Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:46

Эрон ядровий дастури бўйича музокаралар давом этмоқда


Жаҳоннинг олти етакчи давлати ва Эрон ўртасида Лозаннада Теҳрон ядровий дастури юзасидан музокаралар давом этмоқда.

Кеча Теҳрон ядровий дастурини халқаро санкциялар юмшатилиши эвазига қисқартириш тўғрисидаги дастлабки келишувга эришиш учун ажратилган муҳлат тугади.

Бугунги музокараларда имзоланишига умид қилинаётган дастлабки битим Эрон билан Ғарб давлатлари ўртасида 12 йиллик зиддиятнинг бартараф этилишига йўл очиб беради. Агар дастлабки битим имзоланса, жорий йил 30 июнига қадар якуний битимга эришиш борасида музокаралар бошланади.

Ғарб давлатлари ва Исроил Эрон ўз ядровий дастури ёрдамида яширин тарзда атом қуролини қўлга киритишга уринмоқда, деган хавотирларни билдириб келади. Теҳрон бу хавотирлар асоссиз эканини айтади.

Бугун эрталаб Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “вазирлар ушбу масаланинг барча муҳим томонлари бўйича умумий келишувга келдилар, деб ишонч билан айтиш мумкин”, дея таъкидлади. “Бу келишув кейинги соатларда ёки кун давомида қоғозга туширилади”, дея қўшимча қилди Лавров.

Аммо музокараларда қатнашаётган АҚШ дипломатлари барча муҳим масалалар бўйича келишувга эришилганини рад этишди.

Британия Ташқи ишлар вазири Филип Ҳаммонд Би-Би-Си радиоси билан суҳбатда “Фикрларимиз анча бир-бирига тўғри келиб қолди деб ўйлайман, бироқ келишилмаган айрим муҳим масалалар ҳамон мавжуд”, деди.

“Бу масалаларнинг баъзиларида икир-чикири ва техник тафсилотлари кўп бўлиб, улар бўйича ҳали анча иш қилиниши керак. Ҳозир биз ушбу масалалар устида ишлаяпмиз ва ишлашда давом этамиз”, деб сўзини деди Британия ташқи ишлар вазири.

Германиялик дипломат тарафлар бир неча муҳим масала юзасидан келишувга эриша олмаганларини айтган. Исми ошкор қилинмаган дипломат олға силжиш “сезиларли” бўлганини айтиб, “Ҳеч қандай қарорга келингани йўқ, аммо яхши ният қилсак келишувга эришилиши мумкин”, дея таъкидлади.

Хитой агар музокаралар тўхтаб қолса, келишувга эришиш учун қилинган ҳаракатлар зое кетишини айтиб, томонларни муросага келишга чақирди.
31 март куни Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И Лозаннани тарк этди.

Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бугун қатиб кетишди.

Томонлар Эрон уранни қай даражагача бойита олиши, бойитилган уран заҳиралари қаерда сақланиши, Эроннинг ядровий изланишларига ва дастурига қўйиладиган чекловлар ҳамда санкциялар қачон ва қай йўсинда бекор қилиниши юзасидан келиша олмаяпти.

Кечки музокаралар яна бошланганидан кейин Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф журналистларга “яхши прогрессга” эришилганини айтди.

“Кўп нарсага эришдик, аммо одамлар дам олганларидан кейин эртага эрталаб давом этадиган бўлдик. Умид қиламанки, чоршанба куни (1 апрелда) бу ишни тугата оламиз”, деди Жавад Зариф.

Музокаралар қандай кечаётгани ҳақида АҚШ Президенти Барак Обамага 31 март куни видео алоқа орқали хабар берилди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзолари ва Германия Теҳрон ядровий қурол ишлаб чиқаришининг олдини олиш учун чоралар кўриб келади.

2013 йилнинг ноябрь ойида дастлабки келишувга эришилган эди. Аммо ўша пайтдан бери томонлар якуний келишувга кела олганлари йўқ. Эрон ўз ядровий дастури тинч мақсадларда, хусусан, электр энергияси ишлаб чиқариш мақсадида яратилганини таъкидлаб келади ва АҚШ, Европа Иттифоқи ҳамда БМТ жорий қилган санкциялар тезда бекор қилинишини хоҳлайди.

Эронлик музокарачи Мажид Тахт-Раванчи Фарс янгилик агентлиги билан қилган суҳбатида “Агар санкциялар масаласи ҳал қилинмаса, ҳеч қанақа келишув бўлмайди”, деди.

Ҳар икки тараф расмийлари БМТ санкцияларининг бекор қилиниши, агар Эрон келишувга амал қилмаса санкциялар қай йўсинда қайта жорий қилиниши ҳамда Эрон шартномада белгиланган 10 йил муддат ўтганидан кейин ядровий центрифугалар бўйича чекловсиз изланишлар олиб бориш бўйича қўяётган талаблари юзасидан келишувга келиш қийин кечаётганини билдиришди.

Расмийларга кўра, Эрон барча БМТ санкциялари бекор қилинишини ҳамда музокарасиз бу санкциялар қайта жорий қилинмаслиги ҳақида кафолат берилишини талаб қилмоқда. Британия, Франция ва АҚШ бекор қилинган санкциялар автоматик тарзда қайта тикланишини хоҳлайди. Россия бўлса бунга қарши, сабаби бундай қилинса Россия БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоси сифатида вето ҳуқуқидан фойдаланиши мушкуллашади.

Жаҳоннинг етакчи олти давлати кейинги ўн йил давомида Эрон атом бомбаси яратиш учун етарли ядро ёқилғиси яратишдан камида бир йил йироқ туришини хоҳлайдилар. Бундан ташқари, бу мамлакатлар Эроннинг энг хавотирли ядровий ишларини камида ўн йилга тўхтатилишини истайдилар.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Эрон билан келишув имзоланса, бу Исроил хавфсизлигини таъминлаш учун етарли қадам бўлмаслиги ҳақидаги хавотирларини такрорлади. Исроил Яқин шарқда ядровий қуроли бор деб ишониладиган ягона мамлакатдир. Нетаняҳуга кўра, имзоланиши кутилаётган келишув Эронга бир йилдан оз вақт ичида ядровий қурол яратиш имконини беради.

XS
SM
MD
LG