Линклар

logo-print

Россиядан депортация бўлганлар махсус сўроқ қилинмоқда


Воронежда депортация кутаëтган ўзбеклар

Воронежда депортация кутаëтган ўзбеклар

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида Россиядан депортация бўлган меҳнат муҳожирлари маҳалла оқсоқоли ва ўзини таништирмаган расмий томонидан сўроқ қилиняпти. Озодлик манбаларига кўра, расмийлар шунингдек, уйма-уй юриб ота-оналардан хориждаги фарзандларини уйга қайтаришни талаб қилмоқда.

Каттақўрғон туманига қарашли Каттакўрпа қишлоқ фуқаролик йиғинида маҳалла оқсоқоли, посбони ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан келган шахс Россиядан депортация бўлган меҳнат муҳожирларини сўроқ қилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган меҳнат муҳожирларидан бирининг айтишича, расмийлар улардан Россия ҳудудидан нима сабабдан чиқарилиб юборилгани билан қизиқмоқда:

"Мен ҳам Россиядан депорт бўлиб келган эдим. Куни-кеча маҳалла оқсоқоли, посбон ва фуқаролик кийимидаги бир киши келиб мени роса сўроқ қилишди. Нима сабабдан сени депорт қилишди, қанақа жиноят қилгандинг¸ деб роса энсамни қотиришди. Мен регистрация муддатим ўтиб кетгани учун десам ҳам, балки бошқа сабаби бордир, тўғрисини айт, бўлмаса пушаймон бўласан деб, пўписа ҳам қилишди", деди меҳнат муҳожири.

Суҳбатдошга кўра, бундан ташқари Каттақўрғон туманидаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида Россиядан депорт бўлганлар маҳаллага чақирилиб, мажлисларда сўроқ қилинмоқда:

"Ҳар куни 15-20 нафар меҳнат муҳожирлари чақирилиб мажлис қилинаяпти. Мени яна чақиришган эди, бугун бормадим", деди меҳнат муҳожири.

Каттакўрпа қишлоқ фуқаролик йиғинидаги маҳаллла фаолларидан бири, ҳақиқатан ҳам Россиядан депорт бўлиб қайтган меҳнат муҳожирлари сўроқ қилинаётганини тасдиқлади:

"Оқсоқолимизнинг айтишича, юқоридан шунақа буйруқ келган. Меҳнат муҳожирларининг нима сабабдан депорт бўлганини аниқлашимиз керак экан. Гражданский формадаги бир одам ҳам келган. Бундай маълумот нима учун кераклигини айтишмаяпти, шунчаки сўраб-суриштириб, маълумот тўплаб беряпмиз. Бундан ташқари, меҳнат муҳожирлигига кетган одамларнинг уйларига бориб, ота-оналаридан уларни ортга қайтаришини илтимос қиляпмиз", деди маҳалла фаоли.

Ўтган йилнинг июль ойида Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона шаҳридаги мажлисда хориждагиларни Ўзбекистонга қайтариш ва уларни иш билан таъминлаш борасидаги топшириғидан сўнг маҳаллаларда тарғибот ва ташвиқот ишлари авж олган эди.

Ўзбекистоннинг Фарғона, Андижон, Хоразм, Бухоро, Сурхондарë ва Қашқадарë вилоятларида ҳам меҳнат муҳожирларини қайтариш тадбири бўлаётгани ҳақида Озодлик манбалари хабар қилган.

Россиядан Ўзбекистонга депортация қилинганларга қандай муамммолар бор йўқлиги ҳақида Озоджавоб дастурида батафсил маълумот ҳам берилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG