Линклар

logo-print

Россияда фаолият юритаётган автомобилсозларни қийинчиликлар кутмоқда


General Motors ширкатининг Санкт-Петербург заводида 2010 йили ишлаб чиқарилган Opel Astra автомобили.

General Motors ширкатининг Санкт-Петербург заводида 2010 йили ишлаб чиқарилган Opel Astra автомобили.

2012 йилда General Motors (GM) ширкатининг Санкт-Петербургдаги заводида катта режалари бор эди. Ширкат раҳбарияти, шу жумладан, унинг ўша пайтдаги раҳбари Дэн Акерсон заводда йилига 350 минг атрофида автомобиль ишлаб чиқарилишини билдирган эди. Бу лойиҳа учун беш йил ичида 1 миллиард доллар атрофида сармоя киритиш режаланган эди.

Акерсон ўша пайтда Россия автомобиль бозори илдам ўсаётганини айтганди. 2012 йилда Россиядаги автомобиль бозори Европанинг янги автомобиллар учун энг йирик бозори ҳисобланган Германияни бир неча йил ичида ортда қолдириши тахмин қилинган ва GM режаси ўша давр учун ўта реал лойиҳа сифатида баҳоланган эди.

Аммо 2015 йилнинг март ойига келиб халқаро автомобилсоз ширкатларнинг бу борадаги орзулари қисқа муддат ичида пучга чиққани аён бўлди. Нефть нархининг тушиши, Украина бўҳрони ортидан Россияга қарши ғарб мамлакатлари жорий қилган санкциялар ва рублнинг инқирози Россия автомобиль бозори тақдирини кутилмаган ўзанга буриб юборди.

Эндиликда Россияда автомобиль сотувлари кундан-кунга камайиб боряпти. Февраль ойида амалга оширилган сотувлар ўтган йилнинг айни муддатига қиёсан 40 фоизга кам бўлди.

“Бу ердан кетамиз”

18 март куни GM Санкт-Петербургдаги заводида автомобиль ишлаб чиқаришни тўхтатаётганини эълон қилди. Бу Россияда Chevrolet ва Opel русумли автомобиллар савдосининг кескин қисқаришига олиб келади. Аммо ширкат Cadillac ва Corvette каби машҳур спорт машиналари сотувини давом эттириш ниятида.

GM бу қарорни ширкатнинг барқарор ўсишни таъминлашга қаратилган глобал стратегиясининг бир қисми ўлароқ баҳолади. Ширкат президенти Дэн Амман: “Ушбу қарор узоқ муддатда ўта мавҳум бўлган бозорга йирик сармоялар киритишнинг олдини олади”, деди.

Таҳлилчиларга кўра, Россиядан чиқиб кетиш GM ширкатига 600 миллион долларга тушиши мумкин.

Automotive News Europe нашрининг муҳаррири Дуглас Болдак GM ва Россиядаги бошқа йирик автомобилсозларни қийинчиликлар кутаётганини айтади. “Аввалги йилда сотувлар 10 фоизга қисқарган, бу йилда яна 35 фоизга қисқариши кутилаётган бозорга сармоя ётқизиш мантиққа тўғри келмайди”, деди Болдак.

Қадрсиз рубль

Россиядаги автомобилсозлар дуч келган муаммоларнинг бири рубль қадрининг кескин тушиб кетгганидир. Бир йилдан кам вақт аввал бир доллар 30 рублга тенг бўлган бўлса, ҳозир тахминан 60 рублга тенг. Нефть нархи тушиб кетгани сабабли Россия мамлакат ичидаги ойлик ва нафақаларни тўлай олиш учун рублни қадрсиз ушлаб туришга мажбур бўляпти. Россия нефтни четга долларда сотиб, кейин тушган даромадни қадрсиз рублга алмаштирмоқда. Аммо қадрсиз рубль автомобилсозлар даромадини озайтиради, чунки қадри паст рубль автомобилларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган қисмларни импорт қилиш учун кетадиган харажатларни оширади.

Болдакнинг айтишича, автомобилларни фақат Россияда тайёрланган қисмлардан фойдаланиб ишлаб чиқаришнинг иложи йўқ, сабаби маҳаллий корхоналар ҳали буни уддалай олмайди. “[Россияда] иш бошлаган автомобилсозлар ўзларининг Bosch, Continental, Delphi каби глобал таъминловчиларини рус бозорида фаолият бошлашга чақириб келишмоқда. Аммо таъминловчилар буни истамаяпти”, деди Болдак.

Ҳозир GM ширкатида Россия бозоридан бошқа муаммолар ҳам бор. Компания автомобилларининг ўт олдиргич тизими билан боғлиқ хавфли муаммони яширгани учун АҚШда бир неча миллион доллар қийматидаги жарима тўлашга мажбур бўлиши кутилмоқда.

Болдак GM ўз маблағларини қаерда ва қандай қилиб сарфлаш борасида ўта қийин қарорлар олишга мажбур бўлганини айтади. “Улар Россияда йил давомида уч рақамли миллионлар йўқотишларини англаб етган бўлсалар керак”, деди Automotive News Europe нашри муҳаррири.

Энди кимнинг навбати?

GM компаниясининг асосий рақиблари, жумладан, Ford ва Renault-Nissan қўшма корхонаси қандай жавоб қайтариши ҳозирча номаълум. Аммо бу машинасозларнинг бирортаси ҳам рус бозорида яқин келажакда даромад топмайди.

Renault-Nissan Россияда бир неча миллиард доллар сармоя ётқизган. Шунинг учун ширкат Россия иқтисоди оёққа туришини кутишга мажбур.

Рус автомобилсози Sollers билан ҳамкорлик қилаётган Ford ширкатининг муаммолари бундан ҳам оғир бўлиши мумкин. Ford ишлаб чиқарадиган Focus ва Mondeo русумли автомобилларга бўлган талаб аввалги йилга солиштирганда 80 фоизга озайди. Кейинги йилларда компания Санкт-Петербург яқинидаги ва Татаристондаги заводларини анча кенгайтирган эди.

“Ford ҳеч қаерга кетмайди, сабаби Renault-Nissan каби Ford ҳам рус бозорига жуда кўп сармоя ётқизган”, дейди Болдак.

20 март куни Россия ҳукумати 10 миллиард рублдан кўп қийматга эга автомобилсозларга субсидиялар берилишини ва одамларни янги автомобиль сотиб олишга ундаш учун дастурлар ишлаб чиқилишини эълон қилди.

Бу расмийлар орасида автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниялар дуч келаётган муаммолардан хабардорлар бор эканлигидан далолат беради. Шундай бўлса-да, автомобилсозлар муаммолари ҳали-бери ҳал бўлмайди. Таҳлилчиларга кўра, Россия иқтисоди изга тушиши учун камида бир йил керак.

GM-Uzbekistan режалари ўзгаришсиз қолади

GM ширкатининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси расмийлари Россиядаги заводнинг ёпилиши Ўзбекистондаги бизнесга таъсир қилмаслигини таъкидладилар.

Қўшма корхона мулозими айни пайтда автомобил сотиш “жуда мушкул” кечаётган бўлса-да, келгусида Россияга мўлжалланган экспорт ҳажми ва таркибида ўзгариш бўлмаслигини билдирди.

Болдак: “General Motors мамлакатда аввал эришилган шартномалар асосида автомобиль бозорини қўлга олган. Бозорнинг қиролига айланган ширкат бозордаги турли ноқулай оқибатларни осонроқ ҳал қила олади”, деди.

GM Uzbekistan компанияси акцияларининг 25 фоизига GM, қолган 75 фоизига Ўзавтосаноат эгалик қилади. GM автомобилларининг улуши Ўзбекистон автомобиль бозорида 90 фоиздан кўпроқни ташкил этади. Бундан ташқари, GM Uzbekistan учун Россия муҳим бозор бўлиб қолмоқда.

Марк Бейкер қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG