Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:58

Ўзбекистонда сайловолди хавфсизлик чоралари кучайтирилди


Озодликнинг андижонлик манбаси жўнатган сурат.
Озодликнинг андижонлик манбаси жўнатган сурат.

Ўзбекистон президентлигига сайловдан бир кун олдин бутун республика бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Сайлов участкалари бир ҳафта олдин милиция ходимлари назоратига олинди, автомобил йўлларида қуролланган ниқобли милиция ходимлари пайдо бўлди.

Ўзбекистон президентлигига ўтказиладиган сайловдан олдин мамлакатдаги барча сайлов участкалари кучли милиция назорати остига олинди.

Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги ҳукумат идораларидан бирида ишлайдиган Озодлик манбасининг айтишича, ҳар бир сайлов участкасига ёнғин хавфсизлиги, фавқулодда ҳолатлар ва ички ишлар ходимларидан иборат гуруҳлар ташланган:

- Қарши туманидаги 55-сайлов участкасини ўн кундан буён мелиса қўриқлаб ётибди. Бундан ташқари фавқулодда ҳолатлар хизматидан ва ўт ўчирувчилардан биттадан ходим бор. Энг қизиғи шундаки, бу мелисаларни боқиш сайлов участкаси жойлашган мактаб директорининг зиммасига юклатилган. Мактаб директори эса харажатларни бечора ўқитувчилар маошидан ушлаб қолади, - дейди манба.

Суҳбатдошнинг айтишича, автомобил йўлларидаги йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан биргаликда юзига қора ниқоб таққан, қуролли одамларнинг пайдо бўлиши одамлар кўнглига хавотир солмоқда:

- Ўзи сайлов бу байрамдай гап бўлса. Қора ниқоб кийган автоматчилар билан халқни қўрқитишнинг нима ҳожати бор? Автоматчилар йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан биргаликда турибди,- деди суҳбатдош.

Озодликнинг андижонлик манбаси ҳам сайлов олдидан йўлларда қуролланган милиция ходимларининг кўпайгани ҳақидаги суратни юбориб, шундай дейди:

“Бу суратни яширин олдим. Эркин демократик жамиятда сайловлар ҳам эркин ўтиши керак эмасми? Автоматлар билан қуролланган шахслар одамларни қўрқитиш учун керакми? Илгариги сайловларда оддий мелисалар турарди, бу сафар эса қора ниқоблар, автоматлар билан туришибди”, дейди андижонлик манба.

Самарқандлик Озодлик манбаси ҳам маҳаллий сайлов участкалари милиция ходимлари билан кучайтирилганини айтади:

- Бизда ҳам ўн кундан буён милиция ходимлари сайлов участкаларини қўриқлаб ётибди. Одамлар ҳайрон, бу милиция нимани қоровуллик қилади, дейди. Бекорчилар бир-бирлари билан карта ўйнаб ётибди, - деди самарқандлик манба.

Ўзбекистон президентлигига сайловлар якшанба, 29 март куни бўлиб ўтади. Унда Президент сайловида тўртинчи марта иштирок этаётган Ислом Каримовдан ташқари 29 мартга белгиланган сайловда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Хотамжон Кетмонов, Миллий тикланиш халқ демократик партиясидан Акмал Саидов ва "Адолат" демократик партиясидан Нариман Умаровлар номзоди қўйилган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда ўтказиладиган президентлик сайлови мухолифат номзодларисиз ўтказиб келинаётганини танқид қилиб келади.

XS
SM
MD
LG