Линклар

29 март куни эрталаб соат 06:00 да Ўзбекистон бўйлаб 14 сайлов округида барча сайлов участкалари очилган. Бу ҳақда маълум қилган Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясига кўра, сайловчилар рўйхатига 20 миллион 798 минг 52 фуқароси киритилган.

Президент сайловида тўрт номзод – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ислом Каримов, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Акмал Саидов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Наримон Умаров иштирок этаяпти.

Айни пайтда таҳлилчилар бу сайловда ҳам 25 йилдан буён Ўзбекистонни бошқариб келаётган амалдаги президент Ислом Каримов ҳеч бир қийинчиликсиз ғалаба қозонишини тахмин қилмоқдалар. Мустақил таҳлилчилар фикрича, бу Каримов учун тўртинчи муддат бўлади.

Ўзбекистон МСК хабарига кўра, сайловни 43 давлат ва беш халқаро ташкилот вакиллари кузатаётир. Президент сайловини кузатаётган ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш бўйича чекланган миссияси 20 март куни эълон қилмиш оралиқ ҳисоботида Каримов номзоди сайловга ноқонуний қўйилганига ишора қилганди. Бу ташкилот Ўзбекистонда аввал ўтказилган парламент ва президент сайловларини ҳам “эркин ва адолатли бўлмаган сайловлар” ўлароқ баҳолаганди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, 29 март кунги сайлов жараёнини маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1000 га яқин вакили ёритиб бораяпти.

XS
SM
MD
LG