Линклар

Тўрткўлда етти авлод кўрган Тўти Юсупова вафот этди


Тўрткўллик Тўти Юсупова 135 ёшида вафот этди.

Тўрткўллик Тўти Юсупова 135 ёшида вафот этди.

Аниқ ëши илмий жиҳатдан ўрганилмаган тўрткўллик Тўти момо¸ яқинлари иддаосича¸ 135 ëшида оламдан ўтди. Озодлик манбаларига кўра¸ чевараларининг ëши 60 дан ошган момо жанозасида Қорақалпоғистон раҳбарлари ҳам қатнашган.

“Еркин Қарақалпақстан” газетаси хабарига кўра, Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида 135 ёшли Тўти момо Юсупова вафот этган.

Паспортида 1880 йилда туғилган¸ деб ëзилган Тўти момонинг бу ёшга етгани олимлар томонидан тасдиқланмаган.

Аммо момо невараларининг айтишларича, унга еттинчи авлодини ҳам кўриш насиб қилган.

Озодликнинг Тўрткўлдаги манбаларига кўра, момонинг маъракасига Қорақалпоғистон ҳукумати мулозимлари, маҳаллий давлат ҳокимяти вакиллари келишган.

“Жанозага Жўқорғи Кенгеснинг раиси келди, туман акимлари онахоннинг маъракасида қариндошларнинг ёнида турди деб эшитдик. Газета хабарида онахоннинг вафоти санаси билан боғлиқ санага аниқлик киритилмаган. Ҳолбуки, бизнинг бу воқеа ҳақида эшитганимизга 3-4 кун бўлиб қолди”, дейди манба 1 апрель куни.

Озодлик мухбири шу йилнинг 30 январида Тўти момонинг хонадони билан боғланишга муваффақ бўлганди.

Момонинг чевараларидан бири, 52 ёшли Ҳосилбек ака ўшанда момонинг аҳволини яхши деб таърифлаган¸ бироқ унинг телефонда гапира олмаслигини айтган эди:

- Энамиз ўзларини яхши ҳис қилаяпти. Ўтган кунларини ҳозир ҳам яхши эслайди. Невара-чеваралари келса, уларни танийди. Гаплашиб ўтиради, дуо қилади, деган эди ўтган йили Ҳосилбек ака.

Суҳбатдошнинг айтишича, момога еттинчи авлодини ҳам кўриш насиб қилган:

- Энамизнинг бир қизи бўлган¸ холос. Ҳозир у энамиз ҳам қайтиш қилганлар. Невара ва чевара, эвараларнинг эса сон-саноғи йўқ, қарийб тўрт юз нафарга етди, шекилли. Менинг катта акам, яъни энамизнинг чевараси Ўринбой акам 62 ёшга кирдилар, деди Ҳосилбек ака.

2008 йилда Озодлик радиоси билан қилган суҳбатида Тўти момо фарзанд ва невараларини опичлаб катта қилгани, қўл тегирмонида буғдойни ун қилиб, болаларига нон ёпиб бергани ҳақидаги хотираларини ҳикоя қилиб берган эди.

Кўҳна Тўрткўл овул фуқаролар йиғини раиси Икром Бекназаров уларнинг овулида шундай табаррук инсон яшаётгани билан фахрланишини Озодликка айтган эди:

- Тўти энамиз бизнинг фахримиз. Бир невараси мактаб директори, бир невараси боғбон. Етти авлоди бор деган гап ҳақ гап. Бунча ёшни кўриш ҳар кимга насиб қилмайди. Биз ўз томонимиздан онахоннинг ҳолидан хабар олиб турибмиз. Худо умрларини берсин, деди Икром Бекназаров.

2010 йилда “Қорақалпоқфильм” киностудияси Тўти Юсупова ҳақида “Уч асрнинг гувоҳи” номли ҳужжатли фильмни суратга олган эди.

Бу ҳужжатли фильмда Тўти момо масжидга қатнагани учун ҳамқишлоғининг қамалгани, бошқа бир ҳамқишлоғининг эса диний китобларни сақлагани учун отилгани ва бошқа тарихий воқеалар ҳақида гапириб берган.

Халқаро оммавий ахборот воситалари 1 апрель куни Гиннес рекордлар китобида дунёнинг энг кекса одами деб эътироф этилган япониялик Мисао Окаванинг 117 ëшида оламдан ўтганини эълон қилди.

Тўти момо Юсупованинг ёши паспорт бўйича ундан қарийб 20 йилга катта бўлсада, момонинг ёши геронтологик тадқиқотдан ўтказилмаган.

“Нуроний” жамғармаси маълумотига кўра, аҳоли сони 31 миллиондан ошган Ўзбекистонда 8700 нафар 100 ёшдан ошган кексалар бор. 90 ёшдан ошганлар 44 минг кишини, саксонбойлар эса 225 минг кишини ташкил этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG