Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:37

Қримга киритилмаган ўзбекистонлик Комрон 53 кундан буён чегарада яшамоқда


Комрон Айвазов Қрим чегарасида
Комрон Айвазов Қрим чегарасида

Россияга киритилмаган ўзбекистонлик Комрон Айвазов 53 кундан буён Украина ва Қрим ўртасидаги буфер зонасида қолмоқда. 7 ойлик фарзанди билан Қримда қолаётган унинг рафиқаси Сусанна эрига қўйилган киришга тақиқ устидан шикоят қилиб, Москвадаги барча ФМС идоралари ¸ ҳатто Россия президенти қабулхонасида бўлиб қайтганини Озодликка сўзлаб берди. Россия ҳукуматидан жавоб кутаётган Комрон 10 февралдан буён давлат чегарасида машинасида яшаб келмоқда.

22 ёшли Комрон Айвазов ва Сусанна Сулаймонова 2012 йилда Самарқанддан ўша пайтда Украина таркибидаги она-юрти - Қрим яриморолига доимий яшашга кўчиб ўтди.

Қрим Россия томонидан аннексия қилиниши ортидан кўплаб маҳаллийлар каби, улар ҳам Россия фуқаролигини олиш учун ҳужжат топширди. Бироқ Миграция идораси фуқароликни фақат Сусаннага берди.

Сусанна Сулаймонованинг айтишича, ҳукуматнинг янги талабларига биноан, Ўзбекистон фуқароси бўлган турмуш ўртоғи Комрон шу йилнинг 10 февралида Украина чегарасига бориб қайтмоқчи бўлган:

- Биз уйимизга қайтиб кираётганимизда эримга 2016 йилнинг 11 январигача киришга тақиқ қўйилганини аниқладик. “Сиз Россия фуқароси экансиз, демак бу тақиқни бекор қилишга асос бор. Киришга Москва вилояти ФМС бошқармаси ман этган”, дейишди менга чегарада. Мен Москвага учиб келдим, зарурий ҳужжатларни топширдим, қонун бўйича 30 кун кутдим, жавоб келмади. Москвага иккинчи маротаба келдим. Мен ФМС бош бошқармаси, вилоят бошқармаси, ҳатто Россия президенти маҳкамасида қабулда бўлдим. Эрим Ўзбекистондан қайддан чиқиб кетган, Украина Қримида вақтинчалик яшашга рухсати бор эди. Қабулда бир аёлга “Нега эримга киришга рухсат берилмаяпти?”, десам, “Ахир у Ўзбекистон фуқароси-ку!”, дейди. Нима, ўзбекистонликлар одам эмас эканми?! дея идора ходимларидан жўяли жавоб ололмагани гапириб берган Сусанна.

Суҳбатдош ҳеч қаерда ишламаётгани, қарийб икки ой давомида 7 ойлик ўғли Рамзанни қўшнисига ташлаб, қарзга ботиб, эрига чегарага озиқ-овқат ташиётганини айтади:

- Кoмрон Айвазов ўзи курашчи ва кикбокс устаси бўлиб, 2013 йилда Москвада бўлиб ўтган мусобақалардан бирида иштирок этиб қайтган. Аниқланишича, мусобақада олган жароҳати туфайли у Россиядан белгиланган 90 кун ичида чиқиб кета олмаган ва ФМС “қора рўйхатига” киритилган. Даволаниб чиққан ва Россияни тарк этган Кoмрон ўзи ва юртдошлари хоҳишига хилоф равишда яна Россияга таркибига кириб қолишини етти ухлаб тушида кўрмаган.

Сусанна сўзларича, шу вақт мобайнида чегарада кун кечираётган Кoмроннинг ҳатто ювинишга имкони йўқ. “Сўнгги пайтларда оғир руҳий ҳолатга тушганини пайқаяпман”, дея давом этади у:

Камрон Айвазов 53 кундан бери машинада яшамоқда
Камрон Айвазов 53 кундан бери машинада яшамоқда

- Охирги маротаба у билан телефон орқали суҳбатлашганимизда у “Мен яшашни ҳам хоҳламайман!Ҳаммасидан чарчадим”, деб телефонини ўчириб қўйди. Тасаввур қилинг менинг ҳолатимни! Қандай жисмонан бақувват одамни шу икки ой ичида синдириб ташлашганини ўз кўзим билан кўриб турибман... Олдин ҳар 4 кунда бориб турувдим, энди пул муаммоси бошланганидан бери камроқ олдига қатнаяпман. Энг даҳшатлиси -–бу ноаниқлик қачонгача давом этиши мумкин? Қўшниларим “Нега улар одамни ўз уйига қўймаяпти?”, деб ҳайронда, дейди Сусанна Сулаймонова.

Асли самарқандлик бу аёл Россия ҳукуматига қилган мурожаатидан жавоб топа олмасдан маҳаллий татарларнинг сўнгги ҳимоячисига айланган “АТР” телевидениеси журналистларига хат ёзган.

Куни-кеча Россия ҳукумати томонидан ёпилган "АТР" қримтатар телевидениеси Комрон Айвазовнинг ҳолати тўғрисида ўз охирги лавҳаларидан бирини эфирга узатгани маълум.

Етти кун ўтиб, Москвадан Россия президенти аппаратидан унга жавоб келган. Хатда Сусаннанинг “шикояти ФМС бошқармасига кўриб чиқишга юборилгани” билдирилган:

- Яна қандай асос керак уларга, тушунмаяпман. Украинада бизнинг ҳеч қандай яқинларимиз йўқ. Мен Украина давлатига миннатдорманки, улар эримнинг аҳволини тушуниб, унга яшашга рухсатномасини узайтириб берди. Қизиғи, Украина бизга кўмак беришга, моддий ёрдам беришга тайёр, лекин бизнинг юртимиз, уйимизни Қримдан кўчириб кета олмаймизку! Биз ўзи Самарқанддан бу ерга келдик, энди яна Украинага кўчиб бошқатта ҳн бошлашимиз керакми?! Болам ёш, бўлмасан кўчиб кетардик, дейди Сусанна.

Маълум бўлишича, месхетиялик турклардан бўлган Сусаннанинг момоси уруш йиллари Қримдан Ўзбекистонга депортация қилинган. Худди шу асосда, Украина қонунларига биноан, у Қримда доимий яшашга ва фуқаролик олиш имконига эга бўлган:

- Энди ишга жойлашиб, энди турмушимизни тиклаётган эдик. Россия таркибига кириб қолдик. У ишлаётган база ишламайдиган бўлибди. Янги ҳукумат талаблари бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш давомида Камрон ишсиз юрди. Биз энди умуман усиз қийналяпмиз, у ҳарна бизнинг боқувчимиз эди. Оиламиз бузилиб кетишидан ким манфаат топади? дейди Сусанна Сулаймонова.

Суҳбат сўнгида Сусанна Сулаймонова Озодлик орқали Россия расмийларига мурожаат қилиб, Комронга Қримга киришга рухсат беришларини ўтиниб сўраб қолишини айтди.

...................

2015 йилнинг 16 март куни Россиянинг Қримни аннексия қилганига бир йил тўлди. Бу куни Қрим ярим ороли формасиз Россия ҳарбийлари томонидан ишғол қилингани ортидан ўтказилган референдум воситасида Украина ҳудуди саналган Қрим Россия томонидан аннексия қилинган эди.

Аммо ҳозирга қадар бу референдум ва Қримнинг аннексия қилинишини дунëдаги бирор давлат ва халқаро ташкилот тан олгани йўқ¸ аксинча Россия оккупациясига қарши Ғарб ва ЕИ Кремлга нисбатан кескин иқтисодий санкциялар жорий қилди.

Россиянинг Қримни аннексия қилиб олинишига қарши чиқаётган яриморолнинг туб аҳолиси бўлмиш қримтатарлар ва турклар рус махфий хизматлари босим остида қолаётганини гапирмоқда.

БМТ Бош Ассамблеясининг аксар аъзолари ҳам мазкур референдумни ноқонуний дея баҳолади.

XS
SM
MD
LG