Линклар

Мен эскича одамман. Янги матаҳларга унча ҳушим йўқ. Ҳатто бирор янги кийим кийсам, ўша кийимга ўрганиб-маҳрамлашгунимча, ўзимни ноқулай ҳис қилиб юравераман. Бу феълимни билган яқинларим, айниқса яқиндан бери пули кўпайиб қолган жиянларим ҳадеб жиғимга тегишгани тегишган.

Бир одамни яхши кўриш унинг сизга нисбатан ройиш-ройишмаслигига боғлиқмас экан. Катта акамнинг 4 йилдан бери Маскўпда ишлайдиган ўғли Ботирбой болалигидан жуда шўх эди. Шўхликка тоқатсиз мендек одам жиянларим орасида айнан шунисини энг кўп яхши кўрдим. Бу ожизлигимни билган жияним ғашимга тегишни қўймайди.

Ўрис юртида бир йил ишлаб, жиблажибон кийимлар кийиб келганда бир ғашим келувди. Кейинги келишида туппа-тузук Ботирбой отини Гастирбой қип кепти. “Гастирбойинг нимаси?” десам, “Янги бой дегани, амаки, яқинда кулбамизни бузиб, ўрнига уч қават уй қурамиз”, дейди.

Жиблажибон кийинганига ғашим келганда ўзимни босдим, ота-бувамиздан қолган уйни “бузаман” деганидаям чидадим, аммо-лекин отини бошқа қўйворганидан кейин “тур, йўқол” деб ҳайдаб солдим уйимдан.

Бу сафарги келишида уйимга қадам босмаса керак, деб ўйловдим. Ўзи ўйланганми ё отаси мажбур қилганми, ҳар қалай, келганининг эртасига эрталаб кириб келди уйимга. Соғинган эканман аблаҳни – қучоқ очиб кутиб олдим. Анча гаплашиб ўтирдик. Оқшом кетар чоғида: “Амаки, Маскўпда ҳамма нарса бор, аммо сиз йўқсиз. Суҳбатингизни соғиниб қоляпман, шунга сизга тилпон опкелдим. Озгина ишлатилгану, лекин янгидек”, дейди.

“Оббо аблаҳ-ей, янгиликка ҳушим йўқлигини билиб, атай жиғимга тегяптими яна?” дея ғашландим, аммо меҳмонлигини ўйлаб: “Қўй, жиян, қишлоқда тилпон кўтариб юришга бало борми, олиб кет, ўзинг тутарсан”, дедим. “Сиз тенгилар ҳаммаси тилпон тутяпти, олинг энди... Ё мен билан гаплашгингиз келмаяптими?” дейди. Очиғи, ўзимам тез-тез гаплашгим кеп қолади шум жияним билан.

“Ҳай”, дедим, “лекин бу матаҳингни қандай ишлатишни билмайман мен”, дедим.

“Янги йилдан кейин яна икки ҳафта шу ердаман, амаки, ҳаммасини ўзим ўргатиб кетаман”, дедию матаҳни ташлаб кетди.

Ботирбой айтганидек янги йилдан кейин “тилпон дарси” бошланди. Биров тилпон қилса, қандай кўтаришни ўргатди, Маскўпга тилпон қилишни ўргатди, заряд қилишни ўргатди, яна алламбало нарсаларни ўргатди – ҳаммаси эсимда йўқ. Аммо эсимда қолгани калиндар билан калкуладур бўлди. Чунки ҳисобни ўлгудек яхши кўраман. Бир – бугун қанақа кунлигини аниқ билишим керак, икки – доим нималарнидир қўшиб-олиб-кўпайтириб-бўлиб туришим керак.

“Амаки, энди қоғоз тақвимни ташланг”, дейди, “энди тилпондаги калиндардан фойдаланинг”, дейди. “Амаки, энди шақ-шақ ёғоч чўтни ташланг”, дейди, “энди тилпондаги калкуладурдан фойдаланасиз”, дейди. Жияннинг бу гаплари доим тутантириқ учун қоғозу ўтинга зориқиб юрадиган янгасига маъқул келди - яқиндагина шаҳардан опкелган йиртма тақвимим билан 30 йиллик қадрдонимга айланган чўтга эга чиқиб, печкага тиқмоқчи бўлди. “Бекор айтибсан”, дедим, “Сенга қадрдонларини бериб қўядиган аҳмоқ йўқ”, дедим.

Аммо орадан бир ҳафта ўтгач, ён бердим. Қарасам, тилпондаги тақвим ҳам, калкуладур ҳам балодек ишлаб турибди – “йиртма”ни ҳам, “шақиллатма”ни ҳам хотинга армуғон қивордим. Иккаласининг ҳам ҳузурини печка кўрди. Аммо андак шошган эканман...

Жиян Маскўпга кетганидан кейин икки ҳафта ўтиб-ўтмай тақвим ишламай қолди. Қишлоқда свет йўқ бўлгани учун икки кун заряд қилолмадим. Учинчи кун заряд қилиб, тилпонни ёқсам, тақвим бежо ишлаяпти - ташқарида қор гупиллаб уряпти, бу тилпон жонивор 1 апрелни кўрсатиб турибди.

Тақвим ишламай қолгандан кейин чилимини ўғирлатган бангидек безовта бўп қолдим. Тилпонсевар жиянларнинг ҳаммасига кўрсатдим – ҳеч қайсиси тузатиб беролмади. Стажли тилпонбардор дўстларга кўрсатдим – тузатишга ҳеч қайсисининг ақли етмади.

Шу баҳона ҳазил-мазах қиладиганлар кўпайди. Одамни аҳмоқ қилиб, бир нарсаларни ёлғонлашади, ёлғони ошкор бўлгандан кейин “Бугун 1 апрел-ку, амаки, тилпонингизга қаранг!!!” деб қаҳ-қаҳ отишади хумпарлар.

Шу-шу ён-атрофдагиларга ишонмай қўйдим. Атрофдагилар нима - ҳатто радйўл ҳам эшитмай қўйдим, тилвизўр ҳам кўрмай қўйдим. Худди ҳозир диктўр янгиликларни ўқиб бўладию орқасидан “Биринчи апрееееель” дейдигандай...

Газетлардан ҳам кўнглим қолди. Ёлғиз ишонганим Шоҳмашрабнинг девони бўп қолди. Оқшомга бориб, китобни очаману:

“Бир Худодин ўзгаси барча ғалатдур, Машрабо,

Гул агар бўлса қўлумда, ул тиконни на қилай...” деган мисраларни ўқиб, мазза қивораман - тақвимсиз шоир дунёдаги энг ростгўй одам бўлиб туюлади.

Тунов куни марказда ишлайдиган бир оғайним: “Районда битта зўр тилпон устасини танийман”, деб қолди. Тақвим хумори ундови билан эртасига унга эргашиб, тилпон устанинг олдига бордим.

“Тузатамиз, амаки, фалон сўм бўлади. Фақат 100 фоиз гарантия беролмайман, 90,39 фоиз кафолат беришим мумкин”, деди. “Буям мени мазах қиляптими?” деб қарасам, башараси жип-жиддий. “Менга ишонмасангиз, нарироқдаги устамнинг дўконига олиб борай сизни, лекин уям 91,01 фоиздан кўп гарантия беролмайди”, деди.

Росса аччиғим келди. “Тўқсонинггаям... тўқсон биринггаям...” деб кетвормоқчийдим, лекин “балки тузалар” деган умид мени яна устага эргаштирди.

Устанинг устаси кўзойнаги билан тилпонни обдон кўриб чиққандан кейин: “Амаки, бу андравид деган праграммада ишлайди. Ҳозир бир вирус чиқиб, тилпонлардаги калиндарларни ишлатмай қўйяпти. Мен ўша вирусни ҳозир удалит қиламан, кейин 1 апрель келиши билан афтаматический ишлаб кетади тилпонингиз”, деди.

“Ҳай, - дедим, - тузат”...

Уста айтган 1 апрель ҳам келди, 2 апрель ҳам келди – қани энди калиндар қурғур ишласа. Жаҳлим чиқиб, устанинг олдига бордим. “Муолажанг иш бермадию...” дедим. Уста яна тилпонни ёнидаги тилвизўрга улаб, ичини томоша қилиб туриб: “Амаки, бу эски тилпонингиз ичида бошқа бир вирусний праграмма ҳам бор экан, буни мен тузатолмайман. Вирус август ойигача актив бўлади, кейин ўз-ўзидан тузалади тилпонингиз”, дейди. “Рост айтяпсанми ё яна опқочяпсанми?” десам, “Матрица урсин” деб қасам ичворди. “Матрицангдан ўргилдим, августдаям тузалмаса-чи?” десам, “Унгача ё эшак ўлади, ёки эшак ўлади ва ё эшак”, дейди илжайиб. “Мен билган латифада ё подшоҳ, ё афанди, ё эшак ўларди, эшакда нима қасдинг бор?” десам, “Одам ўлгандан кўра эшак ўлгани яхшимасми, амаки?” дейди. “Отанг тенги одамга шунақа ҳазил-мазах гапларни гапиргани уялмайсанми, хумса, суф-е сенга...” деб дўкондан чиқиб кетвордим.

Қишлоққа қайтишда яна бир қоғоз тақвим сотиб олдим. Мен-ку праблемамни ҳал қилволдим, тилпондаги калиндардан бошқа тақвим кўрмаган вируслилар нима қиляпти экан? Ё ҳалиям ҳар кунини 1 апрель фараз қилиб юрганмиканлар?..

Эшпўлат тажанг

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG