Линклар

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида 135 ёшли Тўти момо Юсупова вафот этди. Бу ҳақда “Еркин Қарақалпақстан” газетаси хабар берди.

Паспортида 1880 йилда туғилганлиги кўрсатилган Тўти момонинг бу ёшга етгани олимлар томонидан тасдиқланмаган эди. Аммо момо невараларининг айтишларича, унга еттинчи авлодини ҳам кўриш насиб қилган.

“Озодлик”нинг Тўрткўлдаги манбаси момонинг вафоти билан боғлиқ воқеани эшитганини айтди. Манбага кўра, момонинг маъракасига Қорақалпоғистон ҳукумати мулозимлари, маҳаллий давлат ҳокимяти вакиллари келган.

- Жанозага Жўқорғи Кенгеснинг раиси келди, туман акимлари онахоннинг маъракасида қариндошларнинг ёнида турди, деб эшитдик. Газета хабарида онахоннинг вафоти санаси билан боғлиқ санага аниқлик киритилмаган. Ҳолбуки, бизнинг бу воқеа ҳақида эшитганимизга 3-4 кун бўлиб қолди, - дейди манба.

Озодлик мухбирлари шу йилнинг 30 январида Тўти момонинг хонадони билан боғланишга муваффақ бўлганди. Ўша вақтда момонинг чевараларидан бири, 52 ёшли Ҳосилбек аканинг айтишича, момонинг аҳволи яхши эди.

​2008 йилда Озодлик радиоси билан қилган суҳбатида Тўти момо фарзанд ва невараларини опичлаб катта қилгани, қўл тегирмонида буғдойни ун қилиб, болаларига нон ёпиб бергани ҳақидаги хотираларини ҳикоя қилиб берган эди.

2010 йилда “Қорақалпоқфильм” киностудияси Тўти Юсупова ҳақида “Уч асрнинг гувоҳи” номли ҳужжатли фильмни суратга олган эди.

Бу ҳужжатли фильмда Тўти момо советлар даврида масжидга қатнагани учун ҳамқишлоғининг қамалгани, бошқа бир ҳамқишлоғининг эса диний китобларни сақлагани учун отилгани ва бошқа тарихий воқеалар ҳақида гапириб берганди.

XS
SM
MD
LG