Линклар

Ўтган йили “Исломий Давлат” гуруҳига алоқадор ҳакерлар 600 рус сайтига ҳужум қилган. Бу ҳақда Россияда жойлашган ва онлайн жиноятларни олдини олиш ҳамда ўрганиш билан шуғулланувчи Group-IB ширкати 25 март куни хабар тарқатди.

Group-IB ҳужумга учраган сайтлар орасида банклар, қурилиш ширкатлари, давлат ташкилотлари, ҳатто мактаблар ва шимолий Уралда жойлашган маҳаллий музей сайти борлигини билдирди.

Group-IB тарқатган ҳисоботда айтилишича, рус сайтларига уюштирилган ҳужумларда “Исломий Давлат”ни дастакловчи бир неча ҳакерлар гуруҳи иштирок этган. Булар орасида “КиберХалифалик” билан биргаликда ўзини Team System Dz, Global Islamic Caliphate ва FallaGa Team деб атовчи гуруҳлар бор.

Group-IB тадқиқотида иштирок этган Илья Сачков Озодлик радиоси билан суҳбатда “Исломий Давлат”ни қўлловчи гуруҳлар шу кунгача содда ҳакерлик усулларидан фойдаланганини айтди.

Аммо Сачков фикрича, Россия ва бошқа ердаги корхона ва ҳукуматлар “Исломий Давлат” ҳакерларининг қобилиятларига етарлича баҳо бермаса, хато қиладилар.

Сачковга кўра, “Исломий Давлат”ни дастакловчи ҳакерлар келажакда яна ҳужумлар уюштириш учун янги услубларни ҳамда янги зарарли дастурларни изламоқдалар.

Сачков “Исломий Давлат”ни қўлловчи ҳакерлар сони тобора ортиб бораётганини қўшимча қилди.

“Ҳозир “Исломий Давлат” ҳакерларининг содда ҳужумлардан мураккаб ҳужумларга ўтиши хавфи бор”, – деди Сачков.

Унинг айтишича, жангари гуруҳни дастакловчи гуруҳлар фақат рус сайтларига ҳужум қилаётгани йўқ.

“Энди “Исломий Давлат” ҳар қандай мамлакатга ҳужум қилади. Уларнинг мақсади ҳужум уюштириб, эътибор қозониш ва ваҳима кўтаришдир”, – деди Сачков.

Рус сайтларга қарши ҳужумларни амалга оширган ҳакерлар Россия ичида ёки ташида экани номаълум.

Сачков ҳуқуқ-тартибот идораларини ҳужумларни уюштирганлар орасида Россия фуқаролари бор-йўқлигини аниқлашга ундаётганини айтди.

“Исломий Давлат”ни қўлловчи ҳакерлар бошқа мамлакатларга ҳам ҳужум қилиб келади.

Ўзини “КиберХалифалик” гуруҳи аъзолари сифатида кўрсатувчи ҳакерлар бир қанча ғарб сайтларига ҳамда ижтимоий тармоқ ҳисобларига ҳужум қилган. Январь ойида бу ҳакерлар АҚШ Ҳарбий кучлари марказий қўмондонлигининг YouTube ҳамда Twitter ҳисобларини бузиб, шов-шувга сабаб бўлган эди.

“КиберХалифалик” янгилик агентликлари ҳисобларига ҳам ҳужум қилиб келади. Февраль ойида гуруҳ ҳакерлари Newsweek нашрининг Twitter ҳисобига ҳужум уюштириб, унга қора байроқ ва жангари суратини юкладилар.

Ўтган ҳафтада эса ўзини “Исломий Давлат ҳакерлик бўлими” деб атовчи гуруҳ ҳакерлари 100 нафар АҚШ ҳарбийсининг исми ва адреси берилган рўйхатни эълон қилиб, жангари гуруҳни қўлловчиларни бу ҳарбийларни ўлдиришга чақирди.

Ҳужумлар ваҳима кўтарган бўлса-да, “Исломий Давлат”ни қўлловчи ҳакерларнинг қобилиятлари ҳақида саволлар кўпайди.

“Исломий Давлат ҳакерлик бўлими” исм ва адресларни АҚШ ҳукумат сайтларини бузиб олганини иддао қилган бўлса ҳам, гуруҳ Пентагон сайтига ҳужум қилгани йўқ. The Daily Beast нашрига кўра, бу “ҳакерлар” айтилган маълумотларни Google қидирув тизими ёрдамида топган, холос.

Нашрнинг хабар беришича, исми рўйхатга киритилган ҳарбийларнинг камида учдан икки қисми ҳақида АҚШ Мудофаа вазирлигининг оммавий сайтларида маълумот берилган.

Мудофаа вазирлиги расмийси Daily Beast билан қилган суҳбатида кўрсатилган адресларнинг баъзилари хато эканини, исми айтиб ўтилган бир ҳарбий эса армияда бошқа хизмат қилмаётганини айтган.

Жоанна Парасюк қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG