Линклар

logo-print

Тошкент ҳокими пойтахтни имло хатолари ва номақбул суратлардан тозалашга қарор қилди


Ўзбекистон кўча-кўйларидаги ëзувлардан бирида ер сўзи¸ эр деб ëзилгани ортидан¸ бутун эълон бошқа маъно ташимоқда.

Ўзбекистон кўча-кўйларидаги ëзувлардан бирида ер сўзи¸ эр деб ëзилгани ортидан¸ бутун эълон бошқа маъно ташимоқда.

Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг 2 апрель куни “Тошкент оқшоми” расмий нашрида эълон қилинган қарорига кўра¸ пойтахт кўчаларига осилган расмий ва норасмий ëзувлардаги турли хатоликлар¸ қолаверса "ўзбеклар маънавиятига зид" деб таснифланган сурат ва рекламаларни тартибга солиш кампанияси бошланди.

Хатоларни тузатиш ҳақида хато билан берилган қарор

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий нашри бўлган “Тошкент оқшоми” газетаси сайтида эълон қилинган янги қарор сарлавҳаси қуйидаги шаклда ëзилган:

“Тошкент шаҳар ҳокимининг ҚАРОРИ:

ТОШКЕНТ ШАҲРИ КЎЧАЛАРИ, БИНО ВА ИНШООТЛАРИДАГИ РЕКЛАМА, ЭЪЛОН ВА ТУРЛИ АХБОРОТЛАРНИ ТАРТИБГА КЕЛТИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎўРИСИДА"

Расмий матн давомида Тошкент шаҳар ҳокими Рахманбек Джахангирович Усманов (ҳокимнинг исм-шарифи расмий ҳужжатларда шундай қайд этилади – таҳр.):

“Тошкент шаҳар кўчалари, хиёбонлари, бино ва иншоотлари, ёритиш устунлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига жойлаштирилган айрим реклама, эълон, ёзув ва турли ахборотларни ўрганиш жараёнида орфографик хатолар билан ёзилаётганлиги, уларда иккиламчи ва маънавиятимизга зид маънолар келиб чиқаётганлиги, «Давлат тили тўғрисида»ги, «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги ва «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган талаблар бузилаётганлигини инобатга олиб”¸ ҚАРОР қабул қилганини билдиради.

Қарорда пойтахт ҳокими қатор давлат тизимлари иштирокида тузилган ишчи гуруҳларига Тошкент кўчаларидаги реклама¸ эълон ва ахборот¸ қолаверса суратларни тартибга солиш вазифасини юклайди.

Қарор ташаббусчиси – президент

Ўзбекистонлик журналист Шароф Убайдуллаевнинг Озодликка айтишича¸ Тошкент шаҳар ҳокимининг кутилмаганда “Давлат тили тўғрисида»ги, «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги ва «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган талаблар бузилаётганига эътибор қаратиб қолгани Ислом Каримовнинг сайловолди юришлари билан боғлиқ:

- Муҳтарам президентимиз сайлов муносабати билан республикани айланганида жуда кўп йўл¸ кўчаларда шиорларнинг кўпдан-кўп ортиқча сўзлар¸ айниқса саводсиз ëзилиш билан кўзга ташланиб тургани борасида танбеҳ берган. Бу танбеҳлар ҳозир одамларнинг қулоғида юрибди. Бу таклиф президентимиздан чиққан¸ мен бу ҳақда аниқ маълумотга эгаман. Тошкентдан сиз Самарқандгача бир бориб кўринг¸ шиорларнинг 90 фоизи хато ëзилган. Ë вергули йўқ¸ ë ундов йўқ керакли жойда¸ айниқса¸ тире деган нарсанинг йўқлигига умуман бу имло хатоси эмас¸ деб қаралади. Бир мисол¸ президентнинг илк мустақил китоби “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” деб аталади. Кўп жойларда бу тиресиз ëзилади ва бу шиор мазмунини бузади¸ дейди журналист Шароф Убайдуллаев.

Бутун Ўзбекистон бўйлаб кенг тарқаб кетган ўзбек тилидаги шиорлар¸ реклама ва эълонлардаги қўпол хатолар муаммоси билан Тошкент шаҳар ҳокими шуғуллана бошлаганини олқишлаган журналист¸ халқ бойлиги бўлган тилни бузиш орқали даромад қилаëтганларни тартибга солиш пайти аллақачон келганини таъкидлайди.

Кўча ëзувларидаги хатоликлар – жамият савод даражаси аксидир

Мустақилликдан аввал ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши учун курашган тилшунос олимлардан бири Бахтиëр Исабеков нафақат кўча ëзувлари¸ балки расмий идора ва ҳужжатлар тилидаги имло хатолари аслида ўзбек тилининг давлат тили мақомига кўтарила олмагани ифодаси эканини айтади.

Олимга кўра¸ Ўзбекистон мустақил бўлганидан бери ўз болаларини рус мактабларига юбораëтган оилалар сони муттасил ошиб бормоқда ва бу аҳолининг ўзбек тилидаги саводхонлик даражаси кескин пасайиб кетишига сабаб бўлмоқда:

- Бунақа хатолар жуда катта жойларда кетаяпти. Бу умуман адабий тилга бўлган умумий муносабатни билдиради. Биз тил учун курашган пайтимизда¸ ўзбек тили қўпол тарзда давлат тили бўлсин¸ демаганмиз. Биз ҳозирги замон талабларига жавоб бера оладиган¸ бошқа адабий тиллар билан бир сафда тура оладиган тил бўлсин¸ деб ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини талаб қилганмиз. Орадан 25 йилдан кўпроқ вақт ўтиб ўзбек адабий тили давлат тили мақомига кўтарила олгани йўқ. Чунки аксар ўзбекистонликлар ўз келажагини ўзбек тилини мукаммал билиш эмас¸ рус ва бошқа хориж тилларини ўрганишда кўраяпти. Реклама ва эълонлар эмас¸ давлат ҳужжатларини ëзаëтган мутахассисларнинг кўпи рус тилида ўқиган ва ўзбекча саводи йўқ ҳисоби¸ дейди тилшунос олим Бахтиëр Исабеков.

Тошкент шаҳар ҳокими қарорини кимлар¸ қандай ижро қилади?

Пойтахт ҳокими қарорига уни ижро этиш юзасидан қатор давлат ва жамоат тизимларининг Тошкентдаги бошқармалари иштирокида ишчи гуруҳ тузиб¸“реклама, ахборотлар, ёзувлар ва номларнинг матнлари ҳамда дизайнини ўрганиб чиқиб, камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш” ҳақидаги бандлар киритилган.

Лекин кўча ëзувларидаги хатоларни ким¸ қайси муддатда тузатадию¸ тузатилмаган ëки янгидан йўл қўйиладиган хатолар учун қайси қонун асосида қандай жавобгарликка тортилишига ойдинлик киритилмаган.

Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Озодликнинг бу ҳақдаги саволларига жавоб беришни пайсалга солди.

Қарорда тилга олинган пойтахтдаги айрим тизимлар эса¸ Озодлик билан суҳбатда¸ ҳозирча бу қарордан бехабарликларини билдирдилар.

Тилшунос олим Бахтиëр Исабеков таъкидича¸ миллий конституциясидан тортиб¸ “Давлат тили тўғрисида”ги қонунларга қадар амалга ошмай келаëтган Ўзбекистон шароитида шаҳар ҳокими қарорининг рисоладагидай ижро этилишини кутишга асослар йўқ ҳисоби:

- Қарор қабул қилинади¸ яхши деб табриклаймиз¸ лекин у амалга ошмагандан кейин унинг аҳамияти нимада? Мен бу қарорнинг ижро этилишига ишонқирамай турибман. Масалан¸ дейлик¸ мен ўз дўконимдаги ëзувларда хатога йўл қўйган бўлсам¸ менга нисбатан қандай чора қўлланилади? Ҳозирги ўзбек қонунчилигида бунинг учун жавобгарлик йўқку! Қарорни ижро этишга асос бўлувчи қонуний механизм йўқ ҳолда қандай қилиб ҳоким вазиятни тартибга солади? дейди тилшунос олим.

Ижрочилар рўйхати:

Тошкент шаҳар ҳокими қарорида “ТОШКЕНТ ШАҲРИ КЎЧАЛАРИ, БИНО ВА ИНШООТЛАРИДАГИ РЕКЛАМА, ЭЪЛОН ВА ТУРЛИ АХБОРОТЛАРНИ ТАРТИБГА КЕЛТИРИШ “ учун масъулият туман ҳокимлари¸ шунингдек Ички ишлар бош бошқармаси, Давлат солиқ бошқармаси, Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, Ободонлаштириш бош бошқармаси, Савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси ва халқ истеъмол моллари департаменти, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва мутасадди ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари” зиммасига юклатилган.

Бундай хатоликка барҳам берувчи туман ҳокимлари орасида:

Олмазор тумани ҳокими Гаибназаров Боходир Рыхсиалиевич¸

Бектемир тумани ҳокими Махаметов Сарвар Ташматович¸

Учтепа туман ҳокими Досмухамедов Абдужамил Абдусаторович¸

Яккасарой тумани ҳокими Салихов Акром Хаджиакбарович¸

Миробод тумани ҳокими Кадиров Шарафиддин Тахирович¸

Шайхонтоҳур тумани ҳокими Миркасимов Мирагъзам Миразадович¸

Яшнобод тумани ҳокими Хакимов Фаррух Иркинович¸

Юнусобод тумани ҳокими Азимджанов Шавкат Джураевич бор.

(ҳокимларнинг исм-шарифлари Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ўзбек тилидаги расмий сайтидан айнан кўчирилди –таҳр.)

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG