Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:29

Россия Ўзбекистон фуқаросидан 3 миллион доллар мусодара қилди


Uzbekistan - Alleged son-in-law of Uzbek Central Bank chief
Uzbekistan - Alleged son-in-law of Uzbek Central Bank chief

Россиянинг Екатеринбург шаҳри божхоначилари Ўзбекистон фуқаросидан қарийб 3 миллион АҚШ доллари ва 3,7 минг Бирлашган Араб Амирликлари дирҳамини мусодара қилди. Екатеринбург туман судларидан бири Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан декларация қилинмасдан олиб кирилаётган йирик маблағни Россия давлати ҳисобига ўтказгани хабар қилинди. Мутахассислар шу тариқа хорижга 2000 доллардан ошиқ нақд пул чиқара олмайдиган ўзбек тадбиркорлари эркинроқ бизнес-ҳудудга маблағ чиқараётганини тахмин қилмоқда.

Россиянинг Екатеринбург шаҳри Кольцово аэропорти божхоначилари Россия бюджетини 170 миллион рублга ёки қарийб 3 миллион АҚШ долларига бойитди.

Бу маблағни улар “Ўш-Екатеринбург” рейси билан учиб келган Ўзбекистон фуқароси юкини текшираётган пайтда аниқлади.

Ҳодиса 2013 йилнинг октябрида содир бўлган, аммо 2015 йил 25 март куни Свердловск вилояти суди узоқ давом этган маҳкамадан кейин 3 миллион доллар давлат ғазнасига ўтказилиши тўғрисида якуний қарор чиқарди, дейди Озодликка Екатеринбург шаҳри Октябрский туман суди раиси муовини Ярослав Зуев.

- 2014 йилнинг 28 июлида судимиз қарорига кўра, у айбдор деб топилди, унга 105 минг рубл миқдорида жарима солинди. Қарор қисмида, шунингдек, пул маблағи давлат ҳисобига тўлиқ мусодара қилиниши белгиланди. Аммо салкам бир йил давом этган апелляция ва кассация тортишувларидан кейин Свердловск вилоят суди, кейин Россия Олий суди биз чиқарган қарорни тасдиқлаб берди. Фақат Сведловск суди исми ошкор этилмаётган судланувчига 10 минг АҚШ доллари миқдорида маблағни қайтариб берди. Яъни суд фақат шу миқдордаги маблағ декларация қилинмасдан Россия Федерациясига киритилиши мумкинлигини кўрсатди,- дейди суд расмий вакили Ярослав Зуев.

Шундай қилиб, Свердловск вилоят суди ўз қарори билан Ўзбекистон фуқаросидан 2 миллион 955 минг 740 доллар мусодара қилинишини қонуний деб топди.

Озодлик ўз манбаларидан бу шахснинг исми шарифи тўғрисида маълумотга эга бўлди, бироқ хавфсизлик чораси ўлароқ, унинг исмини ошкор қилмасликка қарор қилди.

Урал божхона бошқармаси давлат божхона катта инспектори Татьяна Цветова Озодликка исми ошкор қилинмаётган Ўзбекистон фуқаросидан бундан ташқари яна 3700 Бирлашган Араб Амирликлари дирҳами ҳам мусодара қилинганини маълум қилди.

- У 2013 йилда қўлга олинган эди. Ҳозиргача суд маҳкамаси давом этиб келди. Мана 25 март куни, ниҳоят, қатор арз-шикоятлар кўриб чиқилганидан кейин бу жиноий иш маҳкамаси ўз якунига етди. Биз ўзбекистонликни ҳибсга ҳам олганимиз йўқ. Кольцово аэропортида катта миқдорда пул контрабандаси биринчи маротаба қайд этилаётгани йўқ, аммо бундай катта миқдордаги пул контрабандасини биз ҳам биринчи маротаба кўряпмиз,- дейди Татьяна Цветкова.

Россиянинг Урал божхона бошқармаси вакиласи бундай миқдордаги пулларни банк орқали жўнатиш учун бу маблағни қаердан эканини асослаб бериш керак, дейди.

Суҳбатдош катта миқдордаги пулни олиб ўтаётган Ўзбекистон фуқароси хийла ишлатмоқчи эканини тахмин қилди:

- Бунча кўп ўтказишга рухсат йўқ. Улар маблағни олиб ўтаётганда қўлга тушса, шу миқдорга яраша жаримани тўлаб, қолган суммани қайтариб беришади, деб ўйлаган бўлса керак. Уларнинг афсуси бўлсинким, Россия суд-ҳуқуқий тизими бундай контрабандага чек қўйиб келади,- дейди Урал божхона бошқармаси давлат божхона катта инспектори Татьяна Цветкова.

Озодлик МХХ тарқатган видеохабарга таяниб¸ яқинда Ўзбекистондан Қирғизистонга кунига 2-4 миллион АҚШ долларини нақд шаклда чиқариш билан шуғулланган гуруҳни қўлга олинганини хабар берган эди.

Тахминларга кўра¸ бу хорижга 2000 доллардан ошиқ нақд пул чиқара олмайдиган тадбиркорлар пулини эркин ҳудудга чиқарувчи бизнес тармоғининг бир бўлаги ва мамлакатда ўнлаб шундай гуруҳ ишламоқда.

XS
SM
MD
LG