Линклар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Араб баҳори”, бемазҳаблар ва ИШИД ҳақида


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг "Очиқ хат" китоби муқоваси.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг "Очиқ хат" китоби муқоваси.

Шу кунларда Тошкентда марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Очиқ хат” китоби сотувга чиқиши кутилмоқда. Бу алломанинг ҳаётлиги чоғи дунё юзини кўрган сўнгги асарлардан бири саналади. Муаллиф китобда кейинги чорак асрда мусулмон оламида рўй бераётган муҳим сиёсий воқеаларга очиқ-ошкора муносабат билдирган. Қуйида китобдан айрим парчалар тақдим этилмоқда.

Мусулмон оламини ғуссага тўлдираётган воқеалар ҳақида

“Ҳозирги кунимизда мусулмон оламида содир бўлаётган ҳодисаларни кўриб, эшитиб, ўқиб, ўрганиб борар эканман, афсус-надомат чекиб, юрак-бағрим ўртанади. Бирин-кетин келаётган хабарлардан, мусулмон оламини ташвишга, ғам-ғуссага тўлдираётган мудҳиш ҳодисалардан ҳасратга тўламан. Бир-биридан аянчлироқ, бир-биридан даҳшатлироқ хабарлар эса тинимсиз, ҳар куни, ҳар соатда кетма-кет келаверади”.

Мусулмон ўз диндошини ўлдираётгани ҳақида

“Ажабо! Одамларга нима бўлган?! Мусулмонларга нима бўлган?! Мусулмон мусулмонни аёвсиз ўлдирмоқда! Мусулмон мусулмонни таламоқда! Мусулмон мусулмон юртларни вайрон қилмоқда! Мусулмон мусулмоннинг масжидини портлатмоқда! Мусулмон мусулмоннинг юртини вайрон қилмоқда! Мусулмон мусулмоннинг....

Ҳасрат ва надомат ила ўйга толаман... Нималар бўляпти ўзи? Бу ишларнинг сабаби нима? Авваллари ҳам шундай бўлганми? Бу аянчли ҳолатнинг ниҳояси бормикан? Нима қилмоқ керак?”

Афғонистон уруши ва жиҳодчиликнинг ёйилиши ҳақида

“Менимча, мусулмон оламида бугунги кунда ҳаммани ташвишга солган террор ва унга боғлиқ ҳодисаларнинг бир тарафи Афғонистондан бошланди. Совет иттифоқи давлати бу юртга ўз ҳарбий қўшинларини киритиб, бу ишини Афғонистон расмий ҳукуматининг илтимосига биноан байналмилал бурчни адо этиш, деб изоҳлади. Бошқалар эса Совет иттифоқининг Афғонистонга қуролли босқини деб атадилар.

Капиталистлар мусулмон диёрларда Исломнинг таъсир кучини яхши билганлари учун бу ишга диний руҳ беришга қаттиқ уриндилар. Ўзларига яқин мусулмон давлатларни советларга қарши жиҳод эълон қилишга чақирдилар. Шундай бўлди ҳам”.

1990-йилларга пайдо бўлган чаласавод жиҳодчилар ҳақида

“Ҳамма тарафда жиҳод қилиш ва Ислом давлати тузиш ҳақида гап-сўз, ёзиб-чизиш кўпайиб кетди. Ҳаммасини жамлаб, бирорта кичикроқ корхонага раҳбар қилиб қўйилса, бошқара олмасликлари аниқ кимсалар бутун дунё бўйича ҳукм сурадиган давлат қуриш ҳақида бонг урар эдилар. Исломдан бир-иккита нарсани ўрганиб олиб, ўзини билимдон санаган бу чаласаводлар ўзларига насиҳат қилмоқчи бўлган олимларни кофирдан олиб кофирга солишар, уларни Исломга қарши чиқишда айблар эдилар”.

Толибон ҳақида

“На сиёсатда, на исломий илмларда тузукроқ саводи бўлмаган толибонлар бу борада ўзларидан ҳам нўноқ бўлган мужоҳидларга шогирдликка ҳам ярамас эдилар. Улар ўзларининг Ислом борасидаги саводсиз тушунчалари бўйича иш юритиб, ҳаммага кулги бўлдилар. Энг ачинарлиси, Исломнинг обрўсига футур етказдилар”.

Собиқ иттифоқ давлатларига бемазҳабларнинг кириб келиши ҳақида

“Аслида кўпчилик аҳолиси ҳанафий мазҳабида бўлган, диний билимлардан узоқ вақт маҳрум бўлиб, энди имконият туғилиши билан динини ўрганишга киришган бу минтақани бемазҳаблар ўз фаолиялари учун қулай жой деб билдилар. Уларнинг вакиллари турли йўллар билан мазкур мусулмонлар орасига суқилиб кириб, жуда усталик билан иш олиб бордилар. Мисол учун, халқаро исломий ташкилотлар ва якка шахслар томонидан тақдим қилинган молиявий ёрдам учун очиқчасига бемазҳабликни шарт қилмасалар ҳам, воқеликда бемазҳабликни танлаганга ёрдам бериб, танламаганни четлата бошладилар”.

Уламоларнинг кечиккани ҳақида

“Бемазҳаб ва такфирчиларнинг, яъни одамларни кофирга чиқарувчиларнинг Ислом давлати, жамият муаммолари ва бошқа бу каби масалаларда айтган гапларига бизда ҳам, чет элда ҳам уламолар томонидан жавоб бериш бир оз кеч қолди”.

“Араб баҳори” ҳақида

“Араб баҳори” номини олган қаҳратон қиш сабабли Сурия, Миср, Ливия, Тунис, Яман ва бошқа давлатларда фуқаролар уруши бошланди ва авж олди. Мазкур минтақаларда кўплаб аҳоли ҳалок бўлди ва бўлмоқда. Шаҳар-қишлоқлар вайрон бўлди ва бўлмоқда. Хотинлар тул, болалар етим қолди ва қолмоқда... Бу аламни ҳодисаларда ҳам уруш ҳаракатларини асосан бемазҳаб ва такфирчилар олиб бордилар”.

Такфирчилар уламоларни ўлдиргани ҳақида

“Россияда охирги икки-уч йилда қирқдан ортиқ имом, муфтий ва уламоларни отиб, портлатиб ўлдиришди.

Ўзбекистонда баъзи диний ходимларни ўлдиришди, баъзиларини ярадор қилишди”.

Таниқли шайхнинг портлатиб юборилиши ҳақида

“Ўтган йили такфирчи ва бемазҳаблар жуда ҳам катта жиноятга қўл уришди. Улар Дамашқдаги “Иймон” номли масжидда шаръий илм талабалари ва оддий мўминларга Қуръони Карим тафсиридан дарс ўтиб турган улуғ аллома шайх Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий ҳазратларини ва бир неча кишини портлатиб юборишди”.

ИШИД ва унинг раҳбари ҳақида

“АҚШлик мухбир ва ёзувчи Маквейнинг “Аш-Шарқул авсат” газетасида ёзган мақоласида ИШИД тарихи ҳақида сўз юритилган. Унинг ёзишича, Ироқдаги Буку номли қамоқхонада йигирма тўрт минг нафар маҳбус бўлган. Мазкур маҳбуслар орасида ИШИДнинг кўпчилик раҳбарлари ҳам бўлган. Жумладан, Абу Бакр Бағдодий ҳам у ерда беш йил ўтирган. Ўша ерда Ироқнинг собиқ раиси Саддам Ҳусайннинг партияси – Араб уйғониш партиясининг фаоллари ва аъзолари ҳам бўлган. Мазкур қамоқхона икки тараф учун ўзига хос мактаб вазифасини ўтаган. Бағдодийнинг одамлари Саддамнинг одамларидан ташкилотчилик ва иш юритишни ўрганишган. Саддамнинг одамлари Бағдодийнинг одамларидан “шариат бўйича иш юритиш” ва такфирдан дарс олишган... Қамоқхона деган “олий ўқув юрти” тугатилганидан кейин унинг битирувчилари олган “илм”ларини ҳаётга татбиқ қилишни бошлаганлар”.

Фожиаларнинг асосий сабаби ҳақида

“Бу салбий ва нохуш ҳолатларнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва бошқа бир қанча сабаблари бор. Бу барча тан олган ҳақиқатдир. Аммо аччиқ бир ҳақиқатни таъкидлаб айтишимиз лозим. У ҳам бўлса, мусулмонлар ичида Исломни тартибли равишда ва керакли услубда мутахассис устозлардан ўрганмасликдир. Яна бир сабаби – бирёқламалик, одобсизлик ва динда чаласавод одамларнинг ўз хоҳишлари асосида динда ғулувга кетишларидир”.

Шуҳрат талашаётган “аллома”лар ҳақида

“Исломни ҳаётга татбиқ қилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг йўлини тутган улуғ мужтаҳид имомларни илмсизликда айблаш ва Қуръони Карим ва Суннатга амал қилишни ўзига ниқоб қилиб олиб, шуҳрат талашиш, мусулмонлар оммасини кофирга чиқариш, турли уруш-жанжалларга ўч бўлиш каби нарсалар ҳам худди ўша чаласаводларнинг алломаликни даъво қилишларидан келиб чиққандир”.

Ижтимоий тармоқларга уя қурган ўзбошимча тоифа ҳақида

“Ҳозирги кунимизда динимизни яхши ўрганмаган, устозлардан етарли дарс олмаган, диний ўқув муассасаларида таҳсил олмаган ўзбошимча кишилар ўзларига турли ишларни раво кўрмоқдалар. Жиҳод ва халифалик эълон қилишдан тортиб, мўмин-мусулмонларни фосиқ, бидъатчи, кофирга чиқариш, уларни қатл қилишга фатво бериш ва бошқа бедодликларни амалга оширмоқдалар... Мазкур нусхалар бу борада имконлари борича барча воситалардан фойдаланмоқдалар. Интернетдаги ижтимоий тармоқларга уя қуриб олганлар”.

Иғвогарларга асосли раддия бериш ҳақида

“Аҳли илмлар ҳам бу соҳада фаол бўлишлари, кишиларнинг диний илмлар борасидаги эҳтиёжларини қондиришга ҳаракат қилишлари лозим. Иғвогарларнинг оғзига уриш, уларнинг нотўғри гапларига илмли равишда, далил-ҳужжатлар асосида раддия бериш, кўпчиликка уларнинг кирдикорларини фош қилиш лозим. Токи ҳамма улуғ динимиз ҳақида тўғри маълумотга эга бўлсин!”

Озодлик муштарийи тайёрлади

P.S. “Hilol nashr” нашриёти чоп этган китобга ИШИД террорчи гуруҳига қарши дунёнинг 126 нафар йирик уламоси ёзган мактуб ҳам илова қилинган. Мактуб муаллифлари орасида жорий йил 10 март куни 63 ёшида вафот этган шайх ҳазратлари ҳам бор.

Қуйида ҳадисшунослик фанлари доктори, исломшунос олим Муҳиддин Шириновнинг шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф китоби ҳақида билдирган фикрларини тинглашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG