Линклар

Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кутилмаганда кескин пасайиши билан бир қаторда бозорларда нарх-наво сезиларли қимматлади. Баҳорда баъзи мева-сабзавот турларининг камайиб қолиши ортидан, айрим маҳсулотларнинг нархи 50 фоиздан дан 200 фоизгача кўтарилиб кетгани айтилмоқда.

Пиёз йўқ

Апрелнинг дастлабки кунларига келиб, пойтахт ва вилоятлар марказлари деҳқон бозорларида пиёзнинг чакана нархи 3 бараварга ошди. Ҳозирда оддий пиёзнинг килосини 3500-4000 сўмга харид қилиш мумкин.

Тошкентнинг “Эски Жўва” бозорида пиёз тақчил. Расталар олдида эса узун навбат. Сотувчиларнинг айтишича, маҳсулот заҳиралари тугаб бормоқда:

-Кам қолган. 1800 сўмдан ошмасин дейишяпти, шунга 5 килогача сотяпмиз битта одамга. Ўшанга почти хеч ким сотмаяпти. Бошқа бозорларда 3000 – 3500 дан сотишяпти экан, - дейди сотувчи Хакимжон.


Деҳқон бозорларида тужжорлар билан сўзлашган мобил мухбирларимизга кўра, нарх ошиши мазкур маҳсулотнинг мавсумий камёблиги билан боғлиқ.

-Ҳали даланинг пиёзи чиққани йўқ. Ҳар йили ҳам шу пайтга келиб бозорларимизда пиёз тортилиб қолади. Шу боисдан нархлар ошиб кетади. Бу йил мамлакатимизнинг пиёз етиштирадиган Сурхондарё, Самарқанд сингари вилоятларидан маҳсулот камроқ келди. Ўртада бир қозоқнинг пиёзи кела бошлаганди, лекин негадир тўхтаб қолди. Май ойига келиб, Сурхондарёдан пиёз кела бошлайди. Шу билан пиёзнинг нархи тушади. Лекин май ойигача 5000 сўмга чиқса керак, - дейди “Чорсу” бозорида пиёз сотаётган Мирзабой ака.

“Ўзмевасабзавотузумсаноат” холдинг компанияси мулозими “Озодлик” билан микрофонсиз суҳбатда Қозоғистондан пиёз импорти тўхтаб қолгани сабабларига тўхталди.

“Қозоғистондан мамлакатимизга 35 минг тонна пиёз импорт қилиш бўйича шартнома имзоланганди. Мазкур шартнома бажарилди, яъни шунча миқдордаги пиёз Ўзбекистон бозорида сотиб бўлинди. Аммо кейинги шартномаларни имзолаш ҳукумат томонидан ҳозирча маъқуллангани йўқ. Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги орқали импортга ажратилган маблағни конвертация қилиш билан боғлиқ муаммолар бор ”, дейди холдинг компания вакили.

Ҳолбуки, Қозоғистон пиёзи деҳқон бозорларида ташкил қилинган “Элга хизмат” бурчаги орқали 2000-2500 сўмдан сотилаётганди.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ахборот-таҳлил маркази ходими “Озодлик” мухбирининг пиёз тақчиллиги билан боғлиқ вазият борасидаги саволини изоҳлашни хоҳламади.

Янги картошка – 10 000 сўм

Расталардан тортилган яна бир маҳсулот - бу картошка. Гарчи уни харид қилиш учун навбатлар йўқ бўлса-да, баъзи расталарда картошкани бир одамга чекланган миқдорда сотишмоқда. Харидорлардан бири бунинг сабабини қуйидагича изоҳлайди:

-Янги картошка сотувга чиқди, лекин ҳали кўп эмас. Картошканинг бир килосини 10 000 сўмдан сотиб олишга мажбур бўлаяпмиз. Эски картошка бундан буён камаяди, нархи эса ошади.

Айрим товарларнинг сотув нархлари

(Эски Жўва Бозори)

Мол гўшти, 1 кило, суякли: 25 000 сўм;

Мол гўшти, 1 кило, лаҳм: 31 000 – 33 000 сўм;

Қўй гўшти, 1кило: 26 000 – 27 000 сўм;

Картошка, 1 кило: 1 800 – 2 200 сўм;

Сабзи, 1 кило: 1 000 – 1 200 сўм;

Пиёз, 1 кило: 1 800 – 4 000 сўм

Ун, 1 кило ("Олтин дон", Қозоғистон): 3 000 – 3 200 сўм;

Ўсимлик ёғи, 1литр ("Золотая семечка", Россия): 7 200 сўм;

Гуруч, 1 кило: 6 000 – 11 000 сўм;

Тухум, 1 дона: 300 – 420 сўм;

Сарёғ, 1 кило. (маҳаллий): 6 000 – 8 000 сўм;

Памидор, 1 кило: 8 000 – 12 000 сўм;

Бодринг, 1 кило: 7 000 – 8 000 сўм;

Кўкатлар, 1 дона боғ: 1 500 сўм;

Тандир нон, 1 дона: 1 200 – 4 000 сўм.

“Қора бозор”да доллар курси кескин кўтарилди

2 апрель куни тушдан сўнг Ўзбекистон пойтахтидаги “қора бозор”ларда АҚШ валютасининг сўмга нисбатан қиймати кескин кўтарилди. 1 АҚШ доллари тушдан сўнг 4500 сўмга харид қилина бошланди.

Тошкентнинг Олой бозорида саррофлик қилаётган Искандарга кўра,100 АҚШ долларининг харид нархи 450 000 сўмни, сотиш нархи 460 000 сўмни ташкил қилмоқда.

“Тушдан кейин қандайдир паника бошланди. Эрталаб 4150 сўмдан олаётгандик. Катта валютчиклар олаётганини кўриб, биз ҳам ола бошладик. Вилоятлар билан гаплашиб турибмиз, Қўқонда, Деновда ҳам шу гап. Ким билади, эҳтиёт бўлиб турибмиз, эртага нима бўлади билмаймиз”, дейди Искандар “Озодлик” мобил мухбирлари билан суҳбатда.

Саррофлар валюта курсининг кескин ўзгаришини изоҳлай олишмаяпти. Аммо таҳлилчиларга кўра, бу мутлақо кутилган ҳол бўлиб, Ғарбнинг Россияга нисбатан қўллаётган санкциялари ва унинг Россия орқали Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётига таъсири билан боғлиқдир. Аммо айрим таҳлилчилар валюта курсининг бугунги сакрашини вақтинчалик ҳолат, деб аташмоқда.

Ўзбекистон Марказий банки 31 мартда хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги рaсмий курсини белгилаган эди. Ўшанда 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 2 минг 490 сўм 20 тийин деб кўрсатилган. Ўша вақтда Ўзбекистоннинг “қорa бозор”лaридaги реaл курс 4050-4150 сўмгa тенг эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG