasi raisi o'rinbosari bilan ham bir necha marta tortishtim. Noqonuniy tarzda bir odamning bir nechta saylov blyutenini olib ovoz berayotganligini hattoki saylov uchastkasi azolari juda ko'p saylov blyutenlarini olib ovoz berganligin guvohi buldim. Men bularni uchastka raisi o'rinbosariga aytib janjal qildim keyin u kishi menga bolam sen meni tushun yuqoridan menga aytganini qilayapman. Mendan uzr so'rab menga oilam kerak ishim kerak deb aytdi. Prezident saylovida kuzatuvchi sifatida ishtirok etmasamda aytishim mumkinki bu saylov ham nomigagina saylov".

Муштарийлардан фотогалерея:

Озодликка Андижон, Самарқанд ва Москва шаҳридан муштарийлар юборган фотосуратлар қуйидаги галереяга жамланди:

"2 миллионга яқин ёш илк бор овоз бермоқда"

Ўзбекистон Ахборот агентлиги 2 миллионга яқин ёш йигит-қиз илк бор Президентга овоз бераётганини хабар қилди.

Булар Ўзбекистонни 25 йилдан бери бошқараётган амалдаги президент Ислом Каримов даврида туғилиб-ўсган ва ЎзА хабарида ишора қилинишча, ўзини улғайтирган Президентга овоз бераётган ёшлардир:

"Mamlakatimiz aholisining 60 foizdan ortig‘ini yoshlar tashkil etadi... Yoshlarning faolligi mamlakatimizda navqiron avlod ta’lim-tarbiyasini zamon talablari asosida olib borish, ularning o‘z bilim va salohiyatini ro‘yobga chiqarishi, hech kimdan kam bo‘lmagan insonlar bo‘lib voyaga yetishi yo‘lida amalga oshirilgan keng ko‘lamli islohotlar natijasidir.

Toshkent davlat yuridik universiteti talabasi Shohjahon Xo‘jayev shunday yoshlardan. U 2014-2015 o‘quv yilida O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti stipendiyasi sovrindori, “Tafakkur sinovlari”, “Mehnat huquqi bilimdoni” ko‘rik-tanlovlari g‘olibi bo‘lgan.

– Saylov to‘g‘risidagi milliy qonunchiligimizda yoshlarga oid yana bir g‘amxo‘rlik o‘z ifodasini topgan, – deydi Shohjahon. – Xususan, saylov jarayonida faol ishtirok etishimiz mamlakatimiz kelajak taqdirida aks etishini anglash muhim ahamiyatga ega. Qolaversa, bu jarayon bizni siyosiy jihatdan yanada chiniqtiradi. Saylovda ilk bor qatnasharkanman, bularni yurakdan his etdim va yorug‘ istiqbolimiz uchun ovoz berdim".

ЎзМСК: Сайловда қонунбузарликлар кузатилмади

Сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов овоз бериш жараёнида қонунбузарликлар кузатилмагани, хусусан, халқаро кузатувчилардан ҳам бирор шикоят келиб тушмаганини айтди:

ЎзМСК: Президентга овоз берганлар сони 14 миллиондан ошди

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов соат 13:00 қадар ўзбекистонлик сайловчиларнинг қарийб 72 фоизи - 14 миллион 900 мингдан ортиғи овоз бериб бўлганини маълум қилди.

ЎзМСК Тошкент вақти билан соат 13:00 да бошлаган брифингда маълум қилинишича, энг фаол сайловчилар Самарқандда - 73 фоиз. ундан кўра сал камфаолроқ бўлган сайловчилар Андижонда - 72 фоиз, учинчи ўринда эса Қорақалпоғистон республикаси - 71,5 фоиз.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 35-моддасига мувофиқ президент сайлови бўлиб ўтди, дея хулоса қилиш учун сайловчиларнинг 33 фоизи овоз беришда иштирок этиши кифоядир. МСК соат 10:00 даги илк баёнотидаёқ сайловчиларнинг 36 фоизи овоз бериб бўлганини иддао қилган эди.

"Одамлар чақалоғи билан сайловга чиқди"

Президент сайловига оид кузатувлар ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда. Жумладан, Twitter микроблогида бир фойдаланувчи аёллар ёш гўдаклари билан чиқиб, Президентга овоз бергани ҳақида ёзди:

"Бугун милиционерлар ҳам хушмуомала"

Twitter микроблогидаги фаол фойдаланувчилардан бири Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг йўловчилару ҳайдовчиларга (одатдагидан фарқли равишда) хушмуомала бўлганига эътибор қаратди:

МСК: Ўзбекистонда президент сайлови бўлиб ўтди

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси бугун соат 10.00 қадар ўзбекистонлик сайловчиларнинг 36,55 фоизидан ортиғи овоз бериб бўлганини, бу эса президент сайлови бўлиб ўтди, дея хулоса чиқариш мумкинлигини маълум қилди.

Ўз хулосасига МСК “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 35-моддасини асос ўлароқ келтиради. Мазкур моддага мувофиқ, президент сайлови бўлиб ўтди, дея хулоса қилиш учун сайловчиларнинг 33 фоизи овоз беришда иштирок этиши кифоядир.

Ўзбекистонликда президент сайлови бўлиб ўтмоқда

29 март куни эрталаб соат 06:00 да Ўзбекистон бўйлаб 14 сайлов округида барча сайлов участкалари очилган. Бу ҳақда маълум қилган Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясига кўра, сайловчилар рўйхатига 20 миллион 798 минг 52 фуқароси киритилган.

Президентликка номзодлар

Президентликка номзодлар

Президент сайловида тўрт номзод – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ислом Каримов, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Акмал Саидов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Наримон Умаров иштирок этмоқда.

МСК хабарига кўра, сайловни 43 давлат ва беш халқаро ташкилот вакиллари кузатаётир. “Сайлов жараёнини маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1000 га яқин вакили ёритиб бормоқда”, дея хабар қилади Ўзбекистон МСК матбуот хизмати.

Жомеъларда сайлов даъвати

Озодлик муштарийларидан бирининг хабар беришича, жума куни у намоз ўқиш учун борган Самарқанд шаҳридаги жомеълардан бирида имом-хатиб қавмни якшанба кунги сайловда Ислом Каримов учун овоз беришга чақирган.

Унинг ёзишича, имом-хатиб намозхонларни “сайлов куни бомдод намозидан сўнг сайлов участкаларига бориб, президентни қайта сайлашга даъват қилди”.

“Бу қонунга хилоф эмасми? Диннинг давлат ишларига нима алоқаси бор, ҳайронман! Бу Самарқанд шаҳри Хўжа Зудмурод имом-хатибининг даъватидир. Маърузалари 100 фоиз президентни мақташдан иборат”, деб ёзади самарқандлик муштарий.

***

29 март кунги сайловни Озодлик мухбирлар ва мобил мухбирлар кўмагида узлуксиз ёритишга уринмоқда.

Марҳамат, агар сиз сайловга оид кузатувларингиз, гувоҳи бўлганингиз қизиқ ҳолатлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида Озодлик муштарийларига хабар йўллаш истагингиз бўлса, қуйидаги манзилларга мурожаат қилинг:

WhatsApp, Viber, Telegram:

+ 420 724 971 539

+ 420 608 549 460

Skype:

Ozodskype, Ozodovoz, Ozodlikonline

Email:

ozodlikmail@gmail.com,

ozodcomments@gmail.com

uzbekweb@rferl.org

SMS ва қўнғироқлар учун:

+420 602 612 713

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG