Линклар

Обама Эрон ядровий дастури бўйича муросани “тарихий" деб атади


Эрон ва дунёнинг олти етакчи давлати Швейцарияда ўтказилган музокараларда Теҳрон ядровий дастурини чеклаш юзасидан 30 июнда имзоланадиган шартноманинг “асосий параметрлари" борасида муросага келди. АҚШ Президенти Барак Обама муросага эришилганини олқишлаб, уни “тарихий англаш" дея баҳолади.

8 кунлик музокара натижасида эришилган келишув

Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Эроннинг бaҳсли ядровий дaстури бўйичa саккиз куну-тун давом этган хaлқaро музокаралар натижаси 2 апрель куни кечқурин эълон қилинди.

Саккиз кунлик сўзлашувлар натижасида Теҳрон ядровий дастурини чеклаш юзасидан ёзда ўтказилиши режаланган шартноманинг “асосий параметрлари” борасида муросага эришилди.

Пайшанба куни ўтказилган матбуот анжуманда АҚШ Президенти Барак Обама ушбу муросани “тарихий англаш” натижасида эришилган “асосий мақсадларга мос бўлган” “фойдали келишув” дея атади.

- Биз кўп йиллик қатъий принципиал дипломатия натижасида ушбу келишувга эришдик. Бу фойдали келишув. У бизнинг асосий мақсадларимизга жавоб беради. Ушбу келишув Эроннинг ядровий қуролни ривожлантириш йўлларига барҳам беради, - деди Барак Обама.

Европа Иттифоқининг ташки сиёсат бўйича мутассаддиси Федерика Могерини ҳам мазкур келишувни “Эрон ядровий дастурини тўхтатиш йўналишидаги қатъий қадам", деб атади.

Могерининг айтишича, эришилган келишувга кўра, Эронда уранни бойитиш қуввати пасайтирилади ва бу иш билан шуғулланиб келган ташкилот ядро физикаси тадқиқот марказига айлантирилади. Эронда бойитилган ураннинг муайян қисми эса Теҳрондан қабул қилиб олинади. Бунинг эвазига эса АҚШ ва Ғарб давлатлари Эронга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилади. Лекин бунинг учун БМТ ва Жаҳон атом энергияси ташкилоти Эрон ўз мажбуриятларини бажараётганини тасдиқлаши керак бўлади.

​Теҳрон ядровий дастурини халқаро санкциялар юмшатилиши эвазига қисқартириш мaсaлaсидаги музокаралар 31 мaрт куни якунлaниши режаланган эди. Бироқ Эрон вa дунёнинг олтитa қудрaтли дaвлaтлaри рaсмийлaри ягонa келишувгa эришa олмaгач, музокаралар яна икки кун давом этди.

Музокараларда Эрон делегациясидан ташқари Франция, Британия, Германии, АҚШ, Россия ва Хитой дипломатлари иштирок этган.

Ғарб Эронни ядровий қурол яратишга уринаётганликда айблаб келаётган эди. Эрон эса ўз ядровий дастури тинчлик мақсадларини кўзлашини билдирган.

Эрон билан эришилган келишувнинг беш муҳим шарти:

Ядро қуроли яратиш учун керак бўладиган муддат

2 апрель куни АҚШ тарқатган маълумотномага кўра, кейинги ўн йил давомида Эрон атом бомбаси яратиш учун етарли ядро ёқилғиси яратишдан камида бир йил йироқ туришга рози бўлган.

Ҳозирда Эрон уранни ядровий қурол яратиш учун етарли бўладиган даражага бойитиши учун икки-уч ой муддат керак бўлиши айтилади.

Қурол-яроғни назорат қилиш бирлашмасининг Ядровий қуроллар тарқалиши олдини олиш бўлими директори Келси Давенпорт келишувда белгиланган шартларни “жуда кучли” деб баҳолади.

Давенпорт Озодлик радиоси билан қилган суҳбатида “Бу келишув Эроннинг уран ёки плутоний ишлатиб қурол тайёрлашининг олдини олади. Бундан ташқари, жорий қилинадиган кучли назорат мабодо Эрон келишувга амал қилмайдиган ёки яширин дастур бошлайдиган бўлса буни дарҳол аниқлаш имконини яратади”, – деди.

Центрифугалар

Центрифугалар ёрдамида уранни энергия ишлаб чиқариш, тиббий ёки илмий изланиш олиб бориш ҳамда ядровий қурол яратиш учун бойитиш мумкин.

2 апрель куни эълон қилинган келишувга биноан, Эрон ўз центрифугалари сонини 19 мингдан 6104 га озайтириши керак. Эрон бу центрифугаларнинг 5060 тасидан кейинги ўн йил давомида уранни бойитиш учун фойдаланиши мумкин.

6104 центрифуганинг барчаси IR-1 моделидаги биринчи авлод мосламалар бўлиши зарур. IR-1 центрифугалари янги моделларга солиштирганда анча самарасиз ишлайди.

Ошиқча ценрифугаларни Халқаро атом энергияси агентлиги назорат қилиб туради.

Уранни бойитиш

АҚШ тарқатган маълумотномада ёзилишича, Эрон уранни ядровий қурол учун керак бўладиган даражагача бойитмасликка ҳамда ҳозир мамлакатда сақланаётган 10 тонна оз бойитилган уран миқдорини озайтириб, кейинги 15 йил давомида уни 300 килограммдан оширмасликка рози бўлган.

Келишувга биноан, кейинги 15 йил давомида Эрон уранни бойитиш учун янги иншоот қурмайди.

Бундан ташқари, Эрон Натанз уранни бойитиш иншоотида янги авлод центрифугаларни ўрнатмасликка, аввал ўрнатилганларини эса Халқаро атом энергияси агентлиги назоратига топширишга рози бўлган.

Назорат

Эрон мамлакатдаги барча ядровий иншоотларни Халқаро атом энергияси агентлиги мунтазам назорат қилишига рози бўлди. Бундан ташқари, Халқаро атом энергияси агентлигига уран конларини ҳамда ядровий дастурга алоқаси бор иншоотларни назорат қилиб туриш ҳуқуқи берилди.

Теҳрон яна Халқаро атом энергияси агентлигига мамлакатдаги ядровий дастурга алоқаси бор “шубҳали ерларни ёки улар ҳақидаги иддаоларни” текшириш имконини бериш мажбуриятини олди.

Британиялик мутахассис Марк Фицпатрик эришилган келишув кучли назорат қилиш имконини яратишини айтди.

Озодлик радиоси билан суҳбатда Фицпатрик “Агар Эрон бирор нимани яширмоқчи бўлса, келишув буни аниқлаш имконини яратади, сабаби келишилган параметрларда Халқаро атом энергияси агентлиги назоратидан ташқари бошқа текшириш йўллари ҳам белгиланган”, – деди. Фицпатрикнинг айтишича, келишувга биноан Эрондаги центрифуга ишлаб чиқариш ва сақлаш иншоотлари ҳамда ядровий дастур учун лозим хомашё ва мосламалар ҳам текшириб турилади.

“Халқаро атом энергияси агентлигининг келишувларида бундай чоралар аввал ҳеч белгиланмаган эди”, – деб қўшимча қилди Фицпатрик.

Санкциялар

АҚШ тарқатган маълумотномада айтилишича, агар Эрон “ўз мажбуриятларига амал қилса” мамлакатга қарши жорий қилинган санкциялар бекор қилинади.

Эрон ўз ядровий дастури бўйича барча муҳим хавотирларни бартараф қилиш учун мажбуриятларини бажарса, АҚШ, Европа Иттифоқи ва БМТ Хавфсизлик кенгаши жорий қилган санкциялар тўхтатилади.

Мабодо Эрон ўз бўйнига олган мажбуриятларини бажармаса, АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари автоматик равишда қайта тикланади. Агар келишмовчиликларни ҳал қилишнинг иложи бўлмаса, БМТ Хавфсизлик кенгаши санкциялари ҳам қайтадан жорий қилиниши мумкин.

АҚШ томонидан “терроризм, инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳоллари ҳамда баллистик ракеталар” бўйича жорий қилинган санкциялари бекор қилинмайди.

Давенпорт келишув амалга оширилганидан кейин Эронга қарши жорий қилинган санкциялар тез суратда бекор қилинишини айтди.

Давенпорт баъзи санкциялар, жумладан, АҚШ ва БМТ жорий қилган санкциялар кейинроқ бутунлай бекор қилинишини қўшимча қилди. Бунинг учун Эрон Халқаро атом энергияси агентлигининг айрим масалалар бўйича хавотирларини бартараф қилиши керак. “Аммо яқин келажакда келишилган параметрлар асосида баъзи санкциялар бекор қилинади” – деди Давенпорт.

XS
SM
MD
LG