Линклар

logo-print

Юртбошининг чорак асрга чўзилган ваъдаси


"Август ойи" ваъда қилинган пайтда бу отахон 25 йилга ёшроқ эди.

"Август ойи" ваъда қилинган пайтда бу отахон 25 йилга ёшроқ эди.

Чорак аср бурун жаноб Каримов ўзбек халқига "августгача сабр қилинглар, ҳаммаси яхши бўлади", дея ваъда берганди. Бугун яна Ўзбекистонда "мустақиллик меъмори - Юртбошини" қайта сайлашади. Ваъадалар эса унутилган.

Ўтган йили Францияга йўлим тушди.

Парижга Лондондан автобусда етиб бордим.

У ердан Ле Манс шаҳрига ўтишим керак эди.

Ўзбекистонлик собиқ вазир интервью беришга розилик берганди.

Автобус терминалида узоқдан қулоғимга "Баттиёржон бақа келинг," деган овоз келди.

Парижнинг нақд ўртасида Қўқон шевасини эшитиш мени ҳаяжонлантириб юборганди.

Ўзимизникиларку, дедим ўзимга-ўзим.

Ёшлари ўттизларга борган икки йигитга яқинлашдим, ҳол-аҳвол сўрашдик.

Аммо салом-алейкдан у ёғига ўтишмади йигитлар.

Бир ватандошларини кўриб, энсалари қотгани билиниб турарди уларнинг.

Бир оз ўзимни ноқулай ҳис қила бошладим.

"Йўл бўлсин йигитлар?" деб сўрадим ўртадаги сукунатни бузиш учун.

Хуллас, бу икки йигит Тошкентда маъдан муҳандислигини битириб, иш топа олишмагач, Марказий Африкага йўл олишган экан.

"Мусофирчиликда ака", деди бири хорижга чиқиб кетганини ўзича оқлашга уриниб. "Августда ҳаммаси яхши бўлади"

Йигит бу сўзлари билан мустақил Ўзбекистондаги ягона президентнинг унутилган ваъдаларини ёдга солганди.

"Августгача сабр қилинглар"

Чорак аср бурун жаноб Каримов халққа "августгача сабр қилинглар, ҳаммаси яхши бўлади", деган ваъдани берди.

Нон нархини оширмасликка ҳам сўз берди.

Кўп ўтмай "Ўзбекистон – келажаги буюк давлат", деган шиорни ўртага ташлади.

Ўшанда кўпчилик ишонганди Юртбошига.

Буюк бўламиз, дейишди жўр бўлиб.

Ишонмаганлар ҳам бор эди, албатта.

Улар қамоққа ташланди, бадарға қилинди, ё бўлмаса, ном-нишонсиз йўқолди.

Ислом Абдуғаниевичнинг 25 йил муқаддам берган ваъдалари бугун кўпчилик учун унут бўлган.

Нон нархи юзлаб маротаба қимматлагани энди ҳеч кимни таажжубга солмайди.

Чунки, Ўзбекистон "фахрланишга арзийдиган" бошқа кўрсаткичлар бор.

Бугун Ўзбекистон замонавий қуллик турлари қўлланадиган мамлакатлар ичида дунёда иккинчи ўринда туради.

Бугун Ўзбекистон Россиядаги меҳнат муҳожирлари сони бўйича етакчилик қилади.

Бугун яшаш даражаси бўйича Ўзбекистон 108 давлат ичида 70 ўринни эгаллайди.

Бугун Ўзбекистон коррупция даражаси бўйича етакчи ўнталикка киради.

Бу рўйхатни анча давом эттириш мумкин.

Мухтасар қилиб айтганда, бугун ўзбекни Марказий Африкада ҳам, жангзада Яманда ҳам, Сурияда ҳам танишади.

Бирида қимматбаҳо тош излайди, бирида шифокорлик қилади, бирида эса қурол кўтарган.

Аммо Юртбоши давлатни ҳалиям, ғарб матбуоти айтмоқчи, "метин қўллари билан" идора қиляпти.

Бугун яна Ўзбекистонда мустақиллик меъмори - Юртбошини қайта сайлашади.

Яна Юртбоши сайловчиларнинг 80-90 фоиз овозини олади.

Кейин яна концерту тўю-томоша давом этади.

Ваъда қилинган "август ойи"ни эса одамлар кутмай қўйди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG