Линклар

logo-print

ЎИҲ тополмаётган Мулла Умарнинг ҳасби ҳоли ёйинланди


Толибон пешвоси Мулла Умар.

Толибон пешвоси Мулла Умар.

Афғонистондаги толиблар зоҳидона турмуш тарзи билан танилган ўз пешволари Мулла Умар ҳаётига оид ҳужжат ёйинлади. Ғарблик таҳлилчилар Толибон лидерининг таржимаи ҳоли айрим мужоҳидлар бошқа гуруҳ ва ташкилотлар сафига ўтиб кетаётган пайтда ёруғ кўрганига эътибор қаратмоқдалар.

Ҳозирда Мулла Умар аллақачон дорилбақога риҳлат қилган бўлиши мумкинлигига оид гап-сўзлар урчиган. Бу каби мулоҳазалар Ўзбекистон Исломий Ҳаракати вакиллари томонидан яқинда тарқатилган баёнотдан ҳам ўрин олганди.

Аввалроқ ўзини Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сўзчиси ўлароқ тақдим этган шахс Озодликка ҳаракат амири Амир Усмон Ғозийнинг овозли файл тарзидаги баëнотини етказган. Унда овоз соҳиби ЎИҲ Мулла Умардан масофаланганини таъкидлаган ва ИШИДни олқишлаган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати амири Усмон Ғозийга нисбат берилган овоз мазкур баëнотда Толибон раҳбари Мулла Умарнинг тириклигини шубҳа остига олган ва унинг номидан иш олиб бораëтганлардан масофаланганлигини таъкидлаган:

"Мулла Муҳаммад Умар соҳибнинг дарагини ўтган 13 йил мобайнида топа олмаганмиз", дея таъкидлаган хатибга кўра, "Мулла Умар бедарак ҳукмидадир ва бедарак ҳукмида бўлган ғойиб киши шариатга кўра, мусулмонларга амир бўла олмайди".

Мулла Умар ҳаётига оид 5 минг сўздан иборат ҳужжат 5 апрель куни эрталаб Толибоннинг асосий интернет сайтида унинг Афғонистон толиблари раҳбари этиб тайинланганининг 19 йиллиги муносабати билан пайдо бўлди.

Толиблар лидери 1960 йили Қандаҳор вилоятида туғилган. Таржимаи ҳол қаҳрамони Ҳўтак қабиласининг Томзи уруғига мансуб эканидан баҳс этади. Унда ёзилишича, Мулла Умарнинг отаси Мавлавий Ғулом Наби кўпчилик ҳурмат қилган жамоат арбоби ва закий одам бўлган ҳамда у Умар беш ёшга кирганда оламдан ўтиб кетган. Ота вафотидан кейин оила Ўрузғон вилоятига кўчиб ўтган.

Китобда Мулла Умар мадраса таҳсилини олгани айтилади, бу эса “у хат-саводи йўқ, оми одам” деган таъкидларга зиддир. Толибон раҳбари Афғонистонга совет қўшинлари бостириб кирганидан кейин ўқишни ташлаб кетгани урғуланади.

Ҳужжатда келтирилган маълумотлар ичида Мулла Умарнинг севимли қуроли РПГ-7 гранатомёти эканига оид қайдлар ҳам бор.

Сўнгги 13 йил ичида Мулла Умар айнан қаерда яшаётгани ҳақида бирор-бир ишончли маълумот пайдо бўлган эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG