Линклар

Чехия президенти Ғалаба кунини нишонлаш учун Москвага боришини тасдиқлади


Чехия Президенти Милош Земан.

Чехия Президенти Милош Земан.

Чехия Президенти Милош Земан Иккинчи Жаҳон Урушида Нацист Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллигини нишонлаш учун Москвага бориш режаларини тасдиқлади.

Земан Прагада чиқадиган “Frekvence 1” радиоканалига 29 март куни берган интервьюсида уруш даврида ҳалок бўлган миллионлаб совет фуқароларини хотирлаш учун Россияга боришини таъкидлади. "Совет Иттифоқисиз Ҳитлерни мағлуб этиб бўлмасди", дея қўшимча қилди Чехия раҳбари.

Россия Президенти Владимир Путин 9 май Ғалаба куни муносабати билан Қизил Майдонда ўтказиладиган ҳарбий парадга раислик қилади. Мазкур санани нишонлаш режалари бу йил зиддиятларни келтириб чиқарди.

Москва Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиши ва россияпараст айирмачилар билан Украина ҳукумати қўшинлари ўртасидаги уруш 20-асрда Европада рўй берган қонли зиддиятлари ва Совет режимининг урушдан кейин Шарқий Европа давлатларини босиб олганига оид хотираларни қўзғади.

Аксар ғарб давлатлари етакчилари 9 май куни Россияга бормасликларини билдирган. Айни пайтда Москва парадига Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин, Хитой Президенти Си Цзипин ва Монголия Президенти Цахиагийн Элбэгдорж келиши эълон қилинган.

XS
SM
MD
LG