Линклар

logo-print

Тошкентда ўнлаб омонатчининг ҳақига хиёнат қилган банк мансабдорлари ушланди. Расмий вакил фолбинлар қутуриш касаллигини даволашга ожизлигини уқтирди. Самарқандда ер учун 7000 доллар пора сўраган амалдор 10 йилга кесилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Тошкентда совуқ кунларда иситиш тизими панд бермоқда”

Ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетган ва қор ёққан сўнгги ҳафтада Тошкентнинг бир қатор туманларида иситиш тизими панд берди (“Новий век”, 2 апрель).

Масалан, Қорасув даҳасидаги кўп қаватли уйларда иситиш тизими кўнгилдагидек ишламагани сабабли аҳоли совуқдан азият чеккан.

Тошкентлик Мунира Исҳоқовага кўра, у иситиш учун ўз вақтида катта миқдорда пул тўламоқда, аммо монопол мавқега эга “Тошиссиқсувқуввати” ташкилоти талаб даражасида хизмат кўрсатмаётир.

Газета аҳолидан пул йиғишда ғайрат кўрсатаётган иссиқлик идораси сифатли хизмат борасида ҳам шундай ғайратли бўлиши лозимлигини эслатади.

“Ўнлаб омонатчининг ҳақига хиёнат қилган банк мансабдорлари ушланди”

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Юнусобод туманидаги филали бошқарувчиси ўнлаб омонатчиларнинг жуда катта миқдордаги ҳақига хиёнат қилгани фош этилди (“Даракчи”, 2 апрель).

Исми ошкор этилмаган банк мансабдори ҳамкасблари билан жиноий тил бириктириб, банкка хориж валютасида омонат қўйган ўнлаб фуқароларнинг пулларини шахсий бизнес юритиш мақсадида ишлатиб юборган.

Банк бошқарувчиси хизмат вазифасидан фойдаланиб, омонатчиларнинг имзоси ва зарур ҳужжатларни сохталаштирган. Қайд этилишича, Миллий банкнинг Юнусобод тумани бошқарувчиси аввалроқ – Сирғали филиали бошлиғи ўринбосари ва Тошкент шаҳар бош бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимларида ишлаган кезларда ҳам фуқароларнинг пулини сохта ҳужжатлар билан ечиб олиб, ўз бизнесига тикиб юборган.

Маълум қилинишича, суд ушбу ишга алоқадор банкирларга нисбатан адолат ҳукм ўқиган.

“Газ идораси расмийси аҳолини ҳисоблагичлар ўрнатишга чақирди”

“Ўзтрансгаз” ширкати инженер-метрологи Баҳодир Муллажонов уйида газ ҳисоблагичлари бўлмаган фуқароларни ҳисоблагич ўрнатишга чақирди (“Ўзбекистон овози”, 2 апрель).

Газ ширкати мутасаддисига кўра, айни пайтда Ўзбекистон миқёсида ҳисоблагичлар ўрнатилган хонадонлар жами 3,2 миллионтани ёки 71 фоизни ташкил этмоқда.

Маълум қилинишича, ҳозирда “Ўзстандарт” агентлиги синовидан ўтган, Россия ва Хитойда ишлаб чиқарилган G–1,6, G–2,5, G–4, G–6, G–10 русумли ҳисоблагичларини ўрнатишга рухсат берилган.

“Ўзтрансгаз” вакилига кўра, ҳисоблагичлар тикланмайдиган табиий газдан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.

“Ер учун 7000 доллар пора сўраган ҳокимлик мансабдори 10,6 йилга кесилди”

Самарқанд шаҳар ҳокимлигига тегишли уй-жой қурилишини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Аъзам Ҳайдаров ер олди-cотдисида пора олиб келгани учун қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 2 апрель).

Маълум қилинишича, Аъзамжон Ҳайдаров ер сотишда пора олгани етмагандек, фуқароларга сохта ҳужжат бериб, уларни чув туширган.

Бошқарма бошлиғи Ҳайдаров кўплаб ҳолатларда фуқаролардан пул олган. Масалан, Самарқанд шаҳар “Қундузсўфи” маҳалласидан уй ажратиш учун фуқаро Дилбар Кулимовадан 1000 доллар олган.

Фуқаро Исомиддин Саиджоновдан эса Оқдарё ҳудудидан 18 сотих ер ажратиш эвазига 7000 доллар талаб қилган. Мансабдор воситачилар орқали поранинг 6300 долларини олаётганда ҳибсга олинган.

Қайд этилишича, суд бошқарма бошлиғи Аъзам Ҳайдаровга 10,6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган. Жиноят қуроли деб топилган “Спарк” машинаси ҳам давлат ихтиёрига ўтказилган.

“Мутахассис: Фолбинлар қутуриш касаллигидан даволай олмайди!”

Кунлар илий бошлаши билан қутуриш хасталигига чалиниш ҳоллари кўпаяди (“Оила даврасида”, 2 апрель).

Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бўлим бошлиғи Ҳусан Сафаров аҳолини қутурган ҳайвонлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.

Мутахассисга кўра, Ўзбекистонда 95 фоиз ҳолатда қутуриш касаллигини қаровсиз итлар келтириб чиқармоқда. Баъзан эса мол, от, эшак, мушук каби уй ҳайвонлари, кемирувчилар касаллик қўзғаши кузатилмоқда.

“Айрим жабрланганлар тиббий ёрдамга мурожаат этмасдан, турли зиёратгоҳ масканларга, домлалар, ҳатто фолбинларга боришади. Бироқ улардан мутлақо наф йўқ”, дейди Республика санитария-эпидемиология маркази вакили Ҳ.Сафаров.

“Хонанда Лола яна ярим яланғоч либос кийиб, танқид нишонига айланди”

Калта шорти кийгани ҳамда ярим яланғоч либосларда суратга тушгани учун аввалроқ танқидга учраган хонанда Лоланинг навбатдаги либослари яна кескин муҳокамаларга сабаб бўлди.

“Даракчи” нашри хабарига кўра, Лола ўтган ҳафта Райҳон билан дуэт учун олинган клипда яна очиқ либосда ҳозир бўлган. Газета хонанданинг сонини очган ҳолда тушган суратини илова қилган.

“Лола шармандаююю” деб ёзган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилардан бири. Бошқа бири эса “Карочи, бу кундан кунга уятсиз бўвотти” дея изоҳлаган хонанданинг хатти-ҳаракатини.

Аввалроқ Райҳоннинг концертида елкаси ва оёқлари очиқ либос кийиб чиққани учун Лоланинг хулқ-атвори бир қатор мутасадди ташкилотларда муҳокама қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG