Линклар

Ўзбекистон элчихонаси Озодликка сайловни ёритишга рухсат бермади


Озодлик мухбирлари олган расмларда Ўзбекистоннинг Олмаотадаги элчихонаси олдида сайловчилар фаоллиги кузатилгани йўқ.

Озодлик мухбирлари олган расмларда Ўзбекистоннинг Олмаотадаги элчихонаси олдида сайловчилар фаоллиги кузатилгани йўқ.

Ўзбекистоннинг Олмаотадаги элчихонаси Озодлик мухбирларининг президент сайлови жараёнини ёритишга рухсат бермади. Элчихонага борган мухбиримиз ичкарига киритилмади ва полиция унинг ҳужжатларини олиб қўйди.

Озодлик қозоқ хизмати мухбири Макпал Муканқизи 29 март куни Олмаотадаги Ўзбекистон элчихонасида ташкил қилинган сайлов участкасида овоз бериш жараёнини ёритгани борди.

Элчихонанинг ўзини таништиришдан бош тортган ходими Озодлик мухбрини ичкарига киритмади ва сайлов комиссияси вакиллари билан гаплашишига рухсат бермади. Элчихона вакиллари ўз ҳаракатларини журналистнинг аккредитацияси йўқлиги билан изоҳлади. Мухбиримизга элчихона тақшарисидан туриб бўлаётган воқеаларни суратга олиш имкони ҳам берилмади.

Шундан кейин Макпал Муканқизи йўлнинг нариги томонига ўтиб, ўз планшетига элчихона биносини суратга ола бошлади. Шундан кейин унинг ёнига бир неча полициячи келиб, олинган расмларни ўчириб ташлашни талаб қилди. Озодлик мухбири Қозоғистон ҳудудида журналистик фаолият учун тегишли ҳужжатлари борлигини айтиб, расмларни ўчиришдан бош тортди. Полициячилар бу ҳужжатни кўрсатишни талаб қилгач, мухбиримиз Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилган аккредитацияни тақдим этди. Полициячилар Макпаннинг Ўзбекистон элчихонаси олдида видео олишга рухсати йўқлиги важидан унинг ҳужжатларини олиб қўйди.

Бироздан кейин ҳодиса жойига Озодликнинг яна икки мухбири Мади Бекмаганбет ва Кенжебек Тинибаев етиб келишади. Полициячилар уларга ҳам Макпалнинг ҳужжатларини қайтиб бермайди.

Орадан бир соатдан ошиқроқ вақт ўтгач, ҳужжат қайтиб берилган мухбирнинг ҳужжатлари қайтарилади, лекин мухбирларимиз воқеа жойидан кейтаётган пайтда уларнинг йўлини полиция патрули машинаси тўсади. “Элчихона биносини безорилар видеога олмоқда”, деган хабар тушди, деган полициячилар Озодлик мухбирларидан ҳужжатларни кўрсатишни талаб қилади. Ҳужжатларидан маълумотлар кўчириб олингач, мухбирлардан полиция маҳкамасига бориб, тушунтириш хати ёзиб бериш талаб қилинади.

Журналистлар полиция маҳкамасига боришга рози бўлмайди, лекин воқеа жойида тушунтириш хати ёзиб беради. Шундан кейин уларни қўйиб юборишади.

Ўзбекистонда 29 март куни ўтказилаётган президент сайлови учун мамлакатнинг турли давлатлардаги элчихоналарида сайлов участкалари ташкил қилинган. Қозоғистонда юз минглаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари борлиги айтилади. Лекин Озодлик мухбирлари олган расмларда Ўзбекистоннинг Олмаотадаги элчихонаси олдида сайловчилар фаоллиги кузатилгани йўқ.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Тошкент вақти билан соат 17.00 гача сайловичларнинг 85,2 фоизи овоз бериб бўлганини иддао қилди.

Ўзбекистон президент сайловида тўрт номзод – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ислом Каримов, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Акмал Саидов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Наримон Умаров иштирок этмоқда.
Президентлик пойгасида ғалаба қилиши кутилаётган амалдаги президент Каримов учун бу тўртинчи сайловдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG