Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:09

Тожикистонлик собиқ дала қўмондони ТИУПни тақиқлаш лозимлигини айтмоқда


Тожикистон Ислом университети ўқитувчиси Раҳим Каримов (Мулло Абдураҳим).
Тожикистон Ислом университети ўқитувчиси Раҳим Каримов (Мулло Абдураҳим).

Тожикистон Ислом университети ўқитувчиси ва Бирлашган тожик мухолифати дала қўмондонларидан бири Раҳим Каримов Тожикистон Ислом Уйғониш партиясини террористик ва экстремистик ташкилот, деб эълон қилиш ҳамда унинг фаолиятини тақиқлаш лозимлигидан баҳс этди.

Мулло Абдураҳим номи билан танилган Раҳим Каримовнинг бу таклифи 2 апрель куни Душанбе шаҳрида ўтган “Экстремизмга қарши курашда ёшларнинг ички ишлар органлари билан ҳамкорлиги” семинарида янгради.

Раҳим Каримов Тожикистон Ислом Уйғониш партияси (ТИУП) беш йиллик фуқаролар уруши даврида халқ бошига кўп офатлар келишига, саноқсиз аёлларнинг тул, болаларнинг эса етим бўлиб қолишига сабаб бўлган, деб ҳисоблайди. Шунинг учун, унинг фикрича, мазкур партия “террористик ва экстремистик” деб эълон қилиниши ва унинг фаолияти тугатилиши лозим.

Тожикистон Ислом Уйғониш партиясини ёпиш ёки, жилла қурса, унинг номида “Ислом” сўзини олиб ташлашга оид таклифлар Тожикистон президенти мамлакат руҳонийлари билан учрашган 2013 йилдан буён муҳокама этиб келинади.

Жорий йилнинг февраль ойида Рашт туман бош хатиби Абдулҳай Саъдиев мамлакат президентини ТИУП номидан “Ислом” сўзини олиб ташлаш ва уни Тожикистон Уйғониш партиясига айлантиришга чақирганди.

Ўтган ҳафта Жумъа намозида Тожикистоннинг кўплаб масжидларида Марказий Осиёда ягона бўлган бу диний-сиёсий партияни ёпиш таклифи янграганди.

Ўз навбатида, Тожикистон Ислом Уйғониш партияси сиёсий кенгаши партия фаолиятини тақиқлаш зарурлиги ҳақидаги баёнотларни “провокацион” ва “Конституция ва Тинчлик тўғрисидаги битим талабларига зид”, деб ҳисоблайди.

ТИУП вакиллари ўзларининг 1 март кунги баёнотида бу мавзуни кавлаштираверишнинг оқибати “миллат ва давлат учун” яхши бўлмаслигидан огоҳлантирганлар.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси лидери Муҳиддин Кабирий февраль ойи охирида ўтказилган парламент сайловидан кейиноқ Озодликнинг тожик хизматига берган интервьюсида: “Партия тақдирини қонун белгилайди. Биз ўзимизнинг халқ партияси эканимизни ва шундай бўлиб қолажагимизни кўрсатолдик. Бу ишлар партияни ёпиш учун қилинди, деб ўйламайман. ТИУПни ёпиш учун ҳеч қанақа сабаб йўқ”, деган.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда бир ой муқаддам ўтказилган парламент сайловида ТИУП етарли овоз жамғаролмай, биринчи марта парламентга кирмай қолганди. Сафларида 45 минг аъзо борлиги айтиладиган Тожикистон Ислом Уйғониш партияси учунсўнгги сайловда, Тожикистон Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, 1,6 фоиз сайловчигина овоз берган.

Партия раҳбарлари сўнгги йилларда, айниқса, 2013 йилдаги президент сайлови арафасида ва ундан кейин ТИУП тарафдорлари ва уларнинг оила аъзоларига босим кучайиб кетганидан шикоят қилиб келади.

Тўрт йил муқаддам Россия нашрларидан бирида Тожикистон Ислом Уйғониш партияси аъзоларига босим ўтказиш ва уларни таъқиб қилиш бўйича тадбирлар режасини ўзида акс эттирмиш “протокол 32-20” деб номланган ҳужжат эълон қилинганди. Тожик расмийлари бундай ҳужжат ҳақиқатан борлигини рад қилганлар.

XS
SM
MD
LG