Линклар

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, мамлкатнинг Москвадаги элчихонасида 14-чи Тошкент сайлов округига бириктирилган 26-сонли сайлов участкаси ташкил этилди. Ўзбекистонда 29 март куни бўлиб ўтган президент сайловида Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг кўпчилиги иштирок эта олмади. Улар кимга овоз берган бўлар эди? Бу савол билан Озодлик меҳнат муҳожирларнинг ўзларига мурожаат қилди.

Россия Президенти Владимир Путин ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев кўп йиллик сафдоши, амалдаги Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовни яна бир бор президент этиб сайланиши муносабати билан биринчилар қаторида табриклашди.

Kremlin.ru сайтида эълон қилинган телеграммада Путин Ўзбекистонда 29 март куни бўлиб ўтган президент сайлови натижаларини“Ислом Каримовнинг ўз юртдошлари орасида катта обрў-эътиборга эга экани” ва “мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиёти жорий масалаларини ҳал этишда эришган ютуқлари” билан боғлади.

Нурсултон Назарбоев номидан жўнатилган табрик телеграммасида айни мазмундаги сўзлар келтирилган. Қозоқ раҳбари “Ўзбекистон Президентига мустаҳкам соғлик ва масъулиятли амалда кейинги муваффақиятлар”, ўзбек халқига эса “тинчлик ва гуллаб-яшнашни” тилади.

Бироқ, Россия ва Қозоғистоннинг турли шаҳар-минтақаларида миллионлаб ўзбекистонлик сайловчилар бу мамлакатлар равнақи учун меҳнат қилишда давом этмоқда.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида эса 29 март куни эрталабки соат 6:00дан кечки 8:00-гача ишлаган 26-сонли сайлов участкасига бу ўзбекистонликларнинг аксари кела олмади.

Озодлик “Сайловда иштирок эта олганингизда кимга овоз берган бўлар эдингиз?” деган савол билан Россияда ишлаётган ва овоз беришда қатнаша олмаган бир қанча меҳнат муҳожирига мурожаат қилди.

“Мен сайламасам ҳам барибир сайланаверади!”

38 ёшли Абдуқодир Ўзбекистондаги ҳар қандай турдаги сайловларга ишонмаслигини гапиради.

Озодлик билан суҳбатда у президентликка бошқа номзодларни умуман танимагани туфайли кимга овоз беришини ҳам билмаслигини айтади.

- Мен сайламасам ҳам барибир сайланаверади, бу аниқ-ку! Расмиятчиликнинг нима кераги бор?! Албатта, Каримов бўлади! Неча йилдан бери олиб келяптику. Қолганлари эса менга таниш эмас: Кетмонов, Чўпонов – ҳар хил фамилияларни қўйиб ташлаган. Қайси бири яхши одам, қайси бири ёлғончи-каззоб – афтига қараб билиб бўлмаса...Менга зиёли, ўқитувчи одамлар бўлса – халқни яхши тушунади ўқитувчилар. Яхшиликни Оллоҳдан сўраймиз, энди. Яхши яшаганимизда шу Россияга келармидик?- дея саволга савол билан жавоб берди Абдуқодир.

“Кетмонов қишлоқликка ўхшайди – шунга овоз берамиз!”

Ўзини Фарҳоджон деб таништирган бошқа бир муҳожир йигит ҳам сайловда иштирок эта олмаган бўлса-да, ўз танишлари ва қишлоқдаги яқинлари кимга овоз бергани тўғрисида сўзлади.

- Йўқ, мен иштирок этмадим, чунки ҳақиқий сайлов бўлмайди Ўзбекистонда, ишонмайман. 2007 йилда ҳам иштирок этмаганман. Ёнимдаги жўрам қишлоғимизга телефон қилса, онаси “Кетмонов дегани қишлоқликка ўхшайди, шунга овоз берсак, бизни тушунар. Келишиб ҳаммамиз Кетмоновга овоз беряпмиз”, дебди. Кеча Домодедоводан 11 кишини олиб келдим ишга. “Кимга овоз бердинглар?”, деб сўрасам “Бобога овоз бердик! Каримов яхши”, деяётганлар ҳам бор. Сабабини сўрасам, “Бизни Россияга чиқараётганига ҳам раҳмат – чиқармаса, нима қиласан?!”, деяпти,- дейди муҳожир йигит.

“Бошқаси эпламайди!”

Айни пайтда, меҳнат муҳожирлари орасида Каримовга овоз бераётган муҳожирлар ҳам борлиги аниқланди.

Андижонлик Баҳромжон агарда сайловда иштирок эта олиш имкони бўлганида Ислом Каримовдан бошқа одамга овоз бермаслиги сабабларини бундай тушунтирди.

- Мен элчихонадан 1100-1200 километр нарида тураман. Шунга иштирок эта олмадик. Лекин, Ислом Абдуғаниевич Каримовга овоз берган бўлардим. Билмадим, менимча, у одамчалик Ўзбекистонимизни биров олиб боролмаса керак. Мен учун ҳамма нарса муҳайё, ҳамма шароитим бор,- дейди олиб борилаётган сиёсатдан мамнун эканини гапирган асакалик Баҳромжон.

“Сайлов кўзбўямачилик билан ўтди!”

Ўз исмини ошкор этишни истамаган ва президент сайловида иштирок эта олмаган яна бир ўзбекистонлик мигрант ва сайловчилардан бири ХДПдан қўйилган номзод Ҳотамжон Кетмоновга ўз овозини топширган бўлардим, дейди.

У Каримов яна бир бор сайланганидан ўз норозилигини билдирди:

- Мен хафаман жудаям! У одамни ўзгартириш керак эди, лекин яна ўша бўлибди. Мен Кетмоновга овоз берган бўлардим. Интернетда кузатиб бораман, лекин жуда хафа бўлдим, жуда... Бошқа нарса кутган эдим. Сайлов кўзбўямачилик билан ўтди. Битта оиладан бир киши 15-20та бюллетень қоғозини кўтариб боряпти! Каримов яхши бошқарганда бир аёл бошимиз билан нима қилиб юрибмиз Россияда?! Энг кўпи Россияда, кейин Кореяда, Қозоғистонда, Қирғизистонда. Ўзбекистонда умуман ривожланиш яхши эмас. Имкон бўлганида, шу ернинг фуқаролигини олиб, қолиб кетардим,- дейди ўзбекистонлик сайловчи-опа.

“Ўзимни таниганимдан бери отам ўрнимизга овоз бериб келадилар!”

Россиянинг совуқ Саха-Ёқутистонидаги Мирний шаҳрида меҳнат қилиб келаётган Жаҳонгир икки йилдан бери Ўзбекистонга бормагани ҳамда ўзи ва укасининг ўрнига отаси бориб овоз бериб келишини гапириб берди.

У 7 йилдан буён Россияга қатнаб, бирор маротаба Ўзбекистондаги сайловда иштирок эта олмаганини айтади.

- Москвада бўлиши мумкин, лекин бизда сайловда иштирок этишга имкон йўқ. Бўлса, ака, борардим, қатнашардим. Ўзим хоҳлаган, ўзимга ёққан, давлатга фойдаси тегадиган жонкуяр номзодга овоз берган бўлардим. Қишлоқда, уйимизда дадамлар ҳар доимгидек, - 25 йилдан бери бу анъана, қоғозбозчилик , - борадилар-да, уч кишининг номидан бир ўзи ёзвориб, “ҳа” деган жойига “Ислом Каримов”ни значогини қўйиб келади, бўлди. Беш минутлик иш, ака! Лекин, ҳеч ким ўйлаб кўрмайдики, масалан, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманига депутат ёки президент бориб кўрсинчи аҳволни. Электр симёғочлар 50-80-чи йилларда СССР пайтида қурилган, асфальт йўлларни гапирмаса ҳам бўлади, дейди Озодлик билан суҳбатда қашқадарёлик сайловчи Жаҳонгир.

.......

Федерал миграция хизматининг берган маълумотларига биноан, жорий йилнинг феврал ойида Россияда 2 миллион 200 мингдан зиёд ўзбекистонликяшаб, меҳнат қилган. ФМС идорасида сўнгги бир ой давомида Россияга кириб келган ўзбекистонлик мигрантлар сони анча кўпайганини тахмин қилишмоқда.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси очиқлаган дастлабки натижаларга кўра, 29 март куни бўлиб ўтган сайловда 18 миллион 942 минг Ўзбекистон фуқароси иштирок этган, бу 91,08 фоизни ташкил этади. Ислом Каримов учун 17 122 577 киши (90,39%), Наримон Умаров учун - 389 024 минг сайловчи (2,05%), Акмал Саидовга 582 688 киши (3,08%) ва Ҳотамжон Кетмоновга 552 309 сайловчи (2,92%) овоз берган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG