Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:35

Мутахассис: “Совуқ мевали дарахтларнинг 60-70 фоиз ҳосилини йўқ қилди”


Март ойининг сўнгги кунларида Ўзбекистонга ёпирилган бир неча кунлик қаттиқ совуқ ва қалин қор кўкариб чиққан сабзавотлар, мевали дарахтларнинг асосий ҳосилини уриб кетди. Олимлар ва ёши улуғ кишилар шу пайтгача баҳор фаслида бундай "табиий офат"ни кўрмаганликларини айтмоқда.

Ким жавобгар?

Мутахассисларнинг айтишларича, Ўзбекистонга совуқ ҳаво оқимининг келиши синоптикларга олдиндан маълум бўлган бўлса-да, ҳукумат бу совуқларга қарши чоралар кўриш ҳақида боғбон ва деҳқонларни расман огоҳлантирмаган.

Деҳқонларнинг айтишларича, агар улар бундай обу-ҳаводан барвақтроқ хабар топганларида, ҳеч бўлмаса экинзорларнинг бир қисмини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилган бўларди.

"Чигитдай бўлган довуччалар қорайиб қолди"

Қўқонлик Дониёрнинг гуллаб ҳосил тугаётган бир гектарга яқин боғини ҳам совуқ урди.

Дониёр ҳар йили бу боғидаги ўрик ҳосилидан 15-20 миллион сўм фойда кўрган.

Дониёр 29 март куни ёққан қор ва сўнгги беш куни орасида совуқ ҳаво ҳароратининг сақланиб туриши оқибатида бу йилги ҳосилидан бутунлай айрилганини айтди:

- Дарахтларимиз худди бошқа жойга кўчириб ўтқазгандай барглари сўлиб қолди. Ўрикларимизнинг чигитдай бўлиб қолган ғўрачалари ҳам қорайиб қолди. Асосан ўрик, олча ва шафтолини совуқ уриб кетди. Гуллаган ва ғўра туккан бари дарахт кетди, дейди Дониёр.

Боғбоннинг айтишича, 5-6 см бўлиб кўкариб қолган картошка, помидор ва атиргулларни ҳам совуқ уриб кетган.

​Дониёр бу йилги тирикчилигини боғидаги дарахтлар орасига экин экиб ўтказишини айтди.

Март охирида қор ёғди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:38 0:00

"Ҳосилнинг 60-70 фоизидан айрилдик"

29 мартдан 2 апрелгача Ўзбекистонда ҳукм сурган совуқ ҳаво оқими минглаб боғ-роғ ва экинзорлар ҳосилини йўқ қилди.

Ўзбекистоннинг шимолий вилоятларида 30 мартдан 1 апрелгача ҳаво ҳарорати минус ўн даражагача тушиб кетгани айтилди.

Андижон ва Фарғона вилоятларида 30 сантиметргача қор ёққани ҳақида фотосуратлар Озодликда эълон қилинди.

Совуқ, айниқса, Ўзбекистоннинг шимолий вилоятларидаги боғлар ва экинзорларга қаттиқ таъсир қилди.

​Озодлик кутилмаган табиий офатнинг қишлоқ хўжалигига таъсирини ўрганиш мақсадида Фарғона вилоятида хизмат сафарида бўлган Ўзбекистон Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий текшириш институтининг мутахассиси, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, олим Абдулла Арифов билан суҳбатлашди.

64 яшар олим Абдулла Арифов баҳор фаслида бундай давомий совуқ бўлишини умрида кўрмаганини айтди:

- Баҳорда илгари ҳам совуқлар бўлиб қорлар ёғиб турган. Лекин бундай узоқ давом этган совуқ бўлмаган, бундай давомийлик бўлмаган. Сўнгги 2-3 сутка давомида қаҳратон қишда қандай бўлган бўлса шундай бўлди. Лекин шунга қарамасдан бугун ҳаво сал илиб дарахтлар қўзғалишга ҳаракат қиляпти, дейди Абдулла Арифов.

Олимнинг тахминига кўра, бу йилги совуқ ўрик, олча, шафтоли сингари мевали дарахтларнинг камида 60-70 фоизини уриб кетган:

- Энди ҳар хил ҳудудда совуқ ҳар хил таъсир қилган дарахтларга. Мен кўп жойларни айланиб чиқдим. Тахминимча, халқимизнинг ризқига яраша ҳеч бўлмаганда 30-40 фоиз қолиши керак. Чунки дарахтларда барибир ҳосилини имкони борича сақлаб қолиш инстинкти бўлади. дейди олим.

Қолган ҳосилни сақлаб қолиш учун олим тавсияси

Боғдорчилик олими қолган меваларни қандай сақлаб қолиш ҳақидаги маслаҳатларини Озодлик тингловчилари билан ўртоқлашди:

- Тошкент вилояти, Фарғона водийсидаги шароитдан келиб чиқиб бир нарсани тавсия этардим. Бу ҳудудда тупроқда намлик даражаси юқори. Бу давомли совуқ дарахтларни жуда катта кризисга учратди. Баъзилар ҳозир дарахтлар тагига сув қўйиш керак дейди. Мен бунга қаршиман. Чунки сув қўйиб дарахтни бўктириб қўйиб, дарахтни яна қайтадан битта стрессга учратамиз. Ундан кўра, дарахтларнинг тагини юмшатиш керак. Бу тупроқнинг қизишини жадаллаштиради. Ана ўшанда дарахтни тикланиш даражаси ҳам тезлашади. Шу менинг тавсиям, деди қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Абдулла Арифов.

Абдулла Арифов билан суҳбатни қуйида тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:06 0:00
Бевосита линк

Зарар кўрган боғбону деҳқонларга ким ёрдам беради?

Ўзбекистонда бу офатдан зарар кўрган деҳқонларга ва боғбонларга ёрдам кўрсатиш масаласи ҳозирча муҳокама этилаётгани йўқ.

Айни пайтда, Ўзбекистонга қўшни Қирғизистон президенти фавқулодда келган совуқдан зарар кўрганларга ҳукумат томонидан ёрдам кўрсатилишини билдиргани ҳақида хабар қилинди.

XS
SM
MD
LG