Линклар

Европа футбол уюшмалари иттифоқи UEFA Черногория ва Россия терма жамоалари ўйинида тартибсизликлар келиб чиққани муносабати билан ушбу мамлакатларга нисбатан интизомий иш очди.

30 март куни эълон қилинган UEFA баёнотида айтилишича, Евро-2016 саралаш ўйинига мезбонлик қилган Черногорияга нисбатан ўйиннинг тўхтатилиши юзасидан иш очилган.

Иккала давлат ҳам стадионга келган мухлислари майдонга пиротехника махсулотлари ва бошқа нарсаларни улоқтиргани ҳамда тартибчизликлар уюштиргани сабаб интизомий жазога тортилиши айтилмоқда.

Учрашув ўйиннинг 67-дақиқасида россиялик ўйинчи Дмитрий Комбаровга трибунадан отилган ёндирғичнинг (зажигалка) тегиши ортидан келиб чиққан тартибсизликларданг сўнг тўхтатилган. Учрашув тўхтатилганида ўйиндаги ҳисоб 0:0 бўлган.

Ўйин учрашув бошида Россия терма жамоаси дарвозабони Игорь Акинфеевга мухлислар тарафидан улоқтирилган пиротехника махсулоти тегиши туфайли ҳам 30 дақиқага тўхтатилган эди.

Жароҳатланган дарвозабон алмаштирилганидан сўнг ўйин қайта давом эттирилган.

Россия ўз ўйинчиларига ҳужум уюштирилгани юзасидан UEFAга протест аризасини киритиб, Черногорияга 0:3 ҳисобида техник мағлубият берилишини талаб қилмоқда.

XS
SM
MD
LG