Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:06

Андижоннинг ўн йиллик депутат ҳокимига жиноят иши очилди


Андижон шаҳар ҳокими Нурилло Алимов халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган сессиясида депутатлик мақомидан маҳрум қилиниб, вазифасидан озод қилинди. Шаҳар ҳокими, Озодлик манбаларига кўра, бир қатор иқтисодий жиноятларда айбланмоқда.

Андижон шаҳар ҳокими Нурилло Алимов 1 апрель куни халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган учинчи сессиясида депутатлик мақомидан маҳрум қилиниб, ишдан олинди.

Сессияни вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов олиб борган.

Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг сессиясида қатнашган Озодлик манбасининг айтишича, вилоят прокурорининг тақдимномасига кўра Алимов депутатлик мақомидан маҳрум қилинган:

“Сессия кечқурун соат 8га чақирилди. Вилоят прокурори сессия кун тартибига шаҳар ҳокимини депутатлик мақомидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритгани эълон қилинди. Сўнгра сессия депутатлик мақоми тўғрисидаги Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ, депутатлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга нисбатан жиноят иши очилишига рухсат берилди. Мажлиснинг ўзида шаҳар ҳокими вазифасидан озод этилди”, деди манба.

Сессия давомида, манбага кўра, ҳокимнинг хотини жанжал кўтарган:

“Сессия бўлиб турган пайтда, Нурилло Ғуломовичнинг хотини келиб “эрим жиноятчимас”деб роса бақир-чақир қилди, тўполон бўлди. Кейин милиционерлар уни судраб ташқарига олиб чиқиб қўйишди”, деди манба.

Манбага кўра, ҳоким мансабини суиистеъмол қилиш, пора олиш, жиноий гуруҳ тузиш, давлат объектларини ноқонуний сотиш, ер сотиш каби иқтисодий жиноятларда айбланган.

Андижон вилоят прокуратурасининг исмини очиқламаган мулозими собиқ ҳоким Нурилло Алимов устидан жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлади. Мулозим ҳокимнинг ҳибсга олинган ёки олинмагани ҳақидаги саволга жавоб бермади.

Илгари чим устида хоккей федерациясининг вице президенти бўлиб ишлаган Нурилло Алимов қарийб ўн йилдан буён Андижон шаҳар ҳокими бўлиб келган.

Бундан қарийб бир йил аввал Андижон шаҳар прокурори Азизбек Маматхўжаев Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг вилоят бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди. Озодлик манбасига кўра, прокурор Маматхўжаев ҳам пора олганликда айбланмоқда.

Сўнгги пайтда Ўзбекистонда туман ва шаҳар ҳокимларининг, прокуратура ва милиция бошлиқларининг кетма-кет ҳибсга олиниши кузатилмоқда.

Ўтган йилнинг 19 апрель куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани ҳокими Панжи Тангриев МХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ҳибсга олинди.

2013 йилнинг декабрь ойида Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокими Ҳусниддин Жўраев ҳибсга олинган эди.

XS
SM
MD
LG